Ўзбекистон | 23:26 / 30.06.2020
32265
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондан келган қорақалпоғистонлик бемор Тошкентда вафот этди

10 июнь куни Қозоғистондан келган ва 19 июнь куни коронавирусга чалингани аниқланган қорақалпоғистонлик бемор оламдан ўтди. Бу Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 26-ўлим бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекциясига чалинган қорақалпоғистонлик бемор Тошкентда ўпка ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди.

«Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида яшовчи, 62 ёшли Б.Я. (эркак) жорий йил 10 июнь куни Қозоғистондан келганлиги сабабли Карантин марказига жойлаштирилган. 15 июнь куни эса ҳамроҳ касалликлари туфайли Яккасарой туман шифохонасига ётқизилган. 

19 июнь куни унда коронавирус аниқланган ва Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда ўтган кунлар давомида реанимация бўлимида бўлган. 

Унга юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали юрак, буйрак, жигар етишмовчилиги каби қатор касалликлар бўйича ташхис қўйилган. 
 
Бемор бундан аввал, охирги 5 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали юрак ва жигар етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.
 
Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи етакчи шифокорлар, шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ўтказилиб, доимий назоратга олинган. 

Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўпка ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ўзбекистонда сўнгги 3 кун давомида коронавирус туфайли 6 ўлим ҳолати (ҳар куни иккитадан) қайд этилди ва коронавирусдан вафот этганларнинг жами сони 26 нафарга етди.

Шу вақтгача Тошкентда 13, Наманганда 4, Самарқандда, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Бухорода биттадан ўлим рўй берганди.

Мавзуга оид