«Нафақат ходим, оддий одам сифатида Самарқандда яшаш ёқимли»
Суҳбатдошимиздан аввало Самарқандга келгани, бу ўзига хос ротацияни қандай қабул қилгани ҳақида сўрадик. У нафақат давлат ходими, балки оддий инсон сифатида Самарқандда яшашнинг ўзи ёқимли экани ҳақида қайд этиб ўтди:
«Биласизми, Самарқандга нафақат давлатнинг ходими сифатида, балки оддий одам сифатида яшашнинг ўзи ёқимли. Фаолиятимда турли ротациялар бўлган, туман тиббиёт бирлашмаларида ҳам ишлаганман, аммо бунақа тажриба илк марта бўлиши. Самарқанд давлат тиббиёт институти нафақат мамлакатда, балки минтақада ўз номига эга олийгоҳ. Бу ердан кўплаб академиклар, профессорлар чиқишган. II жаҳон уруши вақтида Ленинград ҳарбий тиббиёт академияси вақтинча Самарқанд тиббиёт академиясига кўчирилган. Қисқа муддат бўлса-да, собиқ иттифоқдаги етакчи тиббиёт олийгоҳининг Самарқандда фаолият юритиши кейинчалик ҳудудда тиббиёт ривожига ҳисса қўшган».
Профессор билан суҳбатимизнинг асосий қисмини коронавирус ҳақидаги саволлар ташкил этди. Жасур Ризаев коронавирус бутун дунёни шошириб қўйганини таъкидлади:
«Коронавирус билан боғлиқ вазият нафақат бутун дунёдаги тиббиёт ходимларини, балки барча инсонларни шошириб қўйди. Пандемия жуда катта лойиҳаларни тўхтатиб қўйди. Иқтисодиётга, одамларнинг яшаш тарзига таъсир қилди.
Бир нарсани унутмаслик керак, коронавирус янги вирус эмас. Унинг устида кўплаб ўрганишлар қилинган. Вирус бугунги кунда мураккаб модификацияга учраб, пандемия шароитини келтириб чиқарди. Бунга эса давлатлар тайёр эмасди. Бизда коронавирусга қарши кураш тўғри йўлга қўйилгани учун бугун касаллик кўрсаткичи юқори эмас. Масалан, МДҲда фоиз кўрсаткичи бўйича энг яхши кўрсаткичлардан бири бизда».
«Вирус билан «дўстона яшашга» ўрганишимиз керак»

Суҳбатдошимизнинг айтишича, вирус бутунлай йўқолиб кетиши қийин масала. Шундай бўлса-да, уни инсоният учун кам хавф туғдирадиган вирусга айланиб қолишига эришиш мумкин:
«Менга кўпчилик «Вирус йўқолиб кетадими?», деб савол беради. Шуни тушунишимиз керакки, вирус йўқолиб кетмаган тақдирда ҳам инсоният у билан «дўстона яшашга» ўрганиши керак. Бунинг имкони бор. Масалан, биз карантинни тўғри йўлга қўйдик, даволаш борасида тўғри ишладик, касалликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрдик ва натижада карантиндан кам йўқотиш билан чиқишимизга умид қилишимиз мумкин.
Шу ўринда айтишим керак, эпидемиологик вазият вақтида Самарқанд тиббиёт институти ходимлари ҳам қараб тургани йўқ. Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарёдаги мингга яқин тиббиёт ходимларини коронавирусга қарши кураш доирасида қайта тайёрлашга ёрдам бердик. Биз уларни аввало ўзини ҳимоялашга ўргатишга эътибор қаратдик. Чунки тиббиёт ходимлари вирусга қарши курашда аввало ўзини ҳимоялаши керак. Вирусга бўлган нотўғри муносабат тиббиёт ходимларига зарар етказиши мумкин.


















