Жамият | 19:18 / 10.06.2020
20156
16 дақиқада ўқилади

Аукционда сотилган Иштихондаги МТП масаласи: вилоят ҳокими муроса учун ғолибга бошқа ер таклиф этмоқда

Таҳририятимизга мурожаат қилган, онлайн аукционга чиқарилган Иштихондаги машина-трактор паркини 1,5 млрд сўмдан зиёдга сотиб олиб, ҳануз унга эгалик қилолмай келаётган самарқандлик тадбиркорлар ҳақида ҳикоя қилган эдик.

 

Ушбу мақола юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳам таҳририятга муносабат тақдим этган эди.

Масалага МИБ муносабати

«Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 29.10.2018 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор «KEYS-A» МЧЖдан ундирувчи «Туронбанк» АТБ фойдасига жами 3 млрд. 254 млн. 961 минг сўм ва олдиндан тўланган 20 минг сўм почта харажати ундириш белгиланган.

Жумладан, суд қарорига асосан ундирув қарздорнинг «KEYS-A» МЧЖнинг пул маблағлари билан бирга:

  • гаровга қўйилган «Иштихон МТП»нинг бино иншоотлари;
  • гаровга қўйилган «Булунғур МТП»нинг бино иншоотлари;
  • кредит маблағи эвазига сотиб олинган 6 дона «Доминатор-130» русумли ғалла ўриш комбайнлари — «Самарқанд вилоят Агросервис МТП» МЧЖнинг 3 млрд. 745 млн. сўмлик кафиллик шартномаси бўйича пул маблағларига қаратиш кўрсатиб ўтилган.

Кейинчалик, АТБ «Туронбанк» томонидан 12.06.2019 йилда қарздор кредит қарздорлиги тўланмагани сабаби, ижро ҳаракатларини давом эттириш ҳақидаги мурожаати бўйича ихтиёрий муддатда тўловлар амалга оширилмагани сабабли, гаровга қўйилган «Самарқанд вилоят Агросервис МТП» МЧЖга тегишли бўлган «Иштихон МТП»нинг бино ва иншоотлари хатланган ҳамда бошланғич баҳоси 1 млрд 202 млн. 600 минг сўм нархда 16.07.2019 йилда электрон-онлайн савдога чиқарилган.

Аукцион натижасига кўра бино-иншоот 20.08.2019 йилда ғолиб С.Қодировга жами 1 млрд. 539 млн. 328 минг сўмга сотилган», дейилганди МИБ муносабатида.

Мулкни гаровга тиккан раҳбар — ҳозир республикада

Оддий тил билан тушунтириб айтилганда, 2017 йил июнь ойида «KEYS-A» МЧЖ «Туронбанк» АТБ Самарқанд филиалидан 5 йил муддатга, йиллик 7 фоиз устама, 1 йиллик имтиёзли давр билан қарийб 3 миллиард сўм кредит олади.

Юқорида айтилганидек, кредитнинг гаров таъминоти сифатида Булунғур ва Иштихондаги МТПларнинг бино ва иншоотлари гаров қиймати бўйича келишилиб, гаровга тикилган. Далолатномага МТПларнинг эгаси сифатида «Самарқанд вилояти Агросервис МТП» МЧЖ раҳбари Р.М.Ҳайитов имзо қўяди.

Алоҳида эътибор беришингизни истар эдик, ҳужжатларга имзо чеккан Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖнинг ўша пайтдаги раиси — Рустам Мамарасулович Ҳайитов айни пайтда «Ўзагросервис» АЖга раҳбарлик қилмоқда.

«KEYS-A» МЧЖ кредит шартномаси шартларини бузади, кредитни ўз вақтида сўндирмайди. Банк ундирувни гаровдаги мулкка қаратади. МТПлар суд қарори билан электрон онлайн аукцион орқали сотувга чиқарилади. Иштихондагисини тадбиркор С.Қодиров сотиб олади.

Аслида, бир қараганда, ҳаммаси оддий. Мулк аукционда сотилди, ғолиблик баённомаси бор. У ҳужжатлаштирилиб, янги эгасига берилиши керак.

Лекин қарийб бир йилдан буён аукцион ғолиби сарсон бўлмоқда. С.Қодиров МТП ҳудудига киритилмаяпти.

«Туя» қилинган ер

Аукцион ғолиби С.Қодировни ташвишлантираётган яна бир жиҳат шуки, аукционга чиқарилган нотурар жойларга тегишли ер майдони 8,3 га деб кўрсатилган. Бу аукционолди маълумотларида ҳам, ғолиблик баённомасида ҳам акс этиб турибди.

Бизга тушунтиришларича, «Самарқанд вилояти Агросервис МТП» МЧЖ раҳбари Р.М.Ҳайитовнинг хати билан 2017 йил 20 майда Иштихон туман «Агросервис МТП» МЧЖга қарашли ерларнинг 0,3 га ва 1,0 га қисми туман ҳокимлигига захирасига қайтарилган. Хўп, туман ҳокимлигининг сўзларига ишонайлик, объект гаров қийматини аниқлаш ва кадастр томонидан ер майдонига тақиқ жорий этилишидан бироз аввал захирага қайтарилган ҳам дейлик.

Унда нега объект гаровга олинганидан сўнг ҳам 2018 йил 15 февралдаги 406-Қ қарорга кўра 0,82 га ер яна туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган? (Р.Ҳайитовнинг ерни захирага қайтариш тўғрисидаги хатдаги имзоси қалбакилаштирилгани қуролланмаган кўз билан кўриниб турибди — муаллиф). Нега мутасадди ташкилотлар, прокуратура органлари масаланинг мана шу ерига эътибор қаратишмаяпти?

Боз устига, МТП майдони қисқарган сайин кадастр ҳужжатларига ўзгартириш киритилмаган. Айни пайтда МТПга тегишли ерлар 6 гектардан зиёдроқ, холос. Аммо аукционга МТПнинг ер майдони эски ҳужжатлардаги каби 8,3 га тариқасида қўйилган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти «Агросервис МТП» бу ҳақдаги мақолага муносабат билдира туриб, биноларни онлайн-аукцион савдосига чиқариш тартибига риоя қилинмаганини таъкидлаб, муносабат билдирган эди.

Ташкилот суд томонидан ундирувни МТП бино-иншоотларга қаратиш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қароридан норози бўлгани сабабли «Самарқанд вилояти Агросервис МТП» МЧЖ томонидан 2019 йил 30 август куни Самарқанд вилоят иқтисодий судига кассация шикояти киритилган ва шикоят кўриб чиқиш учун қабул қилинганини маълум қилган.

Иш Олий судгача бориб тақалган. Олий суд ҳам 2020 йил 20 март куни «Туронбанк»ни ҳақ деб топган.

Қолаверса, 2020 йил 4 март куни «Самарқанд вилояти Агросервис МТП» МЧЖнинг ғолиб С.Қодиров ва аукционни ўтказган «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКга нисбатан аукцион натижасини ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилган ва қаноатлантиришдан рад этилган.

Иштихон ҳокимининг тушунтириши

Мурожаатчилар (объектни 5 киши ўртага пул ташлаб, аукциондан С.Қодиров номидан қатнашиб ютиб олишган, улардан бири — ишончнома асосида мурожаат қилаётган Ш.Газиев) Иштихон туман ҳокими Ш.Негматов ва Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов шахсан бу ишга тўсқинлик қилишаётганини таъкидлашмоқда.

Иштихон туман ҳокими Ш.Негматов журналист-блогер Абдуқодир Мўминовга масала юзасидан тушунтириш бера туриб, (2020 йил 20 май санасида) шундай фикрларни илгари сурган:

— Масала бўйича суд жараёни давом этмоқда. Ҳали охирига етгани йўқ. (Ҳолбуки ҳеч қандай суд давом этаётгани йўқ эди — муаллиф). Ҳоким қаршилик қиляпти, дейсизлар. Бу масалада бирор марта менга бирор киши мурожаат қилгани йўқ. Бу масалада менинг бирор аралашган жойим йўқ. Ҳокимлик судда бирор тараф ҳам эмас. Вилоят МТПлар уюшмаси ва «Туронбанк» иккови икки ташкилот. Иккаласи судлашаяпти. Охирги тўхтамга келинганидан сўнг бунга ҳеч кимнинг аралашишга ҳақи йўқ.

Лекин яна бир жиҳат: бу МТП — Иштихон халқининг мулки. Санъат Қодиров «менинг мулкимни беринглар», деб менга ёки бирор жойга мурожаат қилгани йўқ. Унинг ишончли вакили [Ш.Газиев] ҳам менга мурожаат қилган эмас. Ҳокимларни ёмонотлиққа чиқаришдан аввал, салгина қонуний ёндашиш керак-ку, ахир?! Агар улар қонуний тарафдан ҳақ бўлишса, биз ҳеч қандай тўсқинлик қила олмаймиз, ундай ниятимиз ҳам йўқ, — деган Ш.Негматов.

— Лекин масала Олий судга бориб тақалганда, аукцион ғолиби ҳақ деб топилган, қонуний ижроси таъминланиши керак дейилган, Адлия вазирлиги ҳам объект қонуний харид қилинган ҳақида тақдимнома киритган. Яна бир қизиқ жиҳати, объект «Туронбанк»дан олинаётган кредит эвазига гаровга қўйилганидан сўнг (2017 йил июнь ойида) гаровда турган ер сотиб юборилган?

— Аввало, объект кадастрдан рўйхатдан ўтмаган. Тақиқ қўйилмаган. Ўша ер майдонининг, биринчидан, 1,3 гектари ҳаттоки шартнома тузилмасдан ҳам олдин туман ҳокими захирасига қайтарилган. Захирадаги ер тадбиркорларга қонун-қоидалар асосида берилган. Улар бу масалада прокуратурага ҳам арз қилишди. Прокуратура буни ўрганиб жиноят таркиби ёки қонун бузилиш ҳолати йўқлигини аниқлаб, маълум қилди. (Туман ҳокими объект гаровга олинганидан сўнг захирага қайтарилган 0,82 га ер масаласини очиқ қолдирган — Ш.Ш.).

Кейин, гаров қийматини аниқлаш далолатномасида фақатгина 0,84 га ер майдони гаров тариқасида тикилган. (Дарҳақиқат, далолатномада фақат 8421,4 кв.м. қурилиш ости майдони қайд этилган, 8,3 гектар тилга олинмаган — Ш.Ш.). Эндиликда 8 гектар ёки фалонча деган гаплар бўляпти. Агар у ер майдони сотиладиган бўлса, у нархланиши керак, аукционда савдо давомида у ошиб бориши керак.

Биринчидан, ер эмас, мулк гаровга олинган. Ҳозир улар ерни ушлаб олишганки, худди у ерда бирор ўғирлик ёки жиноят содир этилгандек. Ўша пайтлар биз (ҳокимлик) ҳам ўз ваколатимиз доирасида ер бериш ҳуқуқига эга эдик. Лекин бутун ер майдони бирор жойда тақиққа олинмаган, — деган блогер билан суҳбатда Ш.Негматов.

Иштихон туман ҳокимига кўра, «Аукционда бинолар ва бинолар остидаги 0,84 гектарга яқин ер майдони сотувга қўйилган, жами 8,3 гектар ер майдони эмас. Агар 8,3 гектар ер майдони аукционда сотувга чиқарилса унинг бошланғич нархининг ўзи жуда катта маблағ бўлиб кетади».

Лекин Ш.Газиев ўша ҳоким айтаётган 0,84 га майдонда жойлашган бино ва иншоотлар ҳам бўшатиб берилмаётганини айтиб ўтди.

Вилоят ҳокимлигининг ўзига хос муроса йўли

Юқорида айтилганидек, мурожаатчилар вилоят ҳокимлигини ҳам оддий масаланинг чигал кўриниш олишига ҳисса қўшаётганликда айблашмоқда.

Масалан, Олий суднинг 2020 йил 20 мартдаги қарори юзасидан Олий суд раёсатига Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова томонидан 8 май куни назорат тартибида протест киритилган.

Адлия вазирлиги кадрлар бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 30 апрелдаги хатига кўра, С.Ортиқованинг протести вилоят ҳокимлигининг «Самарқанд вилоят агросервис МТП» МЧЖнинг мурожаатини қўллаб, Бош прокуратурага ёзган 01-16/769-сонли хатига асосан киритилгани маълум қилинмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматидан вилоят ҳокимининг ушбу хати сўралганида хат ўрнига Бош прокурор ўринбосари протести Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖнинг аризаси асосида киритилганига ишора қилувчи фотосурат жўнатилди.

Яъни вилоят ҳокимлиги томонидан Бош прокуратурага хат ёзилган-ёзилмаганлиги тўғрисидаги савол очиқ қолдирилди. Демак, бу ўринда ё вилоят ҳокимлиги алдаяпти, ё Адлия вазирлиги.

Самарқанд вилоят ҳокими барча тортишаётган томонларни тўплаб, 2020 йил 8 июнь куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида юзма юз суҳбатлашди. (Суҳбат видеосини ушбу ҳаволадан кўришингиз мумкин)

Учрашувда вилоят ҳокими Э.Турдимов тадбиркорларга тортишувга нуқта қўйиш ва томонларни муросага келтириш мақсадида «тадбиркорлик қилмоқчи бўлсаларинг Самарқанд шаҳридан ўша МТП ҳудудига тенг миқдорда ер ажратиб бераман», деди. Яъни, ноль қийматда.

Кимларгадир бу жуда оқилона ечимдек кўриниши, ҳаттоки таҳририятга мурожаат қилган мурожаатчиларга ҳам жўяли кўринаётган бўлиши мумкин, лекин менинг фикримча бу — вилоят раҳбари томонидан таклиф этилаётган ўта оқилона бўлмаган ечим.

Негалигини тушунтираман.

Ноль қийматда харид қилинган (яъни, совға қилинган) ер, объект ҳеч қачон тадбиркорники бўлиб қолмайди. Тадбиркор С.Қодиров «инсофли харидор» сифатида аукционда ҳалол ютиб олган ва тўловларини тўлиқ тўлаган объектига кира олмаяпти ахир!

Ноль қийматда берилган объект исталган онда ундан тортиб олиб қўйилиши мумкин.

Биринчидан, Турдимовни вилоятга боғлаб бермаган. Эртага бошқа ишга ўтса ёки вилоятдан кетса, вилоятнинг янги эгалари бир деганда баҳона топиб, тадбиркордан ўша объект ва ерни олиб қўймаслигига ким кафолат беради? Масалан, биргина Ш.Худойбердиев ўзи Паст Дарғом туманига ҳоким бўлгач, ўтган бир йилдан зиёд вақт ичида аввалги ҳокимларнинг хусусий мулк билан боғлиқ ўнлаб қарорларини бекор қилишга уринаётганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Қолаверса, Э.Турдимовнинг ўзи ҳам Сурхондарё вилояти ҳокими бўлган чоғда вилоятдаги туманларда айрим тадбиркорларга ажратиб берилган ер, объектлар ё туман прокурорларининг протести ё ҳокимларнинг қарори билан қайтариб олиб қўйилди. Мен шахсан ўзим бундай ишларнинг бир нечтасини ўрганганман.

Жавоби қийин саволлар

Айни пайтда тадбиркорлар ер олишининг ягона йўли — онлайн аукцион. Буни ҳам бу тарзда вилоятдаги раҳбарлар аралашуви билан бекор қилаверса тадбиркор қачон ер ололади? Умуман, бу тарзда онлайн аукционлардан харид қилинадиган ер ва мулкларга ишонч қоладими?! Хорижлик инвесторлар-чи? Уларга ҳам шундай қилинадими?

«KEYS-A» МЧЖнинг кредити аллақачон аукцион ғолиби томонидан тўланган маблағлар ҳисобидан ёпилган. Орадан мана қарийб 1 йил вақт ўтмоқда. «TURONBANK»нинг иши битган. Бошқаси билан иши йўқ.

Ўтган йиллар ичида Иштихон МТПнинг 8,3 гектар еридан 2,12 гектари захирага олиниб, бошқа тадбиркорларга бериб юборилган. Бу «иш»да «бош-қош» бўлган инсон Р.Ҳайитов «Ўзагросервис» АЖга раҳбарлик қилмоқда. Раҳбарлиги остидаги ташкилот ерини биргина имзоси билан ҳокимлик захирасига қайтарадиган, биргина имзоси билан гаровга тикиб юборадиган инсон республикадаги барча МТПларга раҳбарлик қилиши келгусида бошқа жойларда ҳам янада хавфли оқибатлар келтириб чиқармайдимикан? Масалан, мен ишонмайман.

Иштихон туман ҳокими Ш.Негматов МТПнинг аукционга чиқариб, сотиб юборилганидан ичи куйганча, «Бу — Иштихон халқининг мулки-ку ахир», демоқда. Туман раҳбарининг куюнчаклиги яхши. Лекин, захирага қайтарилган ўша 2,12 га ерда бугун бутун Иштихон халқига фойдаси тегадиган қандай манфаатли ишлар қилинди?

Иштихон халқи мулки муқаддас экан, нега уни иштихонлик Р.Ҳайитов иштихонликлардан сўрамасдан битта имзоси ва ташкилот муҳри билан гаровга тикиб юбормоқда ва унинг бу хатти-ҳаракатидан бирор жиноят аломати топилмаяпти? Нега ҳамма ишни бошлаган инсон Тошкентдан туриб «томоша» қилиб ўтирибди?

Масаланинг яна бир тарафи бор

Айтайлик, аукцион ғолиби учун барчаси тескари кетса, Каттақўрғондаги суд МТП тарафида туриб олса, харидор ўша 1 йил муқаддам аукционга чиқарилган объекти учун тўлаган (ўтган йилга нисбатан 20 фоизларга қадрсизланган) 1,5 миллиард сўм пулини югура-югура қайтариб олади.

«Туронбанк»га Иштихон туман МТП ёки «Самарқанд вилоят Агросервис МТП» МЧЖ ҳозирги кунда вазни анча енгиллашган ўша пулни тўлар ҳам. Нега бундан «инсофли харидор» зарар кўриши керак-да, шунча ишни қилган МТП тепасидаги раҳбарлар сувдан қуруқ чиқиши керак?

МТПнинг кредитларидан ҳам бошқасидан ҳам бехабар, шунчаки интернетда эълон қилинган онлайн аукционда қатнашиб, ғолиб бўлган харидорларнинг «бой берилган фойда»сини ким қоплаб беради?

Нега масаланинг бу тарафи раҳбарларни ҳам, судни ҳам, ҳуқуқ-тартибот органларини ҳам зиғирча қизиқтирмаяпти?

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид