Ўзбекистон | 14:44 / 24.06.2020
33258
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 23 июнь куни банк ходимларида ва автопарк ҳайдовчисида коронавирус аниқланди

23 июнь куни Тошкентда банклар ходимларида, автопарк ҳайдовчисида, нафақадаги фуқарода ва тез ёрдам орқали шифохонага олиб келинган фуқарода коронавирус аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 июнь кунлари аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Мамлакатимизда аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари учраб турибди. Жумладан, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич нисбатан юқори эканини кўриш мумкин. 

Аввал хабар қилганимиздек, 22 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 146 нафар бемордан 5 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 23 июнь куни эса 201 нафар бемордан 30 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, ҳам умумий касалланиш кўрсаткичи, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин кўпайганини кўриш мумкин. Хусусан, 23 июнь куни пойтахтимизда 9 ҳолатда аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатлари қайд этилди», дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, пойтахтдаги «Асака банк» туман филиали ходими А.Ғ.да (тана ҳарорати кўтарилган ва поликлиникага мурожаат қилган), «Ипак йўли банк» филиали ходими М.Э.да (шифохонага ётиш мақсадида намуна топширган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Учтепа туманидаги автопарк ҳайдовчиси Б.А.да (тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ бўлгани учун намуна топширган), Олмазор туманидаги нафақадаги фуқаро Г.Н.да, Юнусобод туманида яшовчи Д.Х.да (Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши билан ётқизилган) коронавирус аниқланган. 

«Мазкур ҳолатдан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳрида карантин қоидалари бирмунча кучайтирилди.

Айни вазиятда Соғлиқни сақлаш вазирлиги пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларидан карантин ва санитария қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

23 июнь куни Ўзбекистоннинг 10 ҳудудида - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон, Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди.  Ушбу ҳудудларнинг 8тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланган (Қорақалпоғистон ва Сурхондарёдан ташқари).

 

Мавзуга оид