Ўзбекистон | 19:47 / 29.06.2020
8916
5 дақиқада ўқилади

«Агентлик мустақиллигини таъминлаш лозим» — БМТ вакили Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилганига муносабат билдирди

«Янги агентликни етарли имкониятлар билан таъминлаш муҳим. Кўплаб мамлакатларда коррупцияга қарши идоралар жуда катта умидлар ва дастурлар билан ташкил этилган, аммо тегишли ваколатларга эга бўлмасдан туриб, уларнинг истиқболи ноаниқ», – дейди Матильда Димовска.

Ўзбекистонда президент фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ушбу фармон қабул қилинишига муносабат билдириб, ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Сўзимни Ўзбекистон ва ҳукуматдаги шерикларимизни коррупцияга қарши ислоҳотларга содиқлиги учун мақташдан бошласам. Ўзбекистонда халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларга мувофиқ коррупцияга қарши институтлар, сиёсат ва амалиётларни яратиш бўйича ислоҳотлар давом этаётганини кўриш жуда қувонарли.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон коррупцияга қарши халқаро рейтинглар бўйича ўз мавқейини барқарор равишда яхшиламоқда. Масалан, Transparency International халқаро ташкилотининг коррупцияни идрок этиш индексида ёки шунга ўхшаш тарзда Жаҳон адлия лойиҳасининг қонун устуворлиги индексида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланган.

2020 йил коррупцияга қарши кураш мавзусидан бошланиб, президентнинг асосий мурожаати ва коррупцияга қарши курашиш учун масъул бўлган алоҳида органни (Антикоррупция агентлигини) тузиш таклифи билан давом этяпти. Шунингдек, биз «ҳалоллик вакцинаси» – коррупцияга нисбатан муросасизликни намойиш этиш учун жамиятда ҳаракатларни қўзғатишга даъват ҳақида ҳам эшитдик.

Коррупцияга қарши кураш тизимини такомиллаштириш бўйича яқинда эълон қилинган фармон ушбу қарашларни ва Ўзбекистонда олиб борилаётган коррупцияга қарши ислоҳотларни ривожлантиришга қаратилган.

Шуни мамнуният билан таъкидлаймизки, фармон коррупцияга қарши курашнинг муҳим жиҳатларини қамраб олади:

а) коррупция хавфини баҳолаш;

б) манфаатлар тўқнашуви;

c) активлар декларацияси;

д) коррупцияга қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

э) коррупцияга қарши таълим.

Фармонда Коррупцияга қарши кураш агентлигини ташкил этиш режалари батафсил баён қилинган, шунингдек фуқаролик жамиятининг коррупцияга қарши курашдаги муҳим ўрни тан олинган. Биз буларнинг барчаси мамлакатда коррупцияга қарши курашни алоҳида институт сифатида ташкил қилиш учун муҳим чора-тадбирлардан, деб ҳисоблаймиз.

Коррупцияга қарши курашиш агентликларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятидаги глобал тажрибамиз ҳамда Ўзбекистон тизимининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, биз ушбу фармон бир қанча муҳим жиҳатларни кучайтириши мумкинлигига ишонамиз.

Биринчидан, Агентликнинг мустақиллигини таъминлаш лозим. Мунтазам фаол бўлган ва самарали иш олиб борувчи Антикоррупция агентлиги коррупцияга қарши курашда жуда катта кучга эга бўлиши ва ҳукуматдан мустақил равишда иш олиб борган ҳолда жамиятдаги энг юқори мартабали одамларни ҳам жавобгарликка тортиши мумкин.

Бунда аввало агентлик раҳбарияти ва ходимларини аниқ белгиланган мезонлар, ошкоралик тамойиллари асосида иқтидордан келиб чиққан ҳолда танлаб олиш зарур. Агентлик раҳбариятининг доимий ваколати хавфсизлиги ҳам жуда муҳимдир. Бундан ташқари, аксарият мамлакатларда коррупцияга қарши кураш агентлиги ички ​​тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда ўз ходимларини ўзи танлайди.

Иккинчидан, вазифаларнинг аниқлиги ва Агентликнинг етарли имкониятлар билан таъминланишининг муҳимлиги. Кўплаб мамлакатларда коррупцияга қарши идоралар жуда катта умидлар ва дастурлар билан ташкил этилган, аммо тегишли ваколатларга, техник имкониятларга, молиявий ресурсларга ва операцион мустақилликка эга бўлмасдан туриб, уларнинг истиқболи ноаниқ.

Шу сабабли, Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида функцияларни аниқ белгилаш, ваколатлар ва мажбуриятларни тақсимлаш муҳим ҳисобланади.

Фармонда Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгар бўлиши қайд этилган. Юқорида келтирилган жиҳатларни янада чуқурроқ муҳокама қилиш орқали тегишли вазифаларни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари функцияларини аниқ белгилаб олиш мумкин. Шунингдек, мамлакатда коррупцияга қарши биргаликда ҳаракат қилиш учун самарали мувофиқлаштириш ва алоқа меҳанизмларини яратиш зарур.

БМТ ТД коррупциянинг олдини олиш – коррупция ҳолатларини тергов қилиш ва судга тортиш билан баравар муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Коррупциянинг олдини олишда фаол хизмат кўрсатувчи органни яратиш ҳукумат, бизнес ва жамиятнинг жипслашишида ҳамда ҳалоллик маданиятининг шаклланишида муҳим рол ўйнайди.

Буларнинг барчаси БМТ ТДни Ўзбекистон ҳукумати билан коррупцияга қарши ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, қарорнинг якунланишини қўллаб-қувватлашда ва унинг самарали бажарилишини таъминлашда давом этишга ундайди.

Мавзуга оид