Ўзбекистон | 22:59 / 24.06.2020
4263
3 дақиқада ўқилади

Суд мустақиллигига дахл қилиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан тезкор хабар бериш тизими яратилиши мумкин

Суд мустақиллигига дахл қилиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан судья томонидан бевосита ва тезкор хабар бериш тизими яратилиши мумкин. Бу янгилик «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида кўзда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида қуйидаги янгиликлар кўзда тутилмоқда:

  • судлар раисларининг судьялар фаолиятини баҳолаш, уларга нисбатан интизомий иш қўзғатишдаги иштирокини қайта кўриб чиқиш;
  • судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор устидан шикоят қилиш механизмини такомиллаштириш;
  • судьяларнинг ваколатларини тўхтатиб туриш ҳамда тугатиш асослари ва тартибини халқаро стандартларга мослаштириш;
  • судьяларнинг мақомини белгиловчи нормаларни такомиллаштириш ва истеъфодаги судьянинг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
  • судьяларни ротация қилишнинг аниқ ва шаффоф механизмини жорий этиш;
  • судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тизимлаштириш;
  • суд мустақиллигига дахл қилиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан судья томонидан бевосита ва тезкор хабар бериш имкониятини кўзда тутувчи тизимни яратиш, ушбу масалаларни қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиш тартибини бекор қилиш назарда тутилиши белгиланган.

«Қайд этиш керакки, амалдаги «Судлар тўғрисида»ги қонун ана шу масалаларни тартибга солиш нуқтаи назаридан такомиллаштиришга муҳтож эди. Ҳозирги шиддатли давр талаби ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, суднинг том маънода «Адолат қўрғони»га айланиши йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

Бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу сабабли айни соҳада Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши судлардаги иш ҳажмини мақбуллаштиришга ва одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз суд тизимини такомиллаштиришга, жамиятимизда адолат, ҳақиқат ва қонун устуворлигини тўла таъминлашга эришишга хизмат қилади»,  – дейди Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов.

Қайд этилишича, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича йўл харитасида белгиланган вазифалар ижросини 2020 йил октябрь ойига қадар таъминлаш белгиланган. «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш ҳам шулар сирасидандир.

Мавзуга оид