Жаҳон | 11:58 / 12.11.2024
6783
10 дақиқада ўқилади

Маск, кичик Кеннеди ва Уайлс: Трампнинг атрофидагилар ким ва қайсилари янги маъмуриятда лавозим олиши мумкин?

АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган республикачи Доналд Трамп 20 январ куни бўлиб ўтадиган инаугурация маросимидан кейин лавозимига киришади ва ҳозирда энг асосий саволлардан бири — у қандай жамоа билан Оқ уйга қайтиши. Айрим маълумотларга кўра, унинг олдинги даврасидан фақат саноқли содиқ кишилар қолган.

Шу кунларда Трамп ўзининг дастлабки тайинловини амалга оширди: унинг сайловолди кампанияси бошлиғи бўлган Сюзи Уайлс Оқ уй аппарати раҳбари бўлади.

Доналд Трампнинг атрофида яна кимлар бор ва унинг сафдошлари орасида роллар ва муҳим лавозимлар қандай тақсимланиши мумкин?

Сюзи Уайлс

Сюзи Уайлс — Трамп жамоасининг кейинги вазифаси аллақачон белгиланган ягона вакилидир.

Трампнинг сайловлардаги ишончли ғалабаси — у сайловолди кампанияси раҳбари сифатида бажарган ишлар самарасидир. Чоршанба кунги нутқида Трамп унинг ролини алоҳида қайд этган ва уни «муз қиз» (у «ice maiden» иборасини қўллаган) деб атаган.

Шу кунларда у Доналд Трампнинг иккинчи маъмурияти аппарати бошлиғига айланиши маълум бўлди. Бу тарихий тайинлов ҳисобланади, чунки Уайлс бу лавозимни эгаллайдиган илк аёл бўлади.

Уайлс сиёсатга 1970-йиллар охирида кириб келган ва Роналд Рейганнинг 1980 йилги сайлов кампанияси билан шуғулланган жамоада ишлаган. Ўшанда республикачилар номзоди ғалабага эришганди.

2010 йилда у сиёсий тажрибаси деярли йўқ бўлган тадбиркор Рик Скоттга етти ой ичида Флорида губернаторига айланишга ёрдам беради. Айни вақтда Скотт АҚШ Сенати аъзосидир.

Уайлс ва Трамп республикачиларнинг 2015 йилги праймеризи чоғида танишишган ва тез орада у номзоднинг Флорида штатидаги сайловолди кампанияси ҳамраисига айланган, ўша вақтда бу иккиланувчи штатлардан бири эди.

2016 йилда Доналд Трамп бу ерда Ҳиллари Клинтонни кичик фарқ билан мағлуб этади.

Республикачилар Уайлсга катта ҳурмат билан муносабатда бўлади. Кўпчилик у ҳатто Трампнинг ва унинг яқин доирасидаги одамларнинг ҳам амбицияларини тийишга қодирлигини айтган. Бу хислати унга маъмуриятда тартибни сақлашда имкон бериши мумкин, аппаратнинг олдинги тўрт раҳбари буни уддалай олмаганди.

Трампнинг сўзларига ўра, Уайлс сояда қолишни маъқул кўришига қарамай, АҚШнинг энг довруғли сиёсатчиларидан бирига айлана олди.

Кичик Роберт Кеннеди

Сўнгги икки йил 1963 йил ўлдирилган президент Жон Кеннедининг қариндоши учун ҳақиқий саргузашт бўлди.

У атроф-муҳит масалалари билан шуғулланган ҳуқуқшунос бўлиб, ҳозирги президентлик кампанияси даврида Демократик партиядан президентликка номзод бўлишга ҳаракат қилганди.

Шу билан бирга, кичик Роберт Кеннедининг оиласи аъзоларидан кўпчилиги уни вакцинацияга қарши чиққани ва турли фитна назарияларини тарғиб қилиб юргани учун кескин танқид қилишган. Унинг қариндошлари сайловолди кампанияси бошидан буён Жо Байден қайта сайланишини қўллаб-қувватлашган.

Партия ичидаги курашда натижага эриша олмаслигига амин бўлганидан кейин у мустақил номзод сифатида рўйхатдан ўтган. Аммо унинг кампанияси муваффақиятга эришмади ва сентябр ойига келиб у курашдан чиқди ва тарафдорларини Доналд Трампни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Сайлов циклининг сўнгги икки ойида у Трамп сайловолди кампаниясининг «Американи яна соғлом қилиш» ташаббусига раҳбарлик қилди.

Яқинда Трамп кичик Роберт Кеннеди  Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (CDC) ҳамда Озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифати бўйича бошқарма каби соғлиқни сақлаш идоралари фаолиятида муҳим рол бажаришини ваъда қилганди.

Роберт Кеннеди ичимлик сувини фторсиз тозалашни йўлга қўйиш учун ҳаракат қилишини, чунки бу модда инсон организми учун зарарлигини айтганди. Кўплаб экспертлар бу даъвога қўшилмайди.

У шунингдек NBC News учун берган интервюсида вакцинацияга қарши чиққани ҳақидаги даъволарни рад этган. Ўзининг сўзларига кўра, у одамларни эмлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишни ёқламаган, балки улар танлов қилишидан олдин бу борада яхшироқ хабардор қилишни тарғиб этган.

Шу интервюда вазирлик лавозимидан кўра Оқ уйдаги каттароқ ваколатга эга бўлган лавозимни афзал кўришини билдирган.

Илон Маск

Дунёнинг энг бадавлат кишиси, Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари ҳамда X платформаси (собиқ твиттер) эгаси 2022 йилда «Трамп эшкакларини қуритиб, уфқ ортига кетиши кераклиги»ни айтган бўлса-да, жорий йил бошида собиқ  президентни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шундан буён Маск сайловолди кампанияси чоғида республикачиларнинг энг фаол ва кўзга кўринган тарафдорларидан бирига айланиб, Трампни қўллаб-қувватлаш учун унинг ўзи томонидан ташкил этилган America PAC қўмитасига 119 миллион доллар миқдорида хайрия қилди.

Сайлов кунидан бироз олдинроқ Маск яна бир кампанияни йўлга қўйиб, иккиланувчи штатларда рўйхатдан ўтган сайловчиларга унинг сўз эркинлиги тўғрисидаги петициясини имзолагани учун пул тўлади.

Жами тўловлар миллион долларни ташкил этади.

Илон Маск 2022 йилги оралиқ сайловлар арафасда фаол республикачига айланди ва шундан кейин ноқонуний иммиграция ва трансгендерлар ҳуқуқлари каби масалаларда тобора кўпроқ гапира бошлади.

Айрим маълумотларга кўра, Трамп ва Маск «Ҳукумат самарадорлиги департаменти»ни (Department of Government Efficiency) ташкил этиш масаласини муҳокама қилган, уни айнан Tesla раҳбари бошқариши мумкин.

Департаментнинг мақсади — бюджет харажатларини қисқартириш, ҳукумат фаолиятини ислоҳ этиш ва Маск таъбири билан айтганда «бўғувчи федерал бюрократия» билан курашишдир.

Бўлажак агентлик аббревиатураси — DOGE — Илон Маск фаоллик билан тарғиб қилаётган DOGE криптовалютасига мос келади.

Майк Помпео

Канзас штатидан собиқ конгрессмен Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори бўлган, кейин Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддатида давлат котибига айланган.

АҚШ ташқи сиёсатидаги қирғий ва Исроилнинг содиқ тарафдори сифатида Помпео АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси Тел-Авивдан Қуддусга кўчирилишида муҳим рол ўйнаган.

У шунингдек, Авраам келишувлари деб ном олган, Исроилнинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн билан муносабатларини нормаллаштиришга қаратилган келишувни амалга оширишда муҳим фигуралардан бири бўлган.

Помпео ўз раҳбарининг содиқ иттифоқчиси бўлиб қолди ва 2020 йилги сайловларда гўёки демократларнинг ғалабасига ёрдам берган сохталаштириш тўғрисидаги асоссиз даъволарида Трампни қўллаб-қувватлади. Лекин бу баёнот текширувлар давомида ўз исботини топмади.

Ҳозирда Помпео мудофаа вазири лавозими учун икки асосий даъвогардан бири саналади. У бу лавозим учун Вакиллар палатасига Флорида штатидан сайланган, АҚШ армияси махсус кучлари подполковниги Майкл Уолтц билан рақобатлашиши кутилмоқда, представителем Флориды в Палате представителей, под.

Ричард Гренелл

Ричард Гренелл Трамп даврида бир неча бор лавозимини ўзгартирган: у Германиядаги элчи бўлган, Болқондаги махсус вакил сифатида ишлаган ҳамда Миллий разведка директори вазифасини бажарган.

У Доналд Трампга 2020 йилги сайловларда Невададаги натижалар сохталаштирилганини исботлашда ёрдам кўрсатган, бу республикачилар ўз ғалабасига амин бўлган ҳудуд эди.

Трамп Гренеллнинг садоқатини қадрлайди ва уни «ўз махсус вакили» деб атайди.

Сентябрда Гренелл Трампнинг Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувида қатнашган. Трамп бир неча бор лавозимга киришиши биланоқ, 24 соат ичида Украинадаги урушни тўхтатиши мумкинлигини айтган.

Ўз навбатида, Ричард Гренелл ушбу мақсадга эришиш учун Украина шарқида автоном ҳудуд яратишни таклиф қилган. Киев бу ғояни умуман қабул қилиб бўлмаслигини билдирган.

Гренелл давлат котиби ёки миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими учун даъвогар саналади, иккинчи лавозим Сенат томонидан тасдиқланишни талаб этмайди.

Кэролайн Левитт

Кэролайн Левитт Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддатида Оқ уй матбуот хизматида матбуот котибида ёрдамчи бўлиб ишлаган ва ўша вақтдаги хизматлари эвазига республикачиларнинг 2024 йилги кампаниясида матбуот котибига айланди.

27 ёшли Левитт амбицияларга эга. У 2022 йилда ўзи туғилган Ню Ҳэмпширдан конгрессменликка номзодини қўйган ва агар ғалаба қозонганида тарихдаги энг ёш конгрессвуменга айланган бўларди, аммо унинг кампанияси муваффақиятсизликка учраган.

Трампга яқин бўлган айрим манбаларга кўра, унга Оқ уй матбуот котиби лавозими таклиф этилмоқда. Бу лавозим эгаси Америка маъмуриятидаги энг таниқли шахслардан бири саналади.

Том Ҳоман

Том Ҳоман Трампнинг биринчи маъмурияти даврида АҚШ Иммиграция ва божхона назорати бўлими директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган. У чегарани ноқонуний кесиб ўтишнинг олдини олиш чораси сифатида мигрант болаларни уларнинг ота-онасидан ажратиш амалиёти тарафдори.

Ўша пайтда у мигрантлар учун бошпана шаҳарлар (яъни депортация амалга оширилмайдиган аҳоли яшаш манзиллари) ғоясини қўллаб-қувватлаган сиёсатчиларни жиноий жавобгарликка тортиш кераклигини айтганида газеталарнинг биринчи саҳифаларига чиққанди.

2018 йилда, Доналд Трамп президентлиги ўртасида, у миграция хизматидаги лавозимини тарк этади, шундан кейин мигрантларни ёппасига депортация қилиш бўйича режани ишлаб чиқишдаги муҳим фигурага айланади.

Ҳоман бу режа ҳақида октябр ойида CBS News учун интервюсида айтиб ўтганди.

Унинг сўзларига кўра, бу кварталларни ёппасига тозалаш эмас, балки тергов ҳаракатлари асосидаги мақсадли ҳибслар бўлади.

Ҳозирда Ҳоман Ички хавфсизлик вазирлиги раҳбари лавозими учун эҳтимолий номзод сифатида кўрилмоқда.

Мавзуга оид