Бошқарувни тубдан ислоҳ этмасдан, яъни фуқароларнинг ўзига ишончи, иродасини оширмасдан, қуйи поғоналардаги муаммоларни самарали ҳал этиб бўлмайди. “Менинг фикрим” порталида ҳокимларни сайлаш амалиётига ўтиш ҳақидаги петицияни 31 мингдан ортиқ ҳамюртимиз қўллаб-қувватлаганини эски хавотир кайфиятида эмас, хурсандчилик билан қабул қилиш керак.

Президент парламентга Мурожаатномада шу билан боғлиқ ғояни дадил ва аниқ айтди. Яъни, жамият ислоҳотларнинг асосий ташаббускорига айланиши лозим. Бу ғояга энг тўғри келадиган табиий ташаббуслардан бири ҳокимларни сайлашдир.

Бу масалада охирги пайтда икки хил қараш қайиқни қарама-қарши икки томонга тортаётгандек таассурот пайдо бўляпти. Биринчиси янгилик кутаётган бўлса, иккинчиси “ҳали эмас, вақти эмас”, деб панада туриб маслаҳатга, тормозга ошиқмоқда. Иккинчи томон очиқча фикр билдиришдан чўчиётгандек. Эҳтимол шунинг учун ҳокимларни сайлашга ўтиш ҳақида соғлом мулоқот йўқ. Ҳозир фақат биринчи томон гапиряпти, холос.Ҳар қандай ташаббус узоқ вақт жавобсиз қолиши тушкунликни чуқурлаштириши мумкин.

Одам умрида кўрмаган нарсанинг фойдаси ёки зиёни ҳақида тўғри фикр билдириши мумкинми? Ўзбекистонда ҳеч ким ҳокимларни сайлаш қандай бўлишини билмайди.Бу қандай натижаларга олиб келиши ҳақида ҳақиқатга энг яқин тахминни ҳам бера олмайди. Бунинг нималиги ва қандай бўлишини ҳаракатни бошлагандан кейингина билиш мумкин.

Нима учун ташаббус кутиляпти? Чунки амалдаги тизим ўсишга, юксалишга хизмат қилмаяпти, борган сари қотиб қоляпти. Шунинг учун ҳозирги тартибни сайлаш тартибидан яхшироқ деб айтолмаймиз. Айтсак ҳам ишонч билан асослай олмаймиз.

Кейин тушуниш қийин, ҳокимларни сайлаш мавзусидан қочиш орқали нимадан сақланмоқчи бўламиз ўзи?.. Ҳукуматнинг жойларда таъсири камайиши, қўли қисқаришиданми?..

Айрим туманларда муаммолар кучайиб кетгандан кейин ҳолатни ўнглаш учун ҳукумат томонидан “катта тез ёрдам” юбориляпти. Баъзи ҳудудларда ҳокимият бошқаруви деган тушунча моҳияти кучсизланиб кетган бўлиши мумкин. Нега“мумкин”, чунки бундай ҳолатларга ташхис қўядиган тизим ҳозирча йўқ.

Баъзи бир туманларда ҳокимият бизнесга оид манфаатлар учун астойдил ҳаракат қиладиган уддабуронлар аҳиллашган тижорат ташкилотига ўхшаб қолмадими?Ҳоким(ият)ларнинг кластер(лар) билан тортишувлари кўп нарсани англашга ёрдам бериши мумкин. Ҳокимият манфаатга берилиб кетиши ёмон оқибатларга олиб келади.

Жойларда муаммолар кўпайса, ҳокимият фаол, яратаман, ишлайман, деб интилган одамларга қонун талаб қиладиган даражада шароит яратиб бериш масъулиятидан узоқлашса, давлатнинг бошқа идоралари фаолиятига таъсир кўрсатиб, ҳуқуқларга дахл қилса, вазият янада оғирлашиши мумкин.