Ўзбекистон | 09:17 / 04.07.2020
21860
4 дақиқада ўқилади

Космик парвоз: нима сабабдан Илон Маскнинг бойлиги март ойидан бери 20 млрд долларга ортди

Фото: Yasin Ozturk / Anadolu Agency via Getty Images

Илон Маск янги рекорд ўрнатди: пандемияга қарамай, унинг бойлиги уч ой ичида деярли икки баравар кўпайди. Forbes рўйхатида бўлган вақт давомида тадбиркор ўз бойлигини 19 бараварга оширди. Қандай қилиб у муваффақиятга эришди ва бу ҳақда қандай фикрда?

Чоршанба куни Tesla’нинг капиталлашуви биринчи марта 208 миллиард доллардан ошди, шундан сўнг компания дунёдаги энг қиммат автомобиль ишлаб чиқарувчига айланиб, Япониянинг Toyota компаниясини ортда қолдирди. Пайшанба куни электр автомобиллар ишлаб чиқарувчининг акциялари янада ўсди: Tesla машиналар савдоси прогнозлардан ҳам ошиб кетганини хабар қилди. Компаниянинг бозор қиймати 224,5 миллиард долларгача кўтарилди.

Tesla бош директори, компаниянинг 13 фоизига эгалик қилувчи Илон Маск котировкалар ўсишида бошқалардан кўпроқ пул ишлаб олди. Forbes маълумотига кўра, ўтган жума, 26 июндан бери тадбиркорнинг бойлиги 5,2 миллиард долларга ошди ва пайшанба кунги савдолар якунида 46,3 миллиард долларга етди. Маск Tesla’нинг ўзига тегишли бўлган акцияларини 2010 йилдан, компания очиқ бўлганидан бери бирон маротаба ҳам сотмаган.

«Менга барибир, - дея изоҳ берди Маск Forbes’га электрон мактубда. - Бу рақамларнинг барчаси кўтарилади, пасаяди, лекин энг муҳими, биз одамларга ёқадиган маҳсулотлар яратяпмиз».

49 ёшли тадбиркор ҳозирда энг бой америкаликлар рўйхатида 16-ўринни эгаллаб турибди. У саноат магнати Чальз Кох ва унинг марҳум акаси Дэвиднинг беваси Жулия Кохдан ортда боряпти. Миллиардерларнинг глобал рейтингида Маск 22-ўринда жойлашган. Март ойи ўрталаридан бошлаб, Forbes янги рейтинг учун миллиардерлар бойлигини қайд этганидан бери, Tesla асосчиси 9 поғонага кўтарилди, унинг бойлиги эса 21,7 миллиард долларга ўсди.

Маск биринчи марта миллиардерлар клубига 2012 йилда кирган. У энг бой 400 америкалик рейтингида 2,4 миллиард доллар билан 190-ўринни эгаллаб, дебют қилган. Ҳозирги вақтга келиб унинг сармояси 19 баравар кўпайди - атиги саккиз йил ичида. Tesla акциялари қиймати автомобиль маркасининг содиқ мухлислари туфайли ўсиб бормоқда, аммо миқёси жиҳатидан у ҳали ҳам рақобатчилардан орқада. 2020 йилнинг биринчи чорагида компания конвейердан 103 мингта транспорт воситаси чиқарди - бу шу даврда ишлаб чиқарилган Toyota’дан 25 баравар кам.

Morgan Stanley таҳлилчиси Адам Жонас 23 июнь кунги изоҳида инвесторларни Tesla’ни Apple ёки Google сингари технологик компаниялар каби, деб баҳо бермаслик тўғрисида огоҳлантирди. «Tesla бизнес моделига хос бўлган муҳим хусусиятларни, шунингдек компаниянинг капитал ҳажмини ҳисобга олиш керак», дея таъкидлаб ўтди у. Wedbush Securities таҳлилчиси Дэн Айвз бироз оптимистик кайфиятга эга ҳамда «ўта кучли бизнес модел»ни қўллаб-қувватлайди, айнан унинг эвазига автомобиль ишлаб чиқарувчи пандемия зарбасига дош бера олди. «Бизнинг фикримизча, COVID-19 билан боғлиқ вазият шароитида 90 минг дона машина сотилганини мўъжиза деб аташ мумкин. Акцияларнинг ўсиб боришига пул тиккан сармоядорлар ушбу тенденцияни бутун бозор парадигмасини ўзгартириш учун потенциал усул сифатида қабул қилишади».

Сўнгги ойлар ичида Tesla’нинг шахсий маблағлари ва котировкалари ўсиб борди, Маск эса Twitter’да барча кўчмас мулкларидан халос бўлишга қарор қилганини ёзди. Баъзи маълумотларга кўра, июнь ўрталарида у Бель-Эйрдаги уйни 62,9 миллион долларга сотган. Бундан ташқари, Лос-Анжелеснинг ўша қисмида у яна тўртта кўчмас мулкни сотувга қўйгани ҳақида хабар берилган.

Мавзуга оид