23:47 / 06.07.2020
5154

Amazon’нинг капиталлашуви 1,5 триллион доллардан ошди

6 июлда АҚШнинг Amazon компанияси акцияси нархи 4,5 фоизга қимматлашиб, 3 минг доллардан кўпроққа етди. Шундан кейин компаниянинг капиталлашуви илк бор 1,5 трлн доллардан ошди. Бундан Nasdaq биржаси маълумотлари дарак бермоқда.

Фото: REUTERS/Pascal Rossignol

CNN телеканали маълумотларига кўра, Amazon акциясининг бундай юқори нархи биринчи марта қайд қилинмоқда.

Amazon бундай натижага эришган учинчи компания бўлди. Аввалроқ 1,5 трлн долларлик капиталлашувга яна икки компания - Apple ва Microsoft эришган эди. 

Технологик компаниялар акциялари нархи пандемия вақтида бошқа компанияларникига қараганда кучли ошди. Amazon ўз активлари орасида пандемия вақтида жуда талабгир бўлган онлайн-ритейлер ва булутли хизмат борлиги эвазига жуда тез ривожланмоқда.

Amazon интернет орқали товар ва хизматлар сотувчи дунёдаги энг йирик компания ҳисобланиб, 1994 йилда Жефф Безос томонидан ташкил этилган. Айни вақтда Безоснинг бойлиги 172 млрд долларга баҳоланмоқда. 

 

Top