Жамият | 15:59 / 07.06.2020
20600
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда коронавирусга чалинган ҳомиладор аёл фарзандли бўлди. Туғруқ жараёни етти соат давом этди

Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасида коронавирусга чалинган ҳомиладор аёл фарзандли бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, туғруқ жараёни 7 соат вақт давом этган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Коронавирус инфекцияси аниқланиб, ушбу туғруқ мажмуасига олиб келинган бешариқлик ҳомиладор аёл Г. фарзандли бўлди. Жигар етишмовчилиги билан хасталанган 21 ёшли аёл жорий йил 19 май куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан чартер рейс орқали Тошкентга олиб келинган ва карантинга олинган эди.

Унда ҳомиладорлик биринчи ярми енгил даражадаги токсикоз билан кечган. Сўнгги икки ҳафта давомида эса оёғида шишлар, нафас сиқиши, ҳансираш, бурун битиши, томоқ қичишиши, таъм ва ҳид билиш сезгилари йўқолиши, тери сарғайиши бошланган. Ундан олинган таҳлил натижаларига кўра, аёлда коронавирус аниқланиб, мазкур 3-сонли туғруқ мажмуасига олиб келингач, биринчи навбатда, таҳлиллар олинди, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. 

Унда малакали шифокорлар, жумладан, акушер-гинеколог, эпидемиолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист-гепатолог, неонатолог каби қатор мутахассислар иштирок этиб, зарур ва тезкор даво муолажалари олиб борилди», дейилади вазирлик хабарида.

6 июнь куни ҳомиладор аёлда туғруқ бошланиб, туғруқ жараёни 7 соат давом этган. Туғруқнинг иккинчи даврида аёлда нафас етишмовчилиги, ҳолсизлик, қон босимини кескин кўтарилиши каби белгилар кучайиб, жараён намланган кислород бериш остида олиб борилган.

«Шунга қарамай, тажрибали шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳомиладор аёл ўғил фарзандли бўлди. Энг муҳими, туғруқдан кейинги даврда аёлнинг ҳаётига хавф солувчи асоратлар кузатилмади. 

Янада қувончлиси эса, чақалоқдан коронавирусга олинган таҳлил натижалари ёш мурғакда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Айни пайтда чақалоқнинг ҳолати қониқарли бўлиб, онаси билан бирга шифокорларнинг тиббий кузатувида бўлиб туришибди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид