Ўзбекистон | 23:20 / 02.07.2020
2346
2 дақиқада ўқилади

БААнинг «Mubadala» компанияси билан Ўзбекистон энергетика соҳасида лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан устувор қўшма лойиҳаларнинг боришини ҳамда савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқишга бағишланган йиғилиш ўтказди.

«2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширилган олий даражали ташриф якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами, шу жумладан савдо-иқтисодий ва инвестицион битимлар имзоланган эди. Энергетика, инфратузилма, кимё ва нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. БАА сармояси иштирокидаги корхоналар сони 141тани ташкил этяпти», дейилади президент матбуот хизматида.

Йиғилишда Амирликлар компаниялари билан келишувлар ўз натижасини бераётгани таъкидланди.

Хусусан, «Masdar» компанияси Навоий вилоятида 500 МВт қувватига эга шамол электр станцияси қурилишига инвестиция киритмоқда, сармояларнинг умумий ҳажми эса 500 миллион доллардан ошади.

Абу-Даби тараққиёт фонди иштирокида эълон қилинган капитали 1 миллиард доллар бўлган қўшма инвестиция компанияси таъсис этилди. Компания илк лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади.

Шунингдек, Абу-Даби тараққиёт фонди Самарқанд шаҳрининг инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этмоқда.

БААнинг «Mubadala» давлат инвестицион компанияси билан энергетика соҳасида ҳамда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш ва уларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Япония, Корея Республикаси ва БАА билан ҳамкорлик бўйича «йўл хариталари»нинг 2020 йил учун белгиланган чора-тадбирларини тўлиқ ва сифатли бажариш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, аниқ вазифа ва чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид