Пандемия шароитидаги Ўзбекистон: онлайн давлат хизматлари истеъмоли ошдими?
Пандемия дунё аҳолиси, жумладан ўзбекистонликларнинг ҳам жисмоний ҳаракатланишини камайтириб, одамларни технологиядан, интернетдан кўпроқ фойдаланишга рағбатлантирди. Энди одамлар гарчи вазият тақозоси билан бўлса-да, давлат хизматларидан онлайн тарзда кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Халқаро тажриба онлайн давлат хизматлари жамият турмуш тарзида катта ўзгаришлар қилишидан дарак беради. Бу усул ҳукуматнинг халққа хизмат қилиши ва алоқа ўрнатишининг янги воситаси сифатида эътироф этилади.
БМТ маълумотларига кўра, пандемия даврида ҳукумат порталларининг аҳамияти ошган. 2020 йил 25 март ҳолатига кўра, ташкилотга аъзо 193 давлатнинг 110таси, яъни 57 фоизи ўз миллий порталлари орқали маълумот бериб борган бўлса, қолган 43 фоизида (83та давлат) порталлар орқали маълумот бериш имкони бўлмаган. 8 апрелга келиб эса давлат портали орқали маълумот берадиган аъзо давлатлар 86 фоизга етган.
Ўзбекистонда ҳам электрон ҳукумат платформаси ишламоқда, одамлар давлат хизматларидан онлайн фойдаланишга ўрганишяпти. Айниқса, карантин чекловлари туфайли машиналар ҳаракати маълум муддат тўхтатилиши, ташкилотлар масофадан ишлашга ўтиши ҳам онлайн хизматлар оммалашишига туртки берди.
Давлат хизматлари агентлиги берган маълумотга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда my.gov.uz портали орқали 140дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланиш имкони бор.
Бундан ташқари, Давлат хизматлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда энг зарур давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш устида ишламоқда. 50га яқин энг зарур давлат хизматларини фақат электрон шаклда кўрсатиш устида иш олиб бориляпти.
Пандемия таъсиридаги ўсиш
ДХА тақдим этган статистикага кўра, 2019 йилда фуқароларга кўрсатилган давлат хизматларининг бор-йўғи 5-6 фоизи онлайн тарзда, яъни Давлат хизматлари марказларига келмаган ҳолда амалга оширилган.
«Бунинг сабаби фуқароларда электрон хизматлардан фойдаланиш кўникмаларининг йўқлиги билан боғлиқ. Шунинг учун фуқароларнинг рақамли хизматлардан фойдаланиш бўйича малакасини ошириш учун ҳаракат қилинмоқда.
Масалан, ҳар бир ДХМда онлайн хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этилган, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн хизматлардан фойдаланиш қулайликлари ҳақида маълумот берилмоқда.
Шунингдек, онлайн хизматдан фойдаланувчиларни рағбатлантириш мақсадида бу турдаги хизматдан фойдаланганда фуқаролар тўлаши лозим бўлган давлат божларига 10 фоиз чегирма берилади», – дея маълумот бермоқда ДХА.
Пандемия ва ўрнатилган карантин чекловлари ҳам электрон давлат хизматларидан кўпроқ фойдаланишга туртки берган.
Таҳлилларга кўра, 2020 йилнинг биринчи 4 ойи давомида онлайн тарзда фуқаролар томонидан фойдаланилган давлат хизматлари 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 15,5 фоизга ортган.
Карантин даврида электрон рақамли имзо олиш учун қилинган мурожаатлар (157 мингдан ортиқ) энг кўп фоизни ташкил қилган. Никоҳни қайд этиш учун ариза юбориш ва турли бир марталик нафақа пулларини олиш каби онлайн хизматларга ҳам талаб ошган.
Электрон тўлов нимага керак?
Давлат хизматларидан онлайн шаклда фойдаланишнинг қулай жиҳатлари кўп.
Онлайн хизмат учун уй ёки иш жойини тарк этиш шарт бўлмайди. Бунинг билан вақт тежалади. Ортиқча сарсон бўлишнинг олди олинади, транспортга кетадиган харажат (йўлкира, ёқилғи) тежалади.
Айни иқлим исиши муаммоси дунёни хавотирга солаётган бир пайтда электрон хизматлар камроқ машинада ҳаракатланишга сабаб бўлади. Натижада, одам индивидуал тарзда табиатга етказадиган зарарини камайтиради.
Бундан ташқари, ёш боласини ёки кекса кишиларни ёлғиз қолдириб кета олмайдиган одамлар ҳам муаммосини уйдан чиқмасдан ҳал қилади.
Кўпчилик ҳамон ДХМга боришни афзал кўрмоқда
ДХА берган жавобга кўра, хизматларни электрон шаклда қабул қилиш учун атиги 1-2 дақиқа вақт талаб этилишига қарамай, одамлар хизматларни Давлат хизматлари марказларига борган ҳолда амалга оширишга ўрганган ва бу усулни ўзларига қулай деб билишади.
Сабаби – аксар одамлар хизматларни анъанавий тарзда олишга ўрганган, кўпчиликнинг интернетга уланган компьютери йўқ, инфраструктура ҳам етарли даражада ривожланмаган.
Бизнингча, бунга бевосита ва билвосита таъсир қиладиган бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.
Қишлоқларда интернет муаммоси бор: кўплаб ҳудудларда одамлар Wi-Fi ёки оптик тола нималигини билишмайди, мобиль интернет тезлиги ҳам ҳавас қиларли даражада эмас.
Бу эса давлат хизматларидан онлайн шаклда фойдаланиш учун зарурий техникалар ва интернет алоқасига эга аҳоли фоизини аниқлаш заруратини кўрсатмоқда.
Карантин чекловлари давом этаётган бир шароитда уйдан камроқ чиқиш, иложи бор ишларни масофадан битириш – вирус тарқалишини чеклаш имконини беради. Ҳар ҳолда, ҳозир XXI аср. Вақт тежаш, ресурсларни имкон қадар исроф қилмаслик шароитини қилиш мумкин. Электрон хизматлар бунга йўл беради, тўсиқ эса – интернет.
Зилола Ғайбуллаева