Ўзбекистон | 23:53 / 11.06.2020
107070
3 дақиқада ўқилади

11 июнь куни 4 ҳудудда аҳоли орасида янги беморлар аниқланди, Қашқадарёда янги «ўчоқ» пайдо бўлди

11 июнь куни Ўзбекистонда 118та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди ва 105 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 3637 беморга жавоб берилган, 19 киши вафот этган, шифохоналарда 1085 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 7 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Навоий, Наманган, Қашқадарё, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 118 ҳолатдан 70таси карантин муассасаларида, 39таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 9 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. 

Аҳоли орасида (+39)
Тошкент шаҳрида бугун аҳоли орасида 17 кишида вирус аниқланди. ССВ маълумотига кўра, сўнгги кунларда Тошкентда Юнусобод туман давлат солиқ инспекциясининг 2 нафар инспекторида, Шайхонтоҳур туманидаги «Медиапарк» савдо мажмуаси сотувчисининг онасида, Юнусобод бозоридаги сотувчилар ва уларнинг оила аъзоларида коронавирус аниқланмоқда.

Навоий вилоятида 18 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Навоийда шу вақтгача қайд этилган ҳолатлар сони 260тага етди ва ушбу вилоят умумий рейтингда Хоразмни ортда қолдириб, бешинчи ўринга чиқди.

Наманган вилоятида аҳоли орасида 3 кишида вирус аниқланди. Сўнгги кунларда ички ишлар органлари ходимларида вирус чиқаётганди.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида бир кишида вирус чиққан. Сўнгги кунларда вилоятнинг Тошкент ва Бекобод туманларида аҳоли орасида вирус қайд этилаётганди («Американ госпитал» хусусий клиникаси кичик тиббиёт ходимида ва Юнусобод бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланувчи сотувчининг оила аъзоларида).

Карантин (+70)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида ва Тошкент шаҳридаги карантин муассасаларида жами 42 ҳолат аниқланди. 

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг 28 нафар ишчисида вирус аниқланди.

Ҳайдовчилар (+9)
Тошкент вилоятида 4 нафар, Сирдарё вилоятида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 2 нафар хориждан келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида вирус аниқланган.

Тузалганлар (+105)
Бугун Тошкент шаҳридаги 4та тиббиёт муассасида жами 79 нафар тузалиб чиқди, шунингдек, Самарқандда 9, Навоийда 17 кишига жавоб берилди. Шу кунгача тузалганлар сони  3637 нафар (76 фоиз).

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 1085 нафар бемор даволанмоқда, улардан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

Шу кунгача жами 458 539 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 411 033 нафари карантиндан чиқарилган. 

Ҳозирда мамлакатда уй карантинида 23 923 нафар, стационар карантинда эса 23 583 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид