Сўнгги уч кунда коронавирусга чалинган 292 нафар беморнинг 118 нафари аҳоли орасида қайд этилган
Соғлиқни сақлаш вазирлиги касаллик белгилари сезилса зудлик билан шифокорга мурожаат этишни тавсия қилган.
Сўнгги уч кун давомида, жумладан, 8 июнь куни касаллик қайд этилган жами 109 нафар беморнинг 66 нафари, 9 июнь куни коронавирус аниқланган жами 80 нафар беморнинг 25 нафари ҳамда 10 июнь куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган 103 нафар беморнинг 27 нафари аҳоли орасида аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, 10 июнь куни бўйича беморларнинг 11 нафари Тошкент вилоятидан, 7 нафари Тошкент шаҳридан, 3 нафари Сирдарё вилоятидан, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан 2 нафардан, 1 нафари эса Қашқадарё вилоятидан аниқланган.
Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилиб, уй шароитида даволанган фуқарода, Юнусобод туман давлат солиқ инспекциясининг 2 нафар инспекторида, Шайхонтоҳур туманидаги “Медиапарк” савдо мажмуаси сотувчисининг онасида коронавирус аниқланган.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятида яшовчи, Юнусобод бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланадиган фуқаронинг 2 нафар оила аъзосида, Бекобод ва Тошкент туманларида яшовчи 2 нафар фуқаро ҳамда Тошкент туманидаги “Американ госпитал” хусусий клиникаси кичик тиббиёт ходимида ҳам касаллик тасдиқланган.
Шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланган Сирдарё вилояти ички ишлар ходимининг қўшниси ва у билан мулоқотда бўлган 2 нафар тикувчилик цехи ходимларида, Самарқанд вилояти “Мароқанд” ДУКнинг 2 нафар ходими ҳам коронавирусга чалингани маълум бўлди.
Бугун айни пайтга қадар касаллиги аниқланган 72 нафар беморнинг 20 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган бўлса, қолган 52 нафари аҳоли орасида қайд этилмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилояти Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхонанинг бир йўла 28 нафар ходимида, Тошкент шаҳри Юнусобод бозорининг яна 2 нафар сотувчисида коронавирус инфекцияси тасдиқланди.
“Гувоҳи бўлганингиздек, коронавирус инфекцияси юртимизнинг исталган ҳудудида пайдо бўлиши, жинси ва миллатидан қатъий назар ҳар қандай касбдаги фуқарода қайд этилиши мумкин. Бизнинг ҳудудда касаллик кўрсаткичи паст ёки аниқланмади, дея бир зум бўлса-да, ҳушёрликни йўқотсангиз, кутилмаганда коронавирусни юқтириб олишингиз ва яқинларингиз соғлигини хавф остида қолдиришингиз ҳеч гап эмас. Ҳар биримиз кўчага чиқиш, мулоқотга киришиш орқали касалланиш эҳтимоли борлигини унутмаслигимиз керак.
Минг афсуски, аҳоли орасида бу каби тавсияларга панжа орасидан қараётган, бефарқ муносабатда бўлаётган фуқаролар ҳам учраб турибди. Айни хавотирли вазиятдан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бир бор, фуқароларимизни огоҳлантиради: вазият мураккаблашиб бораётганини билиб турибсиз. Уни ижобий ёки салбий томонга ўзгартириш ҳар биримизнинг ҳаракатимизга боғлиқ эканини унутманг.
Шунинг учун заруратсиз кўчага чиқманг, одамлар кўп тўпланадиган жамоат жойига боришдан вақтинчалик тийилинг, ижтимоий масофа сақланг, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювинг, кўчага чиққанда ниқоб тақишни асло унутманг, ва умуман, карантин ва санитария қоидаларига сўзсиз риоя этинг.
Ўзингизда касаллик белгиларини сезсангиз зудлик билан шифокорга мурожаат этинг”, - дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
10:14 / 13.05.2022
Шимолий Корея COVID-19’дан илк ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди
22:17 / 11.05.2022
Шанҳайдаги коронавирус: қатъий локдаун, дезинфекция, шифохонага эса фақат ҳокимият рухсати билан
18:01 / 07.05.2022
Пекинда коронавирус тарқалиши сабабли метро станциялари ёпилмоқда
18:02 / 03.05.2022