12:49 / 25.06.2020
43478

Деновда вафот этган беморда коронавирус тасдиқланди. Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 20тага етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган беморда коронавирус инфекцияси тасдиқлангани ҳақида хабар берди.

«Сурхондарё вилоят Денов шаҳрида вафот этган бир нафар беморда коронавирус инфекцияси тасдиқланди.

Маълум бўлишича, Денов шаҳрида яшаган, 1961 йилда туғилган марҳум бемор Б.Х. сўнгги 5 йилдан буён икки томонлама ўпканинг ўткир бронхопневмонияси ташхиси билан даволаниб келган. Шу йилнинг 19 июнь куни бемор (аёл) мурожаатига кўра, олинган намунада коронавирус инфекцияси мавжудлигига гумон қилинган ва бемор тез ёрдам машинасида туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Шифохонада беморга «Икки томонлама ўткир бронхопневмония. Ўткир юрак ва ўпка етишмовчилиги оғир даражаси, коронавирус инфекциясига гумон» ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, беморда «Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, сурункали пиелонефрит, камқонликнинг ўрта оғир даражаси» ёндош касалликлар ташхиси ҳам қўйилган.

Беморга кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимацион муолажаларга қарамасдан у юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.

Республика санитария-эпидемилогик осойишталиги агентлигининг махсус референс лабораторияси хулосасига кўра, марҳумдан олинган намунада  коронавирус инфекцияси тасдиқланган. У билан мулоқотда бўлган оила аъзолари, яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий карантинга олинган бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 21 июнь куни Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов туман аҳолисига мурожаатида 20 июнь куни туманда бир киши коронавирусдан вафот этгани ҳақида маълум қилган, аммо бу хабар кўп ўтмай туман ҳокимлигининг телеграмдаги каналидан ўчириб юборилганди.

Ўзбекистонда коронавирус беморлари ўлими билан боғлиқ ҳолат охирги марта 10 июнь куни куни Тошкентда қайд этилганди.

Шу вақтгача Тошкентда 11, Наманганда 4, Самарқандда 2, Фарғона ва Сурхондарёда биттадан ўлим рўй берганди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2286 нафар бемордан 14 нафари оғир, 5 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top