«Ўзбекистонда қарзни бошқариш ва шаффофлик бўйича ислоҳотлар инқироздан аввал амалга оширилди» - Жаҳон банки эксперти
Жаҳон банки иқтисодчиси Винаяк Нагараж «Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида Ўзбекистон ташқи қарзи борасидаги фикрларини билдирди.
«Шубҳасиз, дунё ўзгаряпти ва биласизки, коропоратив инқироз савдо, тижорат, иқтисодий фаолиятга жуда катта салбий таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда энди ўтиш даври бошланган пайтда бундай ҳодиса албатта ноҳақликдек кўринади. Бу Ўзбекистон ҳукумати вакиллари учун иқтисодий бошқарувнинг катта синовидир. Яхшиямки, ҳозирги вақтда дунёнинг кўплаб иқтисодий инқирозлари билан курашаётган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон давлат молия менежментига тарихан эҳтиёткорлик билан ёндашгани туфайли баъзи сиёсий ечимларни қўллашга қодир.
Биринчидан, Ўзбекистон молиявий буферларга эга, унинг халқаро захиралари ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизига тенг. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида мавжуд бўлган фавқулодда вазият ресурлари бор. Кучли солиқ маъмурияти ва инқироз туфайли солиқ тушумларини ушлаб турадиган тизимлар мавжуд. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорларидан қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига таъсири туфайли ижобий иқтисодий ўсиши мумкин бўлган ягона давлат ҳисобланади.
Ушбу глобал нотинчлик даврида Ўзбекистон учун муҳим афзаллик - қарзнинг паст даражаси эди. Бу Ўзбекистон учун жудаям омадли, чунки Ўзбекистонда инқироз бошланишидан олдин қарзларни бошқариш, қарз ҳисоботлари ва шаффофликни кучайтириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Шундай қилиб, қарзнинг катта қисми аслида аниқ лойиҳалар ва мулкни яхшилаш дастурлари билан боғлиқ бўлиб, улар ҳали ҳам амалга оширилмоқда ва натижалардан фойдаланилиши кутилмоқда. Имтиёзли молиялаштиришга эҳтиёткорлик билан ёндашиш натижасида Ўзбекистон қарзининг ўртача қиймати паст ва гарчи Ўзбекистоннинг қарзи асосан долларда кўрсатилган бўлсада, унинг кўплаб даромадлари инқироз даврида ишлатилиши мумкин. Айтишим керакки, «Standard and Poor ’s» айтилган сабабларга кўра прогнозлар салбий томонга ўзгартирганидан ҳайрон бўлдим. Ўзбекистоннинг қарзлар динамикаси бўйича маълумотларни шарҳлашлари менга маъқул», дейди Винаяк Нагараж.
У давлат қарзи ҳақида мунозара олиб бориш учун ҳозир жуда қулай вақт деб ҳисоблайди.
«Дефицитни оқлашга, харажатлар ўз вақтида мақсадга йўналтирилганига ишонч ҳосил қилиш жуда муҳимдир. Шундай қилиб, биз ҳукуматга ислоҳотлар ва ўрта муддатли қарз стратегиясини давом эттиришни ҳамда қарзлар шаффофлигини сақлаш ва инқирозга қарши сарф-харажатларини ошкора таъминлаш учун парламент билан ишлашда давом этишни тавсия қиламиз», дейди Жаҳон банки иқтисодчиси.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz ахборот ҳамкори сифатида иштирок этган «Мунозара клуби»нинг илк муҳокамалари 13 июнь куни бўлиб ўтди. Батафсил видеорепортаж билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
17:21 / 29.10.2024
2025 йилда Ўзбекистон 5,5 млрд долларгача ташқи қарз олиши мумкин
17:43 / 18.10.2024
“Қарз олинганига яраша, иқтисодий кўрсаткичлар барқарор бўлиши лозим” — Жаҳон банки катта иқтисодчиси
15:54 / 16.10.2024