Ҳа, юқоридаги гаплар бугунги кунда бот-бот қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Келиб тушаётган мурожаатларнинг кўпи фермер хўжаликларидан. Уларнинг арзи-доди битта: ҳоким еримни ноқонуний тортиб олди.

Шундай мурожаатлардан бири Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом тумани «Дўстлик» фермер хўжалигидан келиб тушди.

Унда айтилишича, фермер хўжалиги раиси дафн этилганидан сўнг, тупроғи совишга улгурмай, сайёр суд мажлисида «Дўстлик» ф/х ерларини туман захирасига қайтариш бўйича туман ҳокимлиги қарори маъқулланган.

Иш ҳужжатларини ўрганиш чоғимизда, судья фермер хўжалиги вакилларининг ихтиёридаги ҳужжатларни жиддий ўрганиб ҳам чиқмаган, қандай бўлмасин ҳокимнинг даъво аризасини қаноатлантириш мақсадида ёндашган, деган хулосага келиш мумкин.

Маълумот учун, «Дўстлик» фермер хўжалиги 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда жами 247,6 гектар ер майдонига эга. Шундан 100 гектари – суғориладиган ерлар. Ҳайдаладиган лалми ер 70 гектарни ташкил этади. 83 гектар яйлов. Қолгани ариқлар, йўллар, зовурлар, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари сирасига киради.

Даставвал «Дўстлик» фермер хўжалиги раисининг меросхўр фарзандларига қулоқ тутамиз. Нега меросхўрларига, деган савол туғилади. Бунинг сабабини ҳам уларнинг ўзлари тушунтириб беришди.

Ҳиссиётли мавзу ҳақида ҳисларга берилмасдан, хат-ҳужжатлар ва суд қарори асосида, томонларнинг фикрларидан келиб чиққан ҳолда сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Учқун Абдувалиев – марҳум фермер Шодиқул Абдувалиевнинг катта ўғли

«1993 йилда бу ерлар ўзлаштирилмаган, ҳарбий машғулотлар ўтказишга мўлжалланган полигон ҳудудлари эди. Кейин, отам раҳбарлигида қариндош-уруғ, бола-чақа бирлашиб, ўзлаштирдик, ерни-ер қилдик», – дейди марҳум фермер Шодиқул Абдувалиевнинг катта ўғли Учқун Абдувалиев.

Унинг айтишича, шу йил 15 апрелда юрак хуружидан вафот этган отасини дафн қилганларидан 5-6 кун ўтар-ўтмас, ҳокимлик биносида сайёр суд ташкил этилган. Унда ноқонуний даъволар илгари сурилган, туман суди эса, ҳокимликнинг даъвосини қаноатлантириш юзасидан қарор чиқарган.

Фермернинг иккинчи ўғли ҳам туман ҳокимлиги даъво аризасида кўрсатилган иддаолар асоссиз эканини таъкидлади.