Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг янги амалиёти жорий этилади
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда маъруза билан чиқиб, уни концептуал асослаш ҳамда депутатлар олдида ҳимоя қилиш вазифаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакилига юклаш таклиф этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда парламент қуйи палатасига киритилди.
Парламент сайтида ёзилишича, амалдаги қонунчиликка кўра, қонун лойиҳаси ваколатли ташаббускор идора томонидан Қонунчилик палатасига киритилганидан сўнг уни музокараларга тайёрлаш ҳамда биринчи ва кейинги ўқишларда парламент аъзолари олдида ҳимоя қилиш депутатлар томонидан амалга оширилади. Бу ташаббускор идораларнинг сифатли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги масъулиятининг сусайишига, натижада, баъзи ҳолларда Қонунчилик палатасига тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга бўлмаган, амалдаги қонун ҳужжатлари талабига мос келмайдиган қонун лойиҳаларининг кириб келишига сабаб бўлмоқда.
- Қонун ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қонун лойиҳаси тақдирига масъулиятсизлик билан ёндашиши ўз навбатида унинг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда, - дейди Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов. - Ўтган беш йил давомида Қонунчилик палатаси томонидан 627 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилган бўлиб, лойиҳаларнинг 60-70 фоизи Қонунчилик палатасида қайта ишланмоқда. Бунда қонун лойиҳаларини кейинги ўқишларга тайёрлашда депутатлар томонидан кўп вақт ва ресурс сарфланиб, парламент аъзоларининг сайловчилар билан ишлаш ҳамда парламент назоратини ташкил этиш билан боғлиқ фаолиятига салбий таъсир ўтказмоқда.
Айни пайтда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланаётган қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Унга кўра, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда маъруза билан чиқиб, уни концептуал асослаш ҳамда депутатлар олдида ҳимоя қилиш вазифаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакилига юклаш таклиф этилмоқда.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши қонун лойиҳаларини тайёрлашда ташаббускор идораларнинг масъулияти ошишига, қонун лойиҳалари сифатининг яхшиланишига, ташаббускор идора вакили қонун лойиҳасининг аҳамиятини депутатлар олдида асослаб бера олмаган ҳолларда лойиҳани кўриб чиқишни рад этиш амалиётининг кенгайишига хизмат қилади, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
17:55 / 09.06.2026
«Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади
11:57 / 17.05.2026
Оқбўйрадаги портлаш юзасидан Қонунчилик палатаси депутати вазирликка сўров жўнатди
19:32 / 15.05.2026
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
11:42 / 18.03.2026