Сўнгги пайтларда ички ишлар соҳаси вакилларига нисбатан турли фикрлар билдирилмоқда. Албатта, эътирозларга етарли асослар ва сабаблар бор.

Барча соҳаларда бўлгани каби ички ишлар тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилди, бироқ ҳали эътибордан чеккада қолаётган айрим масалалар борлиги кишини ўйлантиради. Бошқа соҳаларда бўлгани каби бу соҳада ҳам фидойи, садоқатли ходимлар кўп. Уларнинг меҳнатини шахсан ўзим юксак қадрлайман.

Бундан бир йил аввал мен раҳбарлик қилаётган муассасада ўғирлик бўлди. Ички ишларга ариза қилдик, улар келиб ўз вазифаларини бажаришни бошлашди. Минг афсуски, бу тизимга нисбатан жамоамизда ишончсизликдан бошқа натижага эриша олмадик. Шундан келиб чиқиб, ўғирликлар бўйича амалга ошириладиган ҳаракатларнинг тахминий йўналишини чизиб бериш мумкин.

Масалан, бир объектда ўғирлик бўлди, буни ким қилган? Бундай ҳуқуқбузарликни ким қандай содир этганини аниқлаш бўйича қанақа чора кўрилади?.. Воқеа жойига борилади, бармоқ изи олинади. Олдин ҳам шундай бўлган. Бармоқ изи чиқмаса, йўлдаги камерага тушган ёки тушмагани кўрилади. (Асосий камераларни тадбиркор қўйган. Айрим камералар эса ўрнатилганда ҳам ишламаган ёки ўта эскириб бўлган). Камерага ҳам тушмаган бўлса, ўша ҳудудда ишлатилган телефон кўтарилади. Телефон ҳам ишлатилмаган бўлса, яна ўша эски замонга қайтишади: ушбу жиноятни қилиши мумкин бўлган шахсларни олиб келиб улардан “шу жиноятни қилганмисиз”, деб сўралади. Жиноятчи “ҳа, қилганман” дейдими?.. Йўқ. Кейин қандай йўл тутилади?.. Мана, нима учун уриш, дўппослаш йўқ бўлиб кетмаяпти. Жиноятни очиш бўйича катта ислоҳот керак.

Ҳар бир ИИБ раҳбари МФЙни сифатли камера билан қамраб олиш ниятида, фақат бу ният тўлақонли амалга оширилгани йўқ. ИИБ бўлимида ҳар чоракда тумандаги муассасалардан “камера ўрнатсангиз, бизга ҳам ҳисоб беринг”, деб сўрашади. Демак, раҳбарлар томонидан камера ўрнатиш бўйича талаб борлигини англаш мумкин. ИИБ раҳбари профилактикага юклама қўяди. Профилактика инспектори тадбиркорга бориб илтимос қилади. Тадбиркор энг арзон камера қўйдиради. Уни хам хотираси йўқ ёки камера қўйдириб, ҳокимиятдан пул тушириб беринг, деб илтимос қилиб юради. Аслида эса ҳар ойдаги солиқдан орттирилган пулдан сифатли камера қўйдириш, ҳушёрликка чақирувчи паннолар учун муайян суммада пул ажратилиши керак.

ИИБ ходимлари ишлайди, лекин, фикримча, ходим сони кўп, уларнинг орасида таниш-билиш қилиб ишга кирганлари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ишга олиш жараёнидаги талабларни, синовларни шаффофлаштириш, кучайтириш керак. Шунда ходим бўламан, деган бола ўқишга ҳам кўпроқ эътибор қаратар эди.

 Яна бир масала. Нима учун “погон” таққанлар орасида ИИБ ходимининг ойлик маоши билан бошқа орган ходимларининг маоши ўртасида тафовут мавжуд? Ҳуқуқ-тартибот идораларида иш ҳақи бир хил бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Шунда табақаланиш бўлмайди. Лейтенант унвонидаги барча соҳадаги ходим ИИБдаги лейтенант билан бир хил ойлик олиши керак.