Тошкент шаҳри ичимлик суви ва канализация тармоғи бўйича Ўзбекистон миқёсида энг яхши шароитга эга бўлса-да, пойтахтда ҳам бу борада муаммолар талайгина.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ бошқарма бошлиғи Абдуқодир Алимов билан Бўзсув оқова сув иншоотида кечган суҳбатимизда Тошкентдаги ичимлик ва оқова сув таъминотининг бугунги кун ҳолати, истеъмолчилик маданияти, бу соҳада қилинаётган ишлар ва мавжуд муаммолар ҳақида сўз борди.

«Бўзсув оқова сув иншооти» Тошкент шаҳрининг 5та тумани – Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Учтепа туманларига хизмат кўрсатади. Бу туманларда шаклланган оқова сувлар шу масканга оқиб келади. Шу ерда уч босқичли тозалашдан ўтиб, лаборатория текширувларидан сўнг Қуйи Бўзсув каналига қайтарилади.

Ўзбекистон бўйича тоза ичимлик суви билан таъминланиш 86 фоиз, оқова сув таъминоти эса атиги 17 фоизни ташкил қилади. Соҳада қилинадиган ишлар жуда кўп.

Бот-бот савол беришади: оқова сув тозаланиб, яна ичимлик суви сифатида ишлатиладими? Сув муаммо бўлган ривожланган давлатларда бундай амалиёт бор. Ўзбекистонимизда, шукрки, бунга эҳтиёж йўқ. Серсув ўлка бу. Оқова сувни ичимлик суви сифатида қайта ишлатишга ҳожат йўқ. Бизда етказилаётган сувнинг 6-7 фоизигина ичимлик суви сифатида фойдаланилади. Қолган 93-94 фоизи ирригация мақсадларида ишлатилади», – дейди Абдуқодир Алимов.

– Биз кўриб турган ушбу иншоот айни кун талабига қанчалик жавоб беради?

– Тошкент шаҳрини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 99,7 фоизни ташкил қиладиган бўлса, оқова, яъни канализация билан қамраб олиш даражаси 92 фоизни ташкил қилади. Демак, Тошкент шаҳрини канализация билан 100 фоиз таъминлаш 308 км оқова сув тармоғи қурилиши билан боғлиқ.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида 7та оқова сув иншооти бор. Асосий сув «Қодирия» ва «Қибрай» иншоотлари ҳиссасига тўғри келади. Тошкент шаҳрига бир кунда 2 млн 100 минг куб сув берамиз. Бу катта ҳажм. Қолаверса, охирги пайтларда сувга бўлган талаб ошмоқда. Биз бу ресурсларни кўпайтиришимиз мумкин, лекин ички ресурсларни қайта ишлаш керак. 2019 йили сув етказиш 92 минг кубга камайтирилди. Бунинг учун янги технологияларни қўллашимиз керак.

Абдуқодир Алимов

Биз ичимлик сувининг босимини назорат қила бошладик. Биласиз, ичимлик сувига бўлган талаб кун мобайнида ўзгариб туради. Яъни эрталаб бошқача, кечқурун ва тунги пайтларда бошқача бўлади. Биз керакли босимни беришни автоматлаштирдик. Бу натижага сув қувурларининг ичидаги босимни назорат қилиш билан эришдик.