Ўзбекистон | 15:12 / 25.06.2020
15027
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш муассасаси ходимида вирус чиқди. ССВ аҳоли орасидаги ҳолатлар бўйича қўшимча маълумот берди

24 июнь куни Тошкентда шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш муассасаси ходимида, «Comfort Leather» корхонаси ходими ва унинг оила аъзоларида, шунингдек, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Олмазор, Сергели ва Чилонзор туманларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

24 июнь куни Ўзбекистонда аҳоли орасида қайд этилган 31 ҳолатдан 18таси Тошкент шаҳрига тўғри келган.

«Кеча аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича ҳам Тошкент шаҳрида юқори кўрсаткич қайд этилди.

Аввал хабар қилганимиздек, 23 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 201 нафар бемордан 30 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 24 июнь куни эса 239 нафар бемордан 31 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 18 нафари Тошкент шаҳрида аниқланди. 

Икки кунлик маълумотга кўра, ҳам умумий касалланиш кўрсаткичи, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин кўпайганини кўриш мумкин», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Учтепа туманида яшовчи Х.Ю.да ва шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш муассасаси ходими Д.Э.да (ҳар икки ҳолатда ҳам шифохонага ётиш учун намуна топширган), Мирзо Улуғбек туманида яшовчи М.Б.да («ЭКО» бозорига бориб келгандан сўнг тана ҳарорати кўтарилган ва намуна топширган), Олмазор туманида яшовчи М.Қ.да (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли намуна топширган), шу туманда яшовчи М.Х.да, Чилонзор туманида яшаб, Тошкент туманидаги «Зангиота» божхона постида фаолият кўрсатувчи Ш.С.да, «Comfort Leather» корхонаси ходими ва унинг 5 нафар оила аъзосида коронавирус тасдиқланган.

Бундан ташқари, Сергели туманида яшовчи, нафақадаги фуқаро Д.А. ва унинг турмуш ўртоғи А.А.да, «Ўзагротехсаноатҳолдинг» АЖ ходими Б.С.да (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли тез тиббий ёрдам чақирган), Чилонзор туманида яшовчи Д.С.да (қизи М.Х. тана ҳарорати кўтарилгани учун таҳлил топширган), Олмазор туманида яшовчи С.Ф.да (уй бекаси, ҳомиладор, туғруқхонага ётиш учун намуна топширган) ҳам касаллик қайд этилган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

«Ўтган икки кунлик ҳолат Тошкент шаҳрида карантин қоидалари бежиз кучайтирилмаганини кўрсатиб турибди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид