Чартер рейс орқали қайтаётганлар орасида вирусга чалинганлар бўлса, у самолёт салонидаги барчага юқиши мумкин - авиация муҳандиси
Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган авиация муҳандиси Равшан Суннатиллаевнинг айтишича, чартер рейслар орқали Ўзбекистонга қайтаётганлар орасида кимдир вирусга чалинган бўлса, самолётнинг кондиционер тизими орқали салондаги барча йўловчилар касалланиши мумкинлигини айтди.
“Бошқа давлатларда қолиб кетган, чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинишини кутаётган ҳамюртларимиз касаллик юқмаслиги учун барча хавфсизлик чораларини кўришлари лозим. Яъни самолёт бортига чиқишдан аввал тиббий ниқоблар, кўзойнаклар ва қўлқопларни тақиб олиш, иложи бўлса, кийим устидан махсус комбинезонларни кийиб олишлари тавсия этилади. Тўғри, бир неча соатлик парвоз давомида бундай ҳолатда ўтириш осонмас, лекин чидаса бўлади.
Бундай деяётганимнинг сабаби, борди-ю хориждан олиб келинаётган юртдошларимизнинг орасида кимдир коронавирусга чалинган бўлса, вирус самолётнинг кондиционер тизими (Air condition system) орқали бутун салонга тарқалиши, натижада ҳеч қандай инфекцияга чалинмаган одамлар ҳам касалликни осонгина юқтириб олишлари мумкин. Дейлик, охирги қатордаги ўриндиқда ўтирган бемор одамнинг нафаси орқали самолётнинг бизнес-классида кетаётган йўловчилар ҳам зарарланади.
Самолётнинг кондиционер тизими – бортдаги ҳавони салон бўйлаб бир хилда таъминлаб турадиган тизим. Ушбу тизим орқали тарқалган ҳаво заррачалари туфайли ҳаттоки самолётни бошқариб кетаётган учувчилар, экипаж аъзолари ҳам коронавирус билан касалланиши мумкин. Бундан ҳеч ким суғурталанмаган. Шунинг учун чартер рейслар орқали уйга қайтаётганда ҳамма хавфсизлик чораларига риоя қилиб эҳтиётини қилишса, вирус юқишининг олдини олган бўлишарди”, дея Равшан Суннатиллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков ҳам 8 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда ишхоналарда ижтимоий масофани сақлаган холда ишланган тақдирда ҳам марказлашган, яъни умумий вентиляция тизими орқали совитиладиган биноларда коронавирус инфекцияси ҳаво орқали юқиши мумкинлигини тасдиқлади.