Ўзбекистон | 22:49 / 13.06.2020
8397
4 дақиқада ўқилади

«Давлат қарзи бўйича янги қонунда ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати бўйича лимитлар кўрсатиб ўтилади» – Одилбек Исоқов

«Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов давлат қарзи ҳолати ва динамикаси бўйича тақдимот қилди.

Одилбек Исоқов / Фото : KUN.UZ

«Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, давлат қарзи 18,2 млрд АҚШ долларини ташкил қилди. Шундан давлат ташқи қарзи 16,1 млрд доллар, давлат ички қарзи 2,1 млрд доллар эквивалентини ташкил қилди. Бу бутун дунёда мўътадил ҳисобланади.  

Ҳозирги кунда, яъни биринчи чорак бўйича давлат қарзининг ЯИМга нисбати 31,4 фоизни ташкил қилади. 1 январдан бери давлат қарзи 600 миллион АҚШ долларига ошганини кўрсатяпти.

Давлат ташқи қарзи портфелини кредиторлар кесимида кўрсатадиган бўлсак, асосий кредитор Осиё тараққиёт банки (3,9 млрд доллар), Хитой Эксимбанки ва давлат тараққиёт банки (3,6 млрд доллар), Жаҳон банки (2,7 млрд доллар), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги банки (2,7 млрд доллар), Суверен халқаро облигациялар (1 млрд доллар), Ислом тараққиёт банки (0,8 млрд доллар, бошқа халқаро молиявий ташкилотлар (2,1 млрд доллар). Яъни давлат ташқи қарзи бизда етарлича диверсификацияланган. Қарзни битта мамлакатдан ёки битта манбадан жалб қилмаяпмиз», - дея Одилбек Исоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У ички қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди.

«Давлат ички қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш мақсадида мунтазам облигациялар чиқариб турибмиз. Шу пайтгача қолдиқ 1,7 трлн сўмни ташкил қилди ва бу 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатда чиқарилган», - деди Исоқов.

Унинг маълумот беришича, бу йил пандемия муносабати билан кўпроқ облигациялар чиқариб ички бозордан ҳам маблағ жалб қилинди. 3,4 трлн сўм атрофида облигациялар чиқарилди.

Вазир ўринбосари қарз портфели узоқ муддатли эканини таъкидлади.

«Давлат қарзи бўйича асосий кўрсаткичларда давлат қарзининг ўртача сўндириш даври 9,3 йилни ташкил қилади. Бу давлат қарзининг узоқ муддатли эканлигини билдиради. Чунки биз давлат қарзини кўпроқ халқаро молия институтларидан жалб қилганмиз. Айрим муддатлар 30 йилгача, имтиёзли даврлар 10 йилгача муддатларга жалб қилинган. Давлат ташқи қарзи бўйича ўртача фоиз ставкаси 2,4 фоизни ташкил қилади.

Қарз портфелимиз узоқ муддатли. Масалан, 10 йилдан узоқ муддатли портфель 37 фоизни ташкил қилади, 6 ва 10 йилликлари 33 фоизни ташкил қилади. Жами давлат қарзининг 70 фоизи 6 йил ва ундан узоқ муддатларга олинган”, - деди Одилбек Исоқов.

У давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбати бўйича ишлаб чиқилган хулосага тўхталди.

“Халқаро валюта жамғармасининг классификациясига кўра ишлаб чиққанимизда давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбати 55 фоизгача бўлиши керак деган хулосага келдик. Бу бир қанча сценарий, стресс тестлар асосида ишлаб чиқилган юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ҳозирги кунда давлат қарзи бўйича янги қонунни ишлаш арафасида турибмиз. Бу қонунда албатта мана шу лимитларни кўрсатиб ўтамиз”, - деди молия вазири ўринбосари.

Маълум қилинишича, давлат ташқи қарзи асосан энергетика соҳаси (4,8 млрд доллар), транспорт инфратузилмаси (2,1 млрд доллар), қишлоқ хўжалиги (1,8 млрд доллар) ва бошқа соҳалар учун олинган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид