Иқтисодиёт | 13:12 / 01.07.2020
11363
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «яшил» облигациялар бозорини эгаллашни режалаштирмоқда

Ўзбекистон фонд бозори молиявий маҳсулотлари хилма-хиллигини кенгайтириш мақсадида БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳаси ҳамда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Фото: Getty Images

Жорий йилнинг 29 июнь куни Bloomberg’да Ўзбекистоннинг “яшил” облигациялар бозорини эгаллаш режаси ҳақидаги мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги.

Қайд этилишича, мақолада агентлик директори Отабек Назиров “сукук” ислом молиявий инструменти мамлакат молия бозорини кучайтириш учун Ўзбекистонга маҳаллий ва халқаро инвестицияларни жалб қилиш имконини бериши мумкинлигига диққат қаратган. 

Билдирилишича, Ўзбекистон фонд бозори молиявий маҳсулотлари хилма-хиллигини кенгайтириш мақсадида БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳаси ҳамда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.

“Бизга бир қатор молиявий инструментлар керак. Ҳозирда ушбу инструментни жорий қилиш устида ишлаб, уни тезроқ амалга оширмоқчимиз. Ўзбекистон ҳам ислом, ҳам анъанавий корпоратив облигациялар бозорини ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга”, - дейди О. Назиров.

Маълумот учун, “суқуқ” яшил облигациялари инвестиция жалб қилишнинг кенг тарқалган усули бўлиб, лойиҳавий молиялаштириш ҳамда ижара унсурларига ўхшаб кетади. Ҳозирда ушбу бозорнинг жаҳондаги айланмаси тахминан 950 млн долларни ташкил этади. Ислом инструментидан фойдаланишнинг инвестор учун энг афзал жиҳати шундаки, бунда қимматли қоғознинг даромадлилиги “суқуқ” чиқарилаётган лойиҳанинг даромадига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.

Аввалроқ, Ўзбекистон сўмда евробондлар чиқаришни режалаштираётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид