Ўзбекистон | 14:10 / 29.06.2020
1929
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пудрат ташкилотларнинг рейтинги ишлаб чиқилади 

Ўзбекистонда пудрат ташкилотларнинг рейтинги ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Қурилиши вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, пудрат ташкилот ишчи муҳандислари сифатини ўз ичига оладиган рейтинг тизими ишлаб чиқилмоқда. Унда ишчи муҳандисларнинг касбий билими, корхона бажарган ишлари кўлами, солиқ тўлови, банкдаги ҳисоби ва шу каби омилларни ўз ичига олади.

2020 йил якунига қадар бу борадаги ишларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича аниқ режалар тузилиб олингани айтилади.

Билдирилишича, буюртмачи фаолиятида тендерларга риоя қилинмаган ва охирги 2 йил ичида давлат дастурлари доирасида бор йўғи 182та тендер ўтказилган. 

Вазирлик ривожланган хорижий  давлатлар мутахассис консультантлари билан мукаммал тендер порталини ишлаб чиқмоқда. Натижада давлат дастурлари ягона портал орқали рақамли шаклда бўлади, бу шаффофликни таъминлайди.

“Қурилиш соҳасида рақамлаштиришни тўлиқ жорий этишда Геоахборот тизими ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.  Бу тизимга Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик генпланлари жойлаштирилади. Жорий йилнинг 1 июнида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилган “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимига Геопортал ҳам интеграциялаштирилган. Эндиликда юртимизда иш бошламоқчи бўлган хорижий инвесторлар қаерда қандай қурилиш ишларини олиб боришларини мумкинлигини шу тизим орқали бемалол билиб олишлари мумкин бўлади.

Қурилиш назоратини тўлиқ рақамлаштирмоқдамиз. Бу билан аввало назорат инспекторларига қулайлик яратилади. Натижада назорат яхшиланади. Ишнинг сифати  ошиб, унга бўлган вақт сарфи ҳам анчагина камаяди. Шунингдек, жараён рақамлаштирилгандан сўнг вазирлик мутасаддиларининг инспекторлар фаолиятини тўлиқ назорат қилишига эришилади. Натижада коррупцияни олди олиниб, жараён шаффофлашади. Бу ўз навбатида тадбиркор пудратчилар фаолиятини ҳам осонлаштиради. Ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозликка барҳам берилади. 

Эндиликда вазирлик расмий сайтига қурилиш жараёни калкулятори жойлаштирилади. Бу нима дегани? Истаган киши, хоҳ юртдошларимиз ёки хорижий инвесторлар бўлсин, ундан бемалол фойдаланишлари мумкин. Дейлик, улар Ўзбекистонда бирор бир объект қурмоқчи. Бунинг учун ишни нимадан бошлаш керак, қандай жараёнлардан ўтилади ёки қайси ҳужжатлар талаб этилади, ҳаттоки сарфланадиган маблағ ва вақт ҳажми ҳам унда аниқ кўрсатилган бўлади”, - дейилади маълумотда.
 
Шунингдек, вазирлик қошида қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Маркази ҳам ташкил этилди. Унга соҳани тўлиқ рақамлаштириш вазифаси юклатилган бўлиб, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари рейтинги, танлов савдолари ва экспертиза жараёнларини электронлаштириш, қурилишда рақамлаштирилган назоратни амалга ошириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид