Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Тожикистондан келтирилган наркотик моддалар мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1996 йилда Навоий вилоятида туғилган шахснинг вақтинчалик яшаш манзилидан 1 килограмм 995 грамм героин моддаси, 143 грамм «Мефедрон» ҳамда 3 литр суюқ «Мефедрон» синтетик наркотик, қадоқлаш воситалари, электрон тарози ва бошқа ускуналар олинган.

Шунингдек, мазкур шахс томонидан мижозларга сотиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидаги хуфия жойларга яшириб кетилган олтита закладкалардан жами 1 килограмм 296 грамм «Мефедрон» ҳам олинган.

Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари қозоғистонлик ва тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатимизга етказиб берилган.

Бошқа ҳолатда эса Самарқанд — Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомашина Сирдарё вилоятининг «Сирдарё» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган 45 ёшли шахсга тегишли 1 килограмм 641 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув давомида, у наркотик моддани Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғуллангани учун судланган 45 ёшли фуқародан 10 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.

Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида кузатилган ҳолатда, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида истиқомат қилувчи, 64 ёшли шахс Тожикистондан келтирилган 901 грамм опий моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

«Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиб, жазо ўтаган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган», — дейилади хабарда.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 35 ёшли шахс бошқарувидаги Lacetti русумли автотранспорт воситаси Кўкдала туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.