Ўзбекистон | 20:23 / 14.07.2020
4059
3 дақиқада ўқилади

БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистон суд ҳокимияти давлат ҳокимияти амалда мустақил бўлиши учун ҳали жуда кўп ишлар қилиш кераклигини таъкидлади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 13 июль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 44-сессиясида Ўзбекистонда суд тизимида амалга оширилган қатор ислоҳотларни эътироф этиш борасида суд ҳокимияти давлат ҳокимияти амалда мустақил бўлишига учун ҳали жуда кўп ишлар қилиш кераклигини таъкидлади.

«Коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсат соҳасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилган. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган ва бундай чораларни амалга ошириш учун таъсирчан механизмлар яратилган.

БМТ Махсус маърузачисининг фикрича, ушбу амалий чора-тадбирларни том маънода мустақил ва холис одил судлов тизимини барпо этиш йўлидаги дастлабки қадамлар деб ҳисоблаш лозим. Суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишига эришиш ҳамда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолиятини ҳеч қандай асоссиз аралашувлар ва босимларсиз амалга оширишларини таъминлаш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиш керак бўлади», дейилади Олий суд сайтида эълон қилинган хабарда.

Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонда судьялар ва прокурорлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқшунослар ўз касбий фаолиятини эркин амалга оширишларини таъминлашга қаратилган бир қатор тавсиялар ҳам берган. Хусусан, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш истиқболларига тааллуқли қуйидаги тавсиялар тақдим этилган:

– суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни халқаро стандартларга мос равишда амалга оширишни давом эттириш, хусусан, халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий ҳуқуқ нормаларидан устунлигини конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўйиш;

– судлар фаолиятига бошқа ҳеч қандай органларнинг аралашмаслигига эришиш, яъни суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш;

– Судьялар олий кенгашининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ваколатларини кенгайтириш, уни шакллантириш тартибини янада мукаммаллаштириш;

– судьялик лавозимига номзодларни саралаш тартиб-таомилларини такомиллаштириш;

– судьяларнинг ваколат муддатларини қайта кўриб чиқиш;

– суд тизимида гендер тенгликни, яъни аёл судьялар ҳам тенг асосда ишлашини таъминлаш;

– прокуратура органларининг ваколатларини чеклаш;

– адвокатларнинг мақоми ва мустақиллигини мустаҳкамлаш;

– одил судлов имкониятлари ва малакали юридик ёрдамдан барчанинг, жумладан, ногиронларнинг ҳам эркин фойдаланишлари учун зарур шароитлар яратиш.

Олий суд ахборот хизматининг билдиришича, БМТ махсус маърузачисининг маърузасида қайд этилган тавсияларнинг аксарияти мамлакатимиз томонидан ўтган қисқа даврда бажарилган, тавсияларнинг қолган қисми изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Диего Гарсия-Саян 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган эди. Ташриф давомида юксак мартабали меҳмон Ўзбекистоннинг расмий доиралари вакиллари билан учрашиб, музокаралар олиб борган эди.

13 июль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада бўлиб ўтаётган 44-сессияси доирасида у Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунлари бўйича маъруза қилган. БМТга аъзо мамлакатлар делегацияларининг бевосита иштирокисиз ўтаётган Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ушбу сессияси ишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳам видео-конференц-алоқа режимда иштирок этди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид