Она тили ҳаммамиз учун муқаддас. Агар у муҳокама, мунозара мавзусига айланса, томошабин бўлиб туришга ҳаққимиз йўқ. Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасида “Она тили” фанига ажратилган соатларнинг қисқартирилиши масаласи билан боғлиқ турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Айрим партиялар вакиллари бу мавзу ҳамманинг кўнглига яқинлигини билиб, шовқин кўтариб, ўзини кўрсатишга уринаётгани, тўғриси, менга маъқул эмас.
Мазкур масаланинг долзарблигини ҳисобга олиб, Халқ демократик партиясининг фаоллари билан умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режаси ва лойиҳа сифатида тақдим этилган ўқув дастури билан яқиндан танишиб чиқдик. Чунки “Она тили” фанини ўқитишнинг меъёрий ва методологик асосларини таҳлил қилмасдан туриб, шошилинч фикр билдириб бўлмайди.
Ўрганиш жараёнида қандай масалаларга дуч келдик?
Биринчидан, халқ таълими вазирининг 2020 йил 25 февралдаги 52-сонли буйруғи 1-иловаси билан “Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режаси” тасдиқланган. Таянч ўқув режада она тили ва адабиёт фани учун ажратилган ҳафталик ўқув соатлари қуйидагича тақсимланган:
- 1 синфда ўқув йилининг 1-2 чоракларида ҳафтасига 4 соат “Алифбе”, 4 соат “Ёзув”, 3-4 чоракларда 4 соат “Она тили” ва 4 соат “Ўқиш” фани;
- 2-4 синфларда ҳафтасига 4 соат “Она тили” ва 3 соат “Ўқиш” фани;
- 5-6 синфларда ҳафтасига 3 соат “Она тили” ва 2 соат “Адабиёт” фани;
- 7-9 синфларда ҳафтасига 2 соат “Она тили” ва 2 соат “Адабиёт” фани;
- 10-11 синфларда ҳафтасига 1 соат “Она тили” ва 2 соат “Адабиёт” фани ўқитилади.
Агар ўқув режа таҳлилига эътибор қаратилса, ҳафталик энг кўп ўқув соати (57 соат) она тили ва адабиёт фанига ажратилган. Бошланғич синфларда “Она тили”га доир нутқий, лингвистик ва матн билиш кўникмаларини ўзлаштириш осон ҳамда самарали амалга ошади. Шунинг учун бошланғич синфларда она тилини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ. Бошланғич синфларда интеграллашган машғулотларнинг ташкил этилиши ва PIRLS, TIMSS каби халқаро баҳолаш дастурлари асосида ўқув топшириқларининг ишлаб чиқилиши ўқувчиларнинг ўқиш ва матнни тушуниш кўникмаларини ривожлантиришга янада самарали таъсир кўрсатади.
Юқори синфларда ўқувчилар ўзлаштириши лозим бўлган кўникмалар тўплами (сони) ошиб боради. Ўқиш ва ёзиш кўникмасига эга ўқувчиларнинг социолингвистик компетенцияларни ўзлаштириши учун соатлар ҳажми эмас, ўқув материалларининг йирик блоклар асосида структуралаштирилиши, уларда мустақил ўз устида ишлаш мотивациясини кучайтириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим: умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси “тилшунос” сифатида тайёрланмайди, у она тилининг адабий меъёрларини билиши, оғзаки ва ёзма нутқ малакаларига эга бўлиши талаб этилади. Ўқувчилардан фанга катта соат ажратиб, грамматик қоидаларни ёдлатиш методикаси ўзини оқламайди. Бу ҳолат тажрибада бир неча йил синовдан ўтказилди: фанга ажратилган кўплаб соатлар ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган ўқитиш методикаси ўқувчиларни она тилида саводли гапириш ва ёзишдан йироқлаштирди. Демак, фанга ажратилган соатлар ҳажми уни ўзлаштиришнинг натижавийлигини кафолатлай олмайди.









