Ўзбекистон | 15:35 / 26.06.2020
29938
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда туғилган кунда 2 киши вирусга чалинган. ССВ аҳоли орасидаги касалланиш ҳолатлари бўйича қўшимча маълумот берди

25 июнь куни Жиззах вилоятида коронавирусга чалингани қайд этилган икки киши Шароф Рашидов туманидаги туғилган кунга боришганида коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди. Шунингдек, Андижон вилоятида май ойида Россиядан келиб 2 ҳафталик карантин муддатини ўтаб чиққан талаба орадан бир ой вақт ўтиб вирусга чалинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июнь куни Тошкент, Жиззах ва Андижон вилоятларида аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Мамлакатимизнинг қатор вилоятларида, жумладан, «яшил» ёки «сариқ» ҳудудларда ҳам аҳоли орасида фавқулодда коронавирус қайд этилиши ҳолатларининг кузатилаётгани барчамизни ҳушёр торттириши лозим.

Афсуски, кеча 276 ҳолатда касаллик аниқланиб, рекорд кўрсаткич қайд этилди. Шу куни 24 нафар аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 17 нафар, Тошкент вилоятида 4 нафар, Жиззах вилоятида 2 нафар ҳамда Андижон вилоятида 1 нафарни ташкил этди», дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи З.Х.да, Қибрай туманида яшовчи 2 нафар фуқарода (ҳар икки ҳолатда ҳам тана ҳарорати кўтарилгани сабабли намуна топширган), Паркент туманида яшовчи Ш.А.да ҳам касаллик аниқланган.

Шунингдек, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи 2 нафар фуқарода (улар туғилган кун нишонлашга боришган, шундан сўнг тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи С.А.да (Россия ҳарбий космонавтлар академияси талабаси. Шу йилнинг12 май куни Санкт-Петербург шаҳридан чартер рейс билан келган ва 27 майда карантин муассасасидан чиққан) коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

«Юқорида қайд этилган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан вақтинчалик тийилишларини, ва албатта, қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришмаслик, озодаликка риоя қилиш, сабабсиз кўчага чиқмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, ниқобни тўғри тақиб юриш каби карантин қоидаларига қатъий риоя этиб, бизга, шифокорларга ёрдам беришингизни сўраб қолади.

Ўзингиз ва атрофдагиларнинг соғлигига бепарво бўлманг!», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид