Жамият | 23:39 / 27.06.2020
11803
3 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармасининг Тойлоқ туман бўлими ходими 108,4 млн. сўм миқдоридаги пенсия пулларини ўзлаштиргани аниқланди

Пенсия жамғармасининг Тойлоқ туман бўлими ходими “Пенсия” дастуридан фойдаланган ҳолда 108,4 млн. сўм миқдоридаги пенсия пулларини ўзлаштирган. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълум қилишича, ўзлаштирилган пуллар 10 нафар пенсионер номига ўтказилган.

«Пенсия жамғармасининг Тойлоқ туман бўлими ходими И.Р. томонидан бўлимнинг пенсия ва нафақалар тўлови мониторинг гуруҳи инспектори З.А. ҳамда Пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармасининг Маблағларни бошқариш, пенсия ва нафақалар тўлов мониторинги бўлими бошлиғи А.Р.ларнинг “Пенсия” дастуридан фойдаланадиган ва сир сақланиши зарур бўлган логин ҳамда паролларини қўлга киритиб, улардан фойдаланган ҳолда ўзи истиқомат қилиб келаётган маҳаллада яшовчи 10 нафар пенсионер номига ўтган давр учун асоссиз пенсия пулларини дастурга киритган натижада 90,8 млн.сўм миқдоридаги жамғарма маблағларини ўзлаштириб юборганлиги аниқланди», дейилади Пенсия жамғармасининг ахборот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, жамғарманинг ички аудит ва молиявий назорат, пенсия ва нафақаларни тайинлаш мониторинги бошқармаси 2019 йил давомида пенсия олувчиларга ўтган давр учун тўланган маблағларнинг қонунийлиги танлов асосида камерал тартибида масофадан туриб ўрганганда Тойлоқ туманида жами 12 ҳолатда 108,4 млн. сўм миқдоридаги маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, 2 ҳолатда аниқланган 17,6 млн.сўм маблағлар эса И.Р.нинг эҳтиётсизлиги оқибатида ўз маҳалласида яшовчи пенсионерлар номига очилган пластик карталарига асоссиз пенсия ўтказилган.

«Ўрганиш давомида И.Р. пенсия пулларини ўзлаштиришнинг пухта режалаштирилган ва ҳеч кимнинг хаёлига келмаган йўлини топгани маълум бўлган.

Мисол учун, Тойлоқ туманида яшовчи Э.А.нинг ҳеч қандай тўхтатишларсиз бир маромда тўланиб келинаётган 718,2 минг сўм миқдоридаги пенсия пулига ҳеч қандай сабабларсиз 2019 йил октябрь ойида 13,6 млн.сўм миқдорда ўтган давр учун тўлов (доплата) қўшилган ҳолда, тўловга чиқарилган. Пенсионернинг ўзи ушбу ҳолатдан мутлақо ҳабарсиз қолиши учун, пенсия пулининг 10 фоизи нақд пул кўринишида, 90 фоизи банк пластик карточкасига ўтказилган.

13,6 млн.сўм шундай пухта тайёрланганки, пенсиясининг ҳамда қўшимча чиқарилган асоссиз пенсиянинг 10 фоиз миқдорини қўшганда аввалги ойда тўлаб келинган сумма билан бир хил қилиб, фуқаро сезмайдиган ҳолатга келтирилган ва бунда пенсионерга аввалги ойлардаги каби, 718,2 минг сўм пенсия пули нақд пул кўринишида Халқ банки томонидан тўлаб берилган, қолган 13,6 млн.сўм маблағ эса туман Агро банкда очилган банк пластик карточкасига туширилиб, ўзлаштирилган. Худди шу каби йўллар билан бўлим мутахассиси И.Р. яна 9 нафар пенсионер номига қўшимча пенсия пулларини ёзиб, ўзлаштириб келган.

Ҳозирги кунда, Пенсия жамғармасининг Тойлоқ туман бўлими ходими собиқ ходими И.Р. томонидан ўзлаштирилган 108,4 млн. сўм пенсия пуллари Жамғарма ҳисобига ихтиёрий равишда тўлиқ ундирилган бўлиб, ўтказилган ўрганишлар юзасидан тўпланган текшириш материаллари ва ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим қилинди», дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид