Жамият | 13:17 / 30.06.2020
62846
6 дақиқада ўқилади

«Уйимда иссиқ овқат қайнатолмайман»: Самарқандда етти ой давомида ойлик олмаган ҳамшира ва шифокорлар бор

Самарқанд шаҳридаги стоматология поликлиникаси давлат унитар корхонасида ишловчи даволовчи врачлар ва техник ходимлар таҳририятга мурожаат қилишди.

«Поликлиника ҳамшира ва фаррошлари етти ойдан бери маош олмаймиз. Рўзғоримиз, бола-чақамиз бор. Ҳар куни «энди ойлик бериб қолар», деган умид билан ишга келиб, борган сари ночор аҳволга тушиб қоляпмиз. Поликлиникамиз раҳбарига жуда кўп бор оғзаки ва ёзма мурожаат қилдик. Аммо директор муаммони ҳал қилиш ўрнига навбатдан ташқари аттестация ўтказиб, ишдан кетказиш ёки иш жойларини қисқартириш билан қўрқитиб келмоқда...»

Вазиятни ўрганиш учун поликлиникага борганимизда, бир неча врач маош масаласида «бироз» кечикиш бўлаётганини маълум қилса, ҳамшира ва фаррошлар умуман маош берилмаётгани учун «пичоқ бориб суякка тақалгани»ни айтишди.

Ўрганиш давомида врачлар сўнгги марта 2019 йилнинг августида, ҳамшира ва фаррошлар эса октябрь ойида маош олгани маълум бўлди.

Ташкилотда жами 154 киши меҳнат қилса, улардан 43 нафари врач, 25 нафари ҳамшира, 39 нафари техник ходимлар, 11 нафари фаррош ва қолганлар маъмурият ходимлари. Барчалари сўнгги марта 2019 йил ҳисобидан маош олишган. Фақат юқори идораларга мурожаат қилган бир-икки ходимгина айрим ҳолатда иш ҳақини ундира олган.

Бир гуруҳ ҳамшира ва фаррошлар муаммо ҳақида сўзлаб беришди.

Муҳаббат Муродова: «Беш йилдан буён шу муассасада ишлаб келаман. Маошим бир миллион сўм. Сўнгги марта ўтган йилнинг октябрида ойлик олганман. Сўнгги ойларда, айниқса карантин даврида жуда қийналдик. Оилада мендан бошқа боқувчи йўқ. Менга каби яна 36 киши маош ололмаган. Карантин даврида ўз ҳисобимиздан таътил бериб юборишди.

Феруза Аҳмедова: Ҳаммамизда шу аҳвол, маошсиз ишлаб келяпмиз. Уйимдагилар ҳам ҳайрон қолишади. Март ойида декабрнинг ойлигини олганман. Унда ҳам президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб, бир-икки ойлик маошимни ололдим, холос.

Ўзини Нодира опа деб таништирган аёл: Сўнгги марта 2019 йилнинг октябрь ойи учун 864 минг сўм маош олганман. Ёлғиз боқувчиман, баъзан ҳамкасб врачларимиз ўз ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатишади. Мана, ҳозир уч кундан бери уйимда иссиқ овқат қайнатолмайман. Қизим йиғлайди, «Бирор нима олиб келиб беринг, оч қолдим» дейди. Кўзимда ёш билан ишга келаман-у иш ҳақимни ололмайман. Қаерга, кимга мурожаат қилайлик?!

Яна қатор ходимлар худди шу каби фикрларни билдираркан, «биз-ку майли, уйда боқувчимиз бор, аммо раҳбарият инсоф юзасидан ҳеч бўлмаса шароити оғирларнинг ойлигини вақтида берса бўларди-ку» дейишмоқда.

Муассаса раҳбари Сулаймон Исроилов ҳолат юзасидан изоҳ берди.

«Бу муаммо олдиндан бор, ходимларнинг ҳаммаси эмас, бир қисми ойлигини олмаган. Биз хўжалик ҳисобидан фаолият юритамиз. Солиқлар, коммунал тўловлардан ортиб, маош берилади. Ҳозирда келувчи беморлар сони кескин камайиб кетгани сабабли шу муаммо юзага келяпти. Қарзларни аста-секин «ёпиб» келяпмиз. Ташкилот илгари бюджет томонидан молиялаштирилган, 2014 йилдан бошлаб ўзини ўзи таъминлашга ўтган. Иш ўрнини камайтиришга ҳаққимиз йўқ, молиявий ҳолатимизни тиклаш эса фақат беморлар сони кўпайишига боғлиқ», дейди у.

Қизиқ, агар бундай йирик бино ва иншоотлар, салоҳият бирор бир хусусий клиникада бўлса, қанақа «яшнатиб» юборишини тасаввур қилинг. Нега бу муассасада гарчи тўловлар хусусий клиникаларга нисбатан арзон бўлса-да беморлар кам, маблағ тушуми паст? Тушуниш қийин. Афсуски, муассасада вазиятни ўнглаш, молиявий ҳолатни соғломлаштириш бўйича ҳам аниқ бирор режа йўқ экан. Бемор кўпайсагина ҳолат яхши бўлишига умид қилинмоқда.

Ходимлар бу муаммо асосан сўнгги икки йилда «газак» олганини айтишяпти. Солиштириб кўрадиган бўлсак, 2019 йилнинг биринчи чорагида тушум 205 миллион сўм, жорий йилнинг мос даврида эса 183 миллион сўм бўлган. Қизиғи, ҳар бир врачнинг ойлик топшириши керак бўлган маблағ режаси 2 миллион 600 минг сўм бўлса-да, ана шу режа ҳам аксарият врачлар томонидан бажарилмаган. Шу тарзда биринчи чоракда 231 миллион сўм ўрнига 183 миллион тушум бўлган. Бир врач (ҳамшира билан) бир ойда беморларга 2,6 миллион сўмлик ҳам хизмат кўрсата олмаслиги мумкинми? Қизиқ...

Қоидага кўра, врачларнинг маоши, туширилган маблағнинг 24 фоизи ҳисобида тўланаркан. Қарийб бир йилдан бери маош олмаган врачлар қандай қилиб ҳалигача ишлаб келишяпти?

Очиғини айтамиз: врачлар ойлик маошдан жиддий шикоят қилишгани йўқ (Бунинг ҳам сабаби бўлса керак). Аммо ойликсиз, қора қозони қайнамай қолган ҳамшира ва фаррошларнинг аҳволини ўйламаслик ҳам инсофдан бўлмаса керак.

Келинг, бир ҳолатга холис эътибор қаратайлик. Йиллар давомида ойлигини ололмай келаётган ходимлар ҳақида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига, юқори ташкилотларга бирор марта ёзма мурожаат қилинганми? Ходимлар маошсиз қолаётгани ҳақида бошқалар воқифми? Афсуски, бу саволга поликлиника раҳбари жўяли жавоб қайтара олмади. Ваҳоланки, стоматология ишчи-ходимлари кунлик топшираётган маблағ ўзларининг ойлигига етмаётган экан, бунча ходимни «ушлаб» туришдан мақсад нима? Умуман, ташкилот хўжалик ҳисобида экан, ишчи-ходимларнинг эртанги куни, йил давомида маошсиз қолиб кетмаслиги ҳақида кимдир бош қотирганми?

Яна бир гап: ҳамшира ва фаррошлар ойлик ололмаётган бўлса-да, бирор марта бекор, кундалик юмушсиз қолиб кетишмагани ҳақида гапиришди. Мижозлар сезиларли даражада камайган, деган иддао ҳам уларни таажжубга солмоқда.

Мақола сўнгида поликлиника раҳбарларига, умуман шу тизим масъулларига бериладиган савол: ойлик маошсиз ишлаётган соҳа ходимлари кунини ўтказиш учун пул топишнинг қинғир йўл танламаслигига ишончингиз комилми?

Анвар Мустафоқулов, Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбирлари.
Жаҳонгир Алибоев, тасвирчи.

Мавзуга оид