Жамият | 19:19 / 09.06.2020
28110
6 дақиқада ўқилади

«Гап чиқди»: Молия вазирлиги пенсия пулларини кечиктириши ортида молиявий ўйин борми? 

Ижтимоий тармоқда ҳар куни турли хабар ва маълумотлар пайдо бўлади. Аммо уларнинг ҳар бирини суриштириб, текширишга вақт йўқ. Kun.uz янги — «Гап чиқди» лойиҳасини бошлайди: пайдо бўлаётган турли иддао ва хабарларни ўрганиб, мутасаддиларнинг ушбу масала юзасидан изоҳини ҳавола этамиз. 

6 июнь куни Telegram-каналлардан бирида Молия вазирлиги фаолиятига дахлдор хабар пайдо бўлди. Унда «молиявий ўйинлар» ўтказилгани гумон қилинувчи ҳолат тасвирланади.

«Карантин шароитида пенсия пуллари пластик карталар орқали берилиши аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Шу туфайли кўп ўтмай, бу амалиётдан воз кечилди. Хўш, шунга нима бўпти, ахир пандемия даври-ку, дерсиз?! Янглишяпсиз! Масала илдизига янаям чуқурроқ қаранг! 

Юртимизда ҳозир пенсия ва нафақа олувчилар сони уч миллион нафардан зиёд. Улар учун бюджетдан ойига ўртача 2,6 триллиондан ортиқ сўм маблағ ажратилади. Кўряпсизми, кичкина рақамлар эмас бу! Айни пайтда ана шу пуллар Халқ банкининг 3,5 мингдан зиёд ходимлари томонидан тарқатиляпти. Албатта, текинга эмас. Бу хизмат учун банкка умумий сумманинг 0,9 фоизи ўтказиб берилмоқда.

Бироқ пенсия пулларини пластикка ўтказиш амалиёти жорий этилгач, тўсатдан барча банклар пенсионерларга пластик очиб беришга «жиддий»қизиқиб қолишди. Сабабини англагандирсиз? Гап ойига триллионлаб маблағни «айлантириб» фойда кўришда», – дейилади канал хабарида

Таъкидланишича, пенсия тўловларини банк пластик карталарга ўтказишда техник носозлик юзага келиши ва тўловнинг бироз кечикишидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси фойда кўрган.

« Пенсия ва нафақа пулларининг нақд пулда берилишидан Молия вазирлиги қандай манфаат кўриши мумкин? Бу саволга қуйида жавоб топишга ҳаракат қиламиз», – дейилади хабарда. 

Канал муаллифининг фикрича, пенсия жамғармасининг пуллари узун-қисқа депозитларга жалб қилинса, маблағ кўпайиши мумкин.

«Яъни вазирлик ушбу жамғармалардаги маблағларни тижорат банкларига депозитларга жойлаштиради. Пенсиялар 5, 10, нари борса, 20 кун кечиктирилса, осмон узилиб ерга тушмас. Лекин жамғарманинг бойиб олгани қолади. Пенсия жамғармаси ҳамма ресурсни молиялаштиришга шошилавермаслигининг сабабини энди англагандирсиз? 

Дейлик, 2,6 триллион сўмдан зиёд сармоя 22 фоизлик қисқа муддатли депозитга жойлаштирилса, ҳар бир кун учун тахминан 6 миллиард сўм пул пайдо бўлади. Яна денг, Молия вазирлиги банкларга энг юқори фоиз ставкаларини белгилай олади. Бунга бирорта банк қарши чиқиб кўрсин-чи... Банклар зарарига бўлса ҳам жамғармалардан йўналтирилган пулларни фоизлари билан қайтаришга мажбур...», – дея вазиятни шарҳлаган канал муаллифи. 

Шунингдек, хабарда «кунлик 6 миллиард даромад қайси мақсадлар учун» ишлатилгани ҳам савол остига олинади.

Kun.uz масалага ойдинлик киритиш мақсадида Пенсия жамғармаси директори ўринбосари Шуҳрат Давронов билан суҳбатлашди. Давронов хабардаги танқидий гаплар асосланмаган ва ҳақиқатга мос эмаслигини билдирди.

Шуҳрат Давронов

«Коронавирусга қарши кураш чора-тадбирлари доирасида, пенсия ва нафақа пуллари нақд кўринишдан банк пластик карталарига ўтказиб берилди. Пластик картага ўтказиб бериш давомида салкам 500 мингга яқин фуқароларга карталарни расмийлаштириб берилгандан сўнг, банкда ахборот-технологик юклама пайдо бўлди. Шу туфайли, пуллар ўз вақтида пластик карталарга юклаб берилмади. Лекин Пенсия жамғармаси май ойининг бошидан то 15 санага қадар, барча пенсия тўловларни тўлиқ молиялаштирди», – дейди у. 

Пенсия жамғармаси май ойида депозитга пул қўйиб, даромад кўрганми? Умуман олганда, жамғарма пулларни депозитга жойлаштиришга ҳақлими? Шуҳрат Давронов суҳбат давомида ушбу саволларга ҳам жавоб берди. 

«Жамғарма низомига асосан, бўш ва эркин қолдиқ маблағларни банк депозити ҳамда молиявий инструментларга жойлаштириши мумкин. Бунга ҳуқуқи бор. Аммо қайд этиш лозимки, пенсия жамғармасида эркин қолдиқ маблағлари бўлса ушбу ҳуқуқ пайдо бўлади. 2020 йилда жамғарма бюджетда 8 триллион сўмга яқин трансферт олиши назарда тутилган. Шу боис жамғармада катта маблағ мавжуд эмаслигини таъкидлайман.

Май ойида депозитга маблағ қўйилган, лекин депозитга май ойи пенсиялари тўлиқ молиялаштирилгандан сўнг, кунлик тушган маблағлар жойлаштирилган. Бу маблағлар қисқа муддатга, июнь ойининг бошига қадар, инвестиция ресурси сифатида қўйилган. Ушбу маблағлар 330 миллиард сўмга яқин суммани ташкил этади, ундан 718 миллион сўм даромад қилинган. Кўрилган даромад эса тўлиқ Пенсия жамғармаси ҳисобига туширилган бўлиб, маблағлар пенсия ва нафақаларни тарқатишга кетади.

Маблағларни депозитга қўйиш шарти ҳам мавжуд. Унга кўра, Молия вазирлигида ташкил этилган аукцион платформа орқали маблағлар депозитга жойлаштирилади», – дейди Давронов. 

Жамғарма директори ўринбосарининг айтишича, Telegram-каналда тарқаган хабарда таъкидланган 2,7 триллион сўм маблағ жуда катта сумма бўлиб, молия-депозит бозоридаги мувозанатни ўзгартириб юбориши мумкин. Шунча маблағни депозитга қўйишнинг имкони йўқ, негаки, май ойида жамғарма айнан 2,7 триллион сўмлик пенсия ва нафақаларни молиялаштирган. 

Шуҳрат Давроновнинг билдиришича, жамғарма учун пенсия ва нафақа олувчи фуқароларнинг қайси банк пластик картасидан фойдаланиши аҳамиятли эмас. 

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид