Жаҳон | 19:53 / 23.06.2020
3489
1 дақиқада ўқилади

Wirecard компанияси собиқ раҳбари 1,9 млрд евро йўқолиб қолганидан сўнг ҳибсга олинди

Компаниянинг бухгалтерия ҳисоботига нисбатан шубҳа уйғонганидан сўнг Wirecard акциялари қиймати уч кун ичида 86 фоизга, 104,5 евродан 14,44 еврога тушиб кетди.

Фото: AP

Германиянинг Wirecard AG молия компанияси собиқ раҳбари Маркус Браун ҳибсга олинди, деб хабар берди Deutsche Welle Мюнхен прокуратурасига асосланиб. 

Маълумот берилишича, Браун компания даромадларини ошириб кўрсатиш ҳамда инвестор ва мижозларга Wirecard жозибадорлигини ошириш мақсадида маълумотларни сохталаштиришда гумон қилинмоқда. Прокуратуранинг хабарига кўра, 19 июнь куни лавозимини тарк этган Браун 22 июнь куни таслим бўлган.

Аввалроқ компания ўз ҳисобида деб ҳисоблаб келинган 1,9 млрд евро аслида ҳисобрақамида йўқ эканлигини маълум қилганди. 

Германиянинг молиявий сектор устидан назорат бўйича федерал идораси вазиятни «шармандалик» деб атаган.

«Бу улкан ҳалокат. Афсус, шундай ҳолат содир бўлди», — деди идора раҳбари Феликс Хуфельд Bloomberg агентлигига берган интервьюсида.

Компаниянинг бухгалтерия ҳисоботига нисбатан шубҳа уйғонганидан сўнг Wirecard акциялари қиймати уч кун ичида 86 фоизга, 104,5 евродан 14,44 еврога тушиб кетди.

Мавзуга оид