Ўзбекистон | 20:53 / 13.07.2020
18244
3 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари хусусий лабораторияларда коронавирусга тест топшириш мумкинлигини айтди. Амалиёт бунинг аксини кўрсатмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиевнинг айтишича, СЕОА таркибида 43та, хусусий сектордаги 8та лабораторияда коронавирус инфекцияси юққан-юқмаганлигини аниқлаш мумкин. Агентлик тизимидаги лабораторияларда COVID-19’га тест топшириш бепул, хусусий лабораторияларда эса пулли.

«Бугунги кунда республикамизда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги таркибида 43та лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Ушбу муассасаларда коронавирус инфекцияси юққан-юқмаганлигини аниқлайдиган 92та ПЗР лабораториялари мавжуд. Агентлик тизимидаги лабораторияларда COVID-19’га тест топшириш бепул.

Лекин ҳозирги кунда бу ишга хусусий секторни жалб қиляпмиз. Бугунги кунда 8 та хусусий тиббиёт муассасасида аҳолига пулли хизмат кўрсатилмоқда. Улар тўлов эвазига аҳолидан тест учун намуналар олиб, касаллик бор-йўқлигини аниқлаб беришади.

Тўғрисини айтишимиз керак, охири кунларда касалланиш ҳолатлари кўпайгани учун давлат секторидаги лабораторияларда хусусий секторга нисбатан тестларнинг жавобларини аниқлаш жараёни сал секинлашди. Лекин ҳар икки сектордаги лабораторияларнинг фаолият тарзи, таҳлилларнинг сифати бир хил», деди Баҳодир Юсупалиев 12 июль куни «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Ижтимоий тармоқларда вазир ўринбосари сўзларининг аксини тасдиқловчи маълумотлар тарқалмоқда.

Жумладан, Исмоил Туропов Telegram’даги Bankers.uz каналида жума куни ўзи қўнғироқлашган тўртта хусусий клиникада COVID-19’га тест олиб келган бу амалиёт номаълум сабабларга кўра тўхтатилгани ҳақида ёзди.

Тошкент шаҳрида коронавирус учун тест олишга рухсат берилган Akfa Medline, Neuro vita med, SwissLab, Tibbiyot dunyosi, Vitros Diagnostics, Genotexnologiya, Medion хусусий клиникалари вакиллари Kun.uz мухбири сўровига жавобан айни пайтда ушбу амалиёт билан шуғулланишмаётганини маълум қилишди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров Kun.uz мухбири билан телефон орқали суҳбатда хусусий клиникалар COVID-19’га тест олишни тўхтатганини уларда бунинг реагенти йўқлиги, реагентни хусусий клиникалар ҳужжат асосида сотиб олишлари, ПЗР-лабораториясининг ССВ томонидан берилган лицензияси бўлиши кераклигини маълум қилди.

Бироқ у шу пайтгача реагентсиз хусусий клиникалар қандай қилиб ушбу амалиёт билан шуғулланиб келаётгани борасида тайинли изоҳ беролмади.

«Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тизимида миллионга яқин тест захираси бор. Лекин хусусий клиникалар учун биз жавоб бермаймиз. Давлат тасарруфидаги лабораториялар икки ойда бир марта «мойка» қилиши керак. Шу сабабли икки ойда бир кун ишлашмайди», – деди Муҳаммаджон Бозоров.

1105 рақамли колл-марказ оператори COVID-19’га тест олиш ҳуқуқига эга хусусий клиникалар рўйхати борлиги, бироқ колл-марказ орқали бу рўйхатни олган фуқаролар улар тест олишни тўхтатгани ҳақида шикоят қилаётганини билдирди.

Мавзуга оид