Жаҳон | 22:10 / 21.06.2020
44888
9 дақиқада ўқилади

Икки ой «яшил» бўлиб турган Пекин вируснинг янги ўчоғи. Ҳукумат қандай чоралар кўрмоқда?

Июнь ойи ўрталарида 20 миллион киши яшайдиган Пекин шаҳри коронавируснинг янги ўчоғига айланди. Сўнгги кунларда Хитой пойтахтида  мунтазам равишда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланмоқда. Хитой ҳукумати шаҳарга кириб-чиқишни бутунлай ёпган, Пекинга яқин шаҳарларда ҳам ҳаракатланиш чекловлари жорий қилинмоқда. Пекиндан бошқа шаҳарларга борган фуқаролар аниқланиб улар карантинга жойлаштирилмоқда.

Фото: Getty Images

Пекин аҳолиси тўлиқ тестдан ўтказиладими?

Пекиндаги вазият ҳақида турлича фикрлар билдирмоқда. Шаҳар аҳолисини тўлиқ коронавирусга тестдан ўтказиш кераклиги ҳақида таклифлар ҳам мавжуд. Хитой касалликлар назорати ва профилактикаси маркази катта эпидемиологи Цзен Гуан эса Пекин «иккинчи Уҳан» бўлмаслиги ва пойтахт аҳолисини оммавий тест қилишга зарурат йўқлигини қайд этган.

«Ҳозирча иккинчи тўлқин содир бўлиши ҳақида фактлар мавжуд эмас, бу шунчаки шартли тахмин. Иккинчи тўлқин бўлиш-бўлмаслиги биз қиладиган профилактик тадбирларга боғлиқ. Кейинги кунлар давомида касалланганлар сони ўсиши мумкин, бироқ кейин вирус назорат остига олинади ва тўлқин пасаяди. Пекин «иккинчи Уҳан»га айланмайди, вирус бошқа шаҳарларга ўта бошлаганидан кейин ҳудудни ёпишга тўғри келди, холос», деган у.

Цзен Гуаннинг ҳамкасби, Хитой касалликлар назорати ва профилактикаси маркази етакчи эпидемиологи У Цунью ҳам Пекин аҳолисини тўлиқ тестдан ўтказиш шарт эмас деб ҳисоблайди.

«Пекин шаҳрида кенг миқёсда тест синовларини ўтказиш шарт эмас. Тестни шаҳарнинг юқори таҳликали ҳудудларида ўтказиш кифоя. Ўн миллионлаб тест синовларини ўтказишга ҳожат йўқ», деди у Хитой марказий телевидениеси орқали қилган чиқишида.

Пекиндаги ҳолат қандай?

Бозор атрофидаги ҳудудлар қатъий карантинда / EPA

Пекин шаҳар маъмурияти коронавируснинг янги тўлқини тарқалаётгани сабабли 19 июндан бошлаб шаҳарга кириш ва чиқишни чеклаган. Шунингдек, вилоятлар ўртасида автобус қатнови ҳам тўхтатилди. Аҳоли бошқа ҳудудларга боришда фақат ҳаво транспорти ва поезддан фойдаланиши мумкин.

Пекинда Уҳандаги каби транспорт чеклови тўлиқ жорий қилинмаган, лекин ҳолат ўхшаш. Пекин барча шаҳарлараро автобус қатновларини тўхтатди. Автовокзалларда «Махсус комиссия қарорисиз Пекинга кириш ва чиқиш чекланади» деган эълонлар ёзиб қўйилган. Шаҳардаги автошоҳбекатлар аллақачон бўшаб қолган. Аэропортларда ҳам одам унча кўп эмас. Хитой пойтахтига келаётган ва ундан учаётган ички рейслар сони кескин камайган.

Пекинни тарк этиш қуйидаги тоифадаги фуқаролар учун тақиқланади: Covid-19 юқтирганлар, улар билан яқин мулоқотда бўлганлар, шунингдек, касаллик ташқи аломатларсиз кечаётганлар, ҳарорати кўтарилган ва «Синьфади» бозорига ташриф буюрганлар. Касаллик юқтириш хавфи юқори бўлган ҳудудларда яшайдиган ҳар бир кишига шаҳардан чиқиш тақиқланган.

Шаҳарнинг қолган барча аҳолисига фақат фавқулодда ҳолатларда, унда ҳам коронавирус учун тест натижаси манфий чиққани ҳақидаги маълумот билан Пекиндан чиқишга рухсат берилади. Бугунги кунда Хитой пойтахтида касаллик тарқалиши мумкин бўлган хавфли ҳудудларда ҳар куни 400 мингга яқин тест таҳлиллари олинмоқда.

«Дастлаб мен шаҳарга кириб-чиқаётган фуқаролар туфайли касаллик тез тарқалади ва Пекин аҳолисининг катта қисми тез фурсатда вирус юқтиради деб ўйладим. Адашган эканман, ҳукумат ишларни жуда тез ва тартиб билан ташкиллаштиргани сабаб вирус тарқалиши назоратга олинди», дейди пойтахт фуқароларидан бири.

Пекинда сўнгги кунларда ҳар куни 20-30та инфекция юқтириш ҳолати қайд этилмоқда. Шаҳар кўп миллионли мегаполис эканини инобатга олсак, аниқланаётган беморлар сони АҚШ ва Европадагидан анча паст даражада дейиш мумкин. Аммо унутмаслик керакки, сўнгги икки ой давомида Пекинда касаллик мутлақо аниқланмаган ва шаҳар хавфсиз ҳудуд бўлиб қолаётганди.

Хитойликлар қаттиқ назорат ва тартиб-интизомга бўйсуниб яшашига қарамай, вирус қайтадан аниқлана бошлаши салбий ҳолат ҳисобланади. Қолаверса, касалликнинг аҳоли орасидан аниқлангани хавотирларни янада кучайтиради. Шундай бўлса-да, Пекин маъмурияти тушкунликка тушмай, ўз вақтида кўрилган чоралар сабаб қисқа вақтда касаллик манбасини аниқлаб, уни тўсиб қўйди. Бу эса вирус авж олиб кетишининг олдини олди.

Пекинда кўплаб кварталлар қаттиқ назорат остида қолмоқда. Барча кўп қаватли уйлар, маҳаллаларнинг кириб чиқиш жойларида ўтиб-қайтиш фақат рухсатнома билан амалга оширилмоқда. Шаҳардаги мактабларда дарслар бошланмасдан, яна қолдирилди. Шу билан бирга, шифокорлар инфекция манбасини максимал аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Шаҳарда ўзига хос янги тўлқинда илк касаллик аниқланган бемор ҳақида етарли маълумот тўпланган: у «Синьфади» бозоридан бошқа ҳеч қаерга бормаган, ҳеч ким билан ўзаро мулоқотда бўлмаган.

Бу орада «Синьфади» бозорида балиқлар орқали вирус тарқалган деган гап ҳам чиқди. Хитойлик эпидемиологлар эса гап балиқларда эмаслигини айтишмоқда. Вирус нафақат балиқларда, балки бошқа маҳсулотларда ҳам бўлган. Шу туфайли, бугун Пекиндаги дўконлар ва умумий овқатланиш жойларида барча маҳсулотлар текширувдан ўтказиляпти. Чунки дўконларнинг 80 фоизи «Синьфади» улгуржи бозоридан маҳсулот олиб сотади.

Бугун Хитой пойтахти маъмурияти олдида яна бир қийин вазифа – озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш масаласи турибди. Мегаполисни хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш осон бўлмайди. Энди пойтахтга турли озиқ-овқат маҳсулотлари касаллик аниқланган ҳудудларни четлаб ўтиб, бошқа вилоятлардан олиб келинмоқда.

Пекинда аниқланган вирус коронавируснинг янги турими?

Хитой пойтахтида аниқланган хавфли вирус корнавируснинг янги тури деган тахминлар ҳам билдириляпти. Бу орада Хитой касалликлар назорати ва профилактикаси маркази Пекинда беморларда аниқланган ва атроф-муҳитда тарқалган вируснинг гени аниқланганини эълон қилди. Хитой энди унинг турини аниқлаштириш мақсадида Пекин улгуржи бозорида ўтган ҳафта пайдо бўлган коронавируснинг ген маълумотларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига топширди.

«Вируснинг генини аниқлаш жуда муҳим. Аммо ҳозирча мавжуд бўлган барча маълумотлар фақат тахминларга асосланган», дейди «Спутник» радиосига берган интервьюсида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Н.Ф. Гамалей номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот илмий маркази бўлим мудири, профессор Александр Бутенко.

«Ҳозирча коронавирус ҳақида жуда кам маълумот мавжуд. Борлари эса турли тахминларга асосланган. Бундан ташқари, Пекинда аниқланган вирус коронавируснинг янги тури эканлиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Хитой пойтахтида аниқланган вирус музлатилган маҳсулотлар орқали Европадан кириб келгани ҳақидаги тахминлар ҳам бор. Бу тахмин асосли бўлиб чиқиши ҳам мумкин, аммо Пекинда тарқалган вируснинг денгиз маҳсулотларидан тарқагани ҳақидаги гаплар фақат тахминга асосланган. Вирус одамдан тарқаб кетган бўлиши ҳам мумкин. 

Коронавирус мутацияга учраган бўлиши ёки бошқа турдаги генлар ўртасидаги рекомбинация кўринишида намоён бўлгани ҳам тахминлардан бири. Пекинда тарқалган коронавирус генини ЖССТга топширилиши жуда муҳим янгилик. ЖССТ яқинда бу ҳақдаги ўз маълумотларини эълон қилади», дейди Александр Бутенко.

Пекинликлар учун қаттиқ чоралар бўладими?

Сўнгги кунларда «Синьфади» бозорида коронавирус аниқлангани ва пойтахт Пекинга кириб-чиқишнинг чеклангани Хитойнинг бошқа турли ҳудудларида хавотир уйғотган ҳамда улар ўзларида бўлиб турган пекинликларни мажбурий карантинга ола бошлаган. Хитой касалликлар назорати ва профилактикаси маркази етакчи эпидемиологи У Цзуньюнинг фикрича, турли ҳудудларда пекинликларни карантинга олишдан аввал уларни пойтахтнинг қайси ҳудуддан эканини аниқлаштириш керак. Агар бошқа ҳудудларда юрган пекинликлар шаҳарнинг эпидемиологик хавфли ҳудудидан бўлмаса, уларни мажбурий карантинга олишнинг ҳожати йўқ.

«Хитойнинг турли ҳудудларида Пекинга бориб келган фуқароларни ёки бошқа ҳудудларда юрган пекинликларни мажбурий карантинга олиш бошланиб кетди. Аммо ваҳимага тушиб пекинликларни мажбурий карантинга олишнинг ҳожати йўқ. Шунингдек, аввалроқ Пекинда бўлиб қайтган фуқаролардан ҳам хавфсирамаслик керак. Аввал улардан Пекиннинг қайси ҳудудида бўлганини сўраб, пойтахтдаги эпидемиологик хавфли ҳудуддан эмаслиги аниқланса, уларни мажбурий карантинга олиш шарт эмас. Бу тавсия пойтахтда бўлиб қайтган вилоятлик фуқароларга ҳам тегишли», деган У Цзунью.

ЖССТ касалликнинг янги авж олиши сабабини аниқлаш учун қўшимча экспертлар гуруҳини Пекинга юборган.

Сўнгги маълумотлар

Хитойда жума куни 32, шанба куни 27, якшанба куни 26та янги ҳолат қайд этилди. Бу ҳолатларнинг аксари касалликнинг янги ўчоғига айланган «Синьфади» улгуржи бозори билан боғлиқ, шунингдек, хориждан келиб карантинга олинганлар орасида бир неча ҳолат аниқланган.

Айни вақтга келиб Хитойда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 83378тага етган. Шу вақтгача касалликка чалинганлардан 78413 нафари соғайган, 4634 киши вирус қурбонига айланган ва айни вақтда 308 бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид