Жаҳон | 08:03 / 18.06.2020
5287
3 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгашига янги вақтинчалик аъзолар сайланди

БМТ Бош ассамблеяси Ҳиндистон, Мексика, Ирландия ва Норвегияни 2021-2022 йиллар учун Хавфсизлик кенгашининг янги вақтинчалик аъзолари этиб сайлади.

Овоз бериш натижаларига кўра, Ҳиндистон 184 овоз, Мексика 187 овоз, Ирландия 130 овоз ва Норвегия 128 овоз олган.

18 июнда Хавфсизлик кенгашидаги янга бир вақтинчалик аъзо ўрни учун Африканинг икки давлати – Кения ва Жибути курашади: 17 июндаги овоз беришда улар сайланиш учун зарур бўлган овоз (камида 128 та овоз) йиға олмаган. 

Овоз бериш анъанавий равишда яширин кўринишда ўтади. Мамлакат ғалабани таъминлаши учун БМТ Бош ассамблеяси делегатларининг камида учдан икки қисми овозини олиши лозим.

Хавфсизлик кенгаши 15 аъзодан иборат, улардан 5 таси тақиқлов қўйиш ҳуқуқига эга бўлган доимий аъзолар ҳисобланади, булар: Россия, Британия, АҚШ, Франция ва Хитой. Қолган 10 та давлат вақтинчалик аъзолар ҳисобланиб, улар 5 та давлатдан гуруҳ бўлиб ҳар 2 йилда сайланади.

Хавфсизлик кенгашининг вақтинчалик аъзолари бир текис минтақавий ваколат тамойили бўйича сайланади. Бу дунёнинг ҳар бир минтақасига Хавфсизлик кенгашида турли сондаги ўрин тўғри келишини англатади.

Жорий йилда Африкадан бир ўрин учун Кения ва Жибути кураш олиб бормоқда, Лотин Америкасидан битта ўрин учун Мексика, Осиё-Тинч-Океани минтақасидан битта ўрин учун Ҳиндистон даъвогарлик қилган. Ғарб давлатларидан иккита ўрин учун Канада, Ирландия ва Норвегия даъвогарлик қилган, бироқ Канада 108 овоз олгани сабабли сайланмаган.

Янги сайланган давлатлар 2021 йилда Хавфсизлик кенгашида Бельгия, Германия, Доминикан Республикаси, Индонезия ва Жанубий Африка Республикаси ўрнини эгаллайди. Бошқа вақтинчалик аъзолардан кенгаш таркибида иккинчи йил ишлашга Вьетнам, Нигер, Сент-Винсент ва Гренадина, Тунис ва Эстония қолади.

Бундан ташқари, овоз бериш давомида Бош ассамблеянинг 75-сессияси раиси сайланган. Бу лавозимни туркиялик дипломат Вўлкан Бўзкир эгаллаган. У жорий лавозим учун ягона номзод бўлган. Бироқ унинг номзодини Арманистон, Кипр ва Греция эътирози сабабли консенсус билан тасдиқлашнинг иложи бўлмаган ва шу сабабли натижада овоз бериш ўтказилган. Овоз беришда Бўзкир 192 та овоздан 178 та овоз олган.

Мавзуга оид