Мурожаат муаллифларига тегишлилиги юзасидан ўрганиб чиқилиб, жавоб хатлари тақдим қилинишига қарамасдан, улар томонидан мавжуд қонун ҳужжатлари талабларини тўлиқ билмаганликлари учун, жойларда маҳаллий аҳоли орасида мазкур ҳолат юзасидан тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. 

ДХХ Чегара қўшинлари матбуот марказининг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандида, ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш тасдиқланган квоталар доирасида амалга оширилиши, яъни доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларнинг ёввойи турларини ва ёввойи ўсимликлар техник хом-ашёсини ғамлашга квоталар ҳар йили Фанлар академияси билан келишилган ҳолда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланиши белгиланган. 

Шунингдек, мазкур бандда, келгуси йил учун доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларнинг ёввойи турларини ва ёввойи ўсимликлар техник хом-ашёсини ғамлашга квоталар табиатдан фойдаланувчилар томонидан жорий йилнинг 
1 декабридан 30 декабрига қадар бўлган даврда берган буюртманомалари асосида шакллантирилиб, Фанлар академиясига келишиш учун юборилади. Табиатдан фойдаланувчиларнинг буюртманомаларига асосан 1 апрелдан 30 майга қадар ушбу ўсимлик турлари захираларининг мавжудлиги тўғрисидаги Фанлар академиясининг ижобий хулосасига асосан, уларни ғамлаш (тўплаш) учун қўшимча квоталар ажратилиши мумкин. 

Президентнинг 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4670-сон “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 14-бандига мувофиқ, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Фанлар академияси билан биргаликда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар муҳофазасини кучайтириш, уларни табиий плантацияларини барпо этиш йўли билан тиклаш чораларини кўриш бўйича тегишли таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланган.

Фанлар академияси томонидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида ўсувчи, маҳаллий тилда сассиқ коврак деб юритиладиган ўсимлик – “Ferula tadshikorum” (тожик ковраги) сўнгги йилларда йўқолиб кетиш хавфи вужудга келганлиги сабабли, 2019 йилда “Қизил китоб”га киритилган.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, чегара олди зонаси - Давлат чегарасига туташ ҳудуднинг бир қисми бўлиб, унинг доирасида чегара олди режими жорий этилади.

Чегара олди минтақаси - чегара олди зонасининг Давлат чегараси чизиғига бевосита туташ қисмидир.