Жаҳон | 22:04 / 09.07.2020
35333
3 дақиқада ўқилади

Сеул мэри жонсиз ҳолда топилди. У президентликка номзод сифатида кўрилаётганди

Жанубий Корея пойтахти мэри Пак Вон Сун ғойиб бўлиб қолгач, кун давомида уни қидирган полициячилар унинг жасадини шаҳар шимолидаги ўрмондан топишди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган.

Фото: Reuters

Бугун 64 ёшли Пак Вон Суннинг қизи у 5-6 соат олдин йўқолиб қолгани ҳақида хабар қилганди.

Унинг сўзларига кўра, отаси уйдан чиқиб кетган ва қайтмаган. Кетишдан олдин у «васиятномага ўхшаш» хат қолдирган, бу эса қизни ташвишга қўйган ва у полицияга мурожаат қилган.

«Ассошиэйтед пресс» агентлиги шаҳар маъмуриятига асосланиб хабар қилишича, Пак Вон Сун пайшанба куни ишга чиқмаган, шу туфайли шаҳар ҳокимлиги шу кунга белгиланган барча учрашувларни бекор қилган.

Кузатув камералари Пакни соат 10:53да, шаҳар шимолидаги Сонбук-гу тумани ҳудудидаги ўрмонга кираверишда қайд этган, унинг мобил телефонидан сўнгги сигнал ҳам шу ерда қайд этилган.

Мэрни қидириш ишларида 600 нафарга яқин полициячилар ва ўт ўчирувчилар иштирок этган, қидирув амалиётига дронлар ва полиция итлари ҳам жалб этилган.

Мэр топилгани ва шифохонага олиб келингани ҳақида миш-мишлар тарқалгач, Сеул университети шифохонаси олдида одамлар тўпланган.

AFP

Жанубий Кореянинг SBS телеканали полициядаги манбасига таяниб хабар беришича, шаҳар мэрининг котибаси уни зўравонлик қилишда айблаб, судга берганди. Телеканалнинг маълум қилишича, қиз 9 июль куни тонггача адвокати иштирокида кўрсатма берган. Унинг айтишича, мэр унга нафақат тегажоғлик қилган, балки телеграм орқали ахлоқсиз суратлар юборган.

Пак Вон Суннинг котибаси мэр кўпчилик аёлларга зўравонлик қилганини, аммо фақат у қатъият тўплаб судга мурожаат қилганини айтган ва исбот сифатида жаноб Сун билан ёзишмаларини кўрсатган.

Аммо полиция бу маълумотларни тасдиқламаган.

Бу хабарлар унинг ўлими билан боғлиқлиги аниқ эмас.

Президентликка номзод
Пак Вон Сун пойтахт мэрлигига биринчи марта 2011 йилда сайланганди. Ўтган йилнинг июлида у учинчи муддатга (қонунчиликка кўра охиргиси) қайта сайланган.

У 2022 йилги президентлик сайловларида Демократик партия номзодларидан бири бўлиши кутилаётганди.

Пак Вон Суннинг мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлиб, 1982 йилдан  адвокатлик фаолияти билан шуғуллана бошлаган.

1970-йиллар охирида у Пак Чун Хи диктатурасига қарши талабалар намойишларида иштирок этгани учун Сеул миллий университетидан ҳайдалган. Ўқишдан ҳайдалгач бир неча ойни қамоқда ўтказган.

1993 йилда у Ҳарвард университетининг юридик факультетида илмий ходим сифатида ишлай бошлаган.

Сеул мэрлиги вақтида Пак Вон Сун шаҳарни ободонлаштириш ишларида фаол бўлган.

2013 йилда у Сеул шаҳри ва шаҳар атрофига метро учун йўл ҳақи оширилишини бекор қилишга муваффақ бўлганди.
 

Мавзуга оид