Ўзбекистон | 20:29 / 09.07.2020
6116
2 дақиқада ўқилади

«Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd»нинг давлат улуши хусусий инвесторга сотилади

«Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd» МЧЖ устав капиталидаги улушнинг 57,118 фоизи «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясига ва 42,882 фоизи The Coca-Cola Export Corporation (АҚШ) компаниясига тегишли.

«Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd» устав капиталидаги давлат улуши хусусий инвесторга сотилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиб соҳага замонавий ишлаб чиқариш ва бошқарув технологияларини жорий этиш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан айнан шундай вазифа белгиланди.

“Ушбу жараённинг самарадорлиги ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Инвесторлар билан ишлашни ташкил қилиш, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида дунёнинг етакчи банкларидан молиявий маслаҳатчи сифатида JP Morgan, Rothschild & Co, Credit Suisse банклари орасидан бири танланади”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, "Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёнини умумий мувофиқлаштириш, шу жумладан биринчи босқичда компанияни баҳолаш (due diligence), сотиш стратегиясини ишлаб чиқиш, бизнес план ва молиявий модель тайёрлаш вазифалари қўйилади. Иккинчи босқичда салоҳиятли инвесторларни аниқлаш учун рақобат жараёнини ташкил қилиш, мунозараларда иштирок этиш, энг яхши таклифни танлаш бўйича маслаҳат бериш, сотиш ҳужжатларини тайёрлаш ва имзолашни ташкил қилиш хизматларини тақдим этадилар.

Маълумот учун, ҳозирги кунда “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги улушнинг 57,118 фоизи “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясига ва 42,882 фоизи The Coca-Cola Export Corporation (АҚШ) компаниясига тегишли.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид