Ўзбекистон | 21:07 / 15.07.2020
27719
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўтган 6 ой мобайнида ноқонуний олтин қазиб олиш билан боғлиқ 65та ҳолат аниқланди

Минг йиллардан буён олтин бойлик, молиявий қудрат рамзи бўлиб келмоқда. Дунё давлатларининг куч-қудрати ҳам кўп ҳолларда уларнинг мана шу қимматбаҳо табиий бойликка нечоғли эга эканликлари билан баҳоланади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 100га яқин олтин конлари мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида “Навоий кон металлургия комбинати” давлат корхонаси ва “Олмалиқ кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти қазиш ишларини олиб боради.

Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг якка тартибда олтин қазиш ишлари билан шуғулланишлари учун ҳам қонуний жиҳатдан шарт-шароитлар яратилган.

Аммо республикамизда ноқонуний равишда олтин қазиб олувчилар ҳам борки, улар асосан Навоий вилоятининг Навбаҳор, Нурота, Томди, Учқудуқ ва Хатирчи туманларида, Тошкент вилоятининг Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида ҳамда Оҳангарон туманида, Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларида учрайди.

Маълумотларга кўра, 2018-2019 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан таркибида олтин моддаси бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ 220та ҳолат аниқланган, 125 нафар шахсга нисбатан 42та жиноят иши ҳамда 276 нафар шахсга нисбатан 186та маъмурий иш қўзғатилган.

Таҳлилларга кўра, ноқонуний уюшган гуруҳлар томонидан ҳар йили кўп миқдорда олтин қазиб олиниб, қора бозор орқали савдога чиқарилади.

Энг ёмони, уларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасликлари натижасида ер ости ўпирилишлари содир бўлиб, оқибатда инсон ўлимига олиб келади. Жумладан, 2018-2019 йилларда 19 нафар шахс ана шундай вазиятда аянчли ўлим топган.

Ноқонуний қазиб олинган олтинлардан кейинчалик заргарлик буюмлари ясалади ва маҳсулот маҳаллий бозорларда сотувга чиқарилади, шунингдек, контрабанда йўли билан хорижга, асосан Ҳиндистон давлатига олиб бориб сотилади.

Жумладан, 2019 йилнинг сентябрь ойида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбир давомида 8,5 млрд сўмлик умумий оғирлиги 11 килодан ортиқ заргарлик буюмларининг Ҳиндистонга олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди.

Тадбир доирасида тилла буюмларни олиб чиқиб кетаётган 37 нафар йўловчи, шунингдек, жиноий гуруҳнинг 5 нафар ташкилотчиси ҳамда заргарлик буюмлари тайёрлаш ва қимматбаҳо металларга ишлов бериш цехларининг 11 нафар эгалари ушланди.

Жорий йилнинг 1 январидан 10 июнига қадар бўлган давр мобайнида эса ДХХ ва ИИВ саъй-ҳаракатлари билан ноқонуний олтин қазиб олиш билан боғлиқ 65та ҳолат аниқланди. Хусусан, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 25та, Томди туманида 11та, Нурота туманида 5та, Учқудуқ туманида 4та, Навбаҳор туманида 2та, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида 7та ҳамда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 11та ҳолат кузатилди. 145 нафар шахс қўлга олиниб, уларга нисбатан 4та жиноят иши ва 43та маъмурий иш қўзғатилди.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида таркибида “999” пробали, тахминий қиймати 1 млрд сўмлик 2 кг 102 гр олтин бўлган 98,5 тонна руда мусодара қилинди. Жиноят қуроли сифатида 2 та “Камаз” автомашинаси, 6 та “Нива” автомобили, 3 та “Форд” ва “Газел” микроавтобуслари олиб қўйилди.

Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида ДХХ ходимларининг ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари натижасида Тошкент вилоятининг Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари ҳамда Оҳангарон тумани ҳудудларида 26та ана шундай ҳолат фош этилди. 51 нафар шахс қўлга олиниб, уларга нисбатан 5та жиноят иши ва 18та маъмурий иш қўзғатилди.

Халқимизда кўза кунда эмас, кунида синади деган гап бор. Айни вақтда бундай ноқонуний иш билан шуғулланаётганлар жавобгарликдан қутулиб қоламан десалар, адашадилар, жиноятга жазо муқаррарлиги ҳаётнинг синалган ҳақиқатидир.

Мавзуга оид