Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонга берилаётган ташқи қарз самарали ишлатиляптими? Мутасаддилар изоҳ беришди
13 июнь куни ҳукумат иқтисодий блоки томонидан ташкил этилган «Мунозара клуби»нинг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Иқтисодий соҳа мутасаддилари, халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар қатнашган илк йиғилишда иштирокчилар Ўзбекистоннинг ташқи қарзларининг оқибатлари, ушбу қарзни самарали сарфлаш механизмлари ҳақида сўз юритишди. Жумладан, Ўзбекистон молия вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров ҳукуматда олинаётган ташқи қарзни самарали ишлатиш бўйича бирор бир дастур бор-йўқлиги билан қизиқди.
Абдулла Абдуқодиров,
иқтисодий таҳлилчи:
– Ташқи қарз олишдан аввал уни самарали ишлатадиган бирор дастур борми ёки йўқми? Менимча, агар шундай дастур бўлса ва унда у ёки бу йўналишга аниқ пул миқдори белгиланган бўлса, бу пулларни топиш механизми (ташқи қарз ёки эмиссия) иккинчи масала бўларди.
Асосийси, пуллар ташқи қарз сифатида олинадими, ёки эмиссия қилинадими, муҳими ана шу пулларга яраша товар массаси, яъни таклиф борми, деган қўшимча савол ҳам туғилади. Бу борада Марказий банк билан доим дебатлар олиб борамиз. Бу ҳам катта савол. Бу эмиссия бўладими ёки 3,1 млрд миқдоридаги ташқи қарз бўладими, ана шу миқдорда мамлакат ичкарисида ёки халқаро бозорда таклиф борми? Ҳар бир соҳада дастурлар бўлса эди, уларга мувофиқ пул топиш механизми алоҳида топилган бўлар эди.
Яна бу ерда рейтинг агентликларига кўп эътибор берилди. Менимча, 2008 йилдаги Жаҳон иқтисодий инқирозидан кейин рейтинг агентликларининг баёнотларига у қадар жиддий эътибор бермасак ҳам бўлаверади. Чунки бутун АҚШда ҳаммаёқ оғир аҳволда бўлиб қолганда ҳам, на S&P, на FITCH, на бошқа рейтинг агентликлари эмитентларнинг рейтингини ўзгартирмади. «Ҳа, биз тўғри ҳисоблаганмиз, хато қилмаганмиз», - деб тураверди. Шунинг учун нега буларнинг гапини эшитамиз, нега буларга жуда катта эътибор берамиз, шу нарсага ҳайронман. Уларнинг ўзининг фаолият юритиш ва баҳолаш критерияларини қайта кўриб чиқиш керак.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовга савол бермоқчиман. Нега эмиссия қилмаймиз-да, ташқаридан пул олишга ҳаракат қиламиз. Ўзимизни ички бозорда ҳозир сўмнинг аҳамияти долларга нисбатан бошқачами?
Мамаризо Нурмуратов,
Марказий банк раиси:
– Бу – доимий қайтарилаётган савол. Бу ерда очиқ айтишим керакки, бозор тамойилларига йўналтирилган иқтисодиётнинг барчасида Марказий банк томонидан бевосита давлатга, ҳукуматга қарз бериш инфляцияга олиб келади. Бу нарса таҳлилларимиздаям акс этган.
Шунинг учун ҳам бизнинг «Марказий банк тўғрисида»ги қонунларимизда, шунингдек, ҳамма ривожланаётган мамлакатларда ҳам, ривожланган, бозор тамойилига асосланган давлатларда ҳам Марказий банкнинг бевосита ҳукуматга, давлат бюджетига бевосита кредит беришлари бу инфляцион омил сифатида баҳоланиб келган. Шу нуқтайи назардан биз ҳам бу нарсани тан оламиз.
Буни кундалик ҳаётимизда ҳам билиб боряпмиз. Ўтган йили, ундан олдинги йилларда имтиёзли кредитларни берилгани, ундаям Марказий банк ҳисобидан берилмаган бўлса-да, банк-молия соҳасига, кредит сиёсатига маълум даражада таъсирини ўтказди. Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлса, ички бозоримизда пул массаси кўпайиши ўз-ўзидан албатта инфляцияни олиб келишга жуда катта омил бўлгани муносабати билан биз бу инструментдан фойдаланишни лозим кўрмаганмиз.
Лекин иккиламчи бозордан давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш ёки тижорат банкларининг активларини Марказий банк ўзига олиш орқали иқтисодиётдаги асосий пул массасини мувофиқлаштириб боряпмиз. Қисқача айтадиган бўлсам, биз бунинг инфляцион эффекти, инфляцион таъсири кўпроқ бўлгани учун бу инструментдан фойдаланишни лозим деб топяпмиз.
Абдулла Абдуқодиров:
– Мамаризо Бердимуратович, ташқи қарз сифатида олинаётган 3 млрд доллар ҳам барибир сўмга айлантирилиб ички бозорга чиқарилади-ку?!
Мамаризо Нурмуратов:
– 3 млрд долларми, қанча миқдорда ташқи қарз олишимиздан қатъи назар бу валюта бозори орқали иқтисодиётдаги пулни яна ўзига қайтариб беришга тенг. Уни Марказий банк сотиб олиб пул чиқармайди. Яъни иқтисодиётдаги пулни ўша валютага алмаштириб иқтисодиётга қўшимча пул чиқаришнинг самараси паст бўлади. Шунинг учун бундан фойдаланмаймиз.
Тимур Ишметов,
Молия вазири:
– Абдулла ака, юқорида рейтинг агентликлари ҳақида фикр билдириб ўтдингиз, мен бу фикрларингизга қўшила олмайман. Биринчидан, биз рейтинг агентликлари билан ишлаётганда амалга ошираётган ишларимиз фақатгина рейтинг агентликлари учунмас, уларнинг баҳолаши учунмас. Рейтинг агентликларининг баҳоси бу бизнинг фаолиятимизга баҳо берувчи ягона институт, инструмент эмас. Бу – бир неча инструментлардан биттаси.
Биз қўллайдиган иккинчи инструмент, бу – халқаро молиявий ташкилотлар, улар билан фаол иш олиб боряпмиз. Улар ҳам Ўзбекистондаги молиявий ислоҳотлар юзасидан ўз муносабатини билдириб туришади. Биласиз, турли ҳисоботларида, Халқаро валюта жамғармаси келиб ҳар йили фаолиятимиз бўйича ўз муносабатини билдиради. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорларимиз билан ҳам шу тарзда фикр алмашиб келмоқдамиз.
Учинчи инструмент сифатида жамоатчилик фикрини ўрганишга ва инобатга олишга ҳаракат қиляпмиз. Бунақа инструментлар жудаям кўп. Инструментлар қанчалик кўп бўлса, ишимиз шунчалик осонлашади.
Албатта, бу рейтинг агентликларига ҳам, Халқаро валюта жамғармасига ҳам биздаям саволлар туғилади. Биз жудаям кўп марта учрашамиз, жудаям қизғин, бугунгидан ҳам жиддийроқ тортишувлар бўлиб туради ўртада. Лекин булар берган баҳони дунёда ҳамма тан олади.
Методологияси бўйича савол бўлиши мумкин. 2008 йилги жаҳон иқтисодий инқирозини эслатдингиз. Бундан кейин, адашмасам, уларда ҳам методология ўзгарди. Вақт ўзгарган сари улар ҳам методологияни ўзгартириб боради. Бутун дунё инвесторлари улар берган баҳога эътибор берадими?! [Уларга] «Бизнинг ягона, ўзимизга хос йўлимиз бор, ҳамма нотўғри қиляпти, уларга эътибор бермаймиз», дейишимиз менимча нотўғри.
Мана, ҳозирги ташқи қарз масаласидан келиб чиқиб, машҳур иккита рейтинг агентлигидан биттаси Ўзбекистонга оид рейтинг кўрсаткичларини ўзгартирган, иккинчиси ўзгартирмади. Демак, уларнинг ҳам икки хил фикри бор. Биздаям уларга тўғридан тўғри савол бор: «Нега анави ўзгартирмади, сен ўзгартирдинг?!».
Бу – иш жараёни. Уларнинг экспертлари, иқтисодчилари билан анчадан бери ишлаб келамиз. Ҳар ҳолда бизда улар бизда иқтисодиётни тушунмайдиган мутахассислар сифатида шубҳа туғдирмаган. Халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликлари билан ишлашдан бизга зараридан кўра фойдаси кўпроқ.
25 йил ва ундан кўп вақт давомида улар билан ишламаганмиз, уларни Ўзбекистонга яқинлаштирмаганмиз. Улар билан ишлаш жараёнида қийинчилик бўлишини, рейтинг бўйича шубҳалар туғилишини, рейтинг пастлаб кетган пайтларда жаҳлимиз чиқишини билиб туриб шу қадамни босдик. Бунинг албатта фойдаси бўлади. Шу жиҳатдан уларнинг баҳосини инобатга олмаслик тўғри эмас деб ҳисоблайман.
Одилжон Исоқов,
Молия вазири ўринбосари:
– Абдулла ака, олинаётган давлат ташқи қарзлари қаерга ишлаяпти деб сўрадингиз. Молия вазирлиги шу пайтгача уч марта давлат ташқи қарзи ҳолати ва динамикасига шарҳ деб номланган ҳисоботларни ишлаб чиқди. 2020 йилнинг I чорагидаги ҳолат бўйича маълумотни бугун эълон қилдик, ундан олдин 2019 йил якуни бўйича чиқарганмиз, ундан аввалгисини 2019 йил III чорак бўйича чиқарганмиз. Бундан буён бу борадаги ҳисоботларни ҳар чоракда чиқариб борамиз.
Ушбу ҳисоботларнинг иловаларида 2017 йилдан бери ташқи қарзни олиш учун берилган кафолатлар ва имзоланган ташқи қарз битимлари бўйича қисқача маълумотлар мавжуд. Улар билан танишиб, бу борадаги саволларингизга жавоб топишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, «Мунозара клуби» ҳукуматнинг иқтисодий блоки томонидан ташкил этилган бўлиб, у масалалар юзасидан фикр алмашиш, жамоатчиликни келгуси режалар юзасидан хабардор қилишнинг янги платформаси сифатида таклиф этилган. 13 июнь куни клубнинг илк учрашуви ўтказилди.
Клубнинг биринчи муҳокамасида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Молия вазири Тимур Ишметов, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов, депутатлар, экспертлар, халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг вакиллари, журналистлар қатнашишди.
Муҳокамадан батафсил видеорепортаж билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
08:23 / 18.05.2026
Инфографика: дунёда энг катта ташқи қарзга эга давлатлар
11:20 / 08.05.2026
Нега ҳамма давлатнинг қарзи бор? Ўзбекистоннинг қарзи кўпми-камми?
17:29 / 02.05.2026
Ўзбекистон ташқи қарзи 2025 йилда 18 млрд долларга ошди. Бу рекорд кўрсаткич
10:07 / 03.04.2026