Kun.uz мухбирлари ҳолатни ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида бўлишди. Вазиятни расмий идораларда тушунтиришдан кўра, фермерлар деҳқончилиги, меҳнатлари маҳсулини кўришимиз мақсадида далага бошлашди.

Очиғини айтиш керак, сўнгги йилларда фермер хўжаликларни тартибга олиш, оптималлаштириш мақсадида кимдандир ер олинди, кимгадир қўшилди. Ҳарқалай, бу ислоҳот билан энди хато қилмаслик, яна қайсидир фермернинг «бурнини қонатиш»га йўл қўймаслик мақсад қилинди. Шунинг баробарида, ер ўз эгасини топсин, дейилди.

Энди бир мисол. «Шаҳбоз-Жавоҳир» фермер хўжалигининг фаолияти 2019 йилнинг ёзида қайта кўриб чиқилган. Бахмал тумани ҳокими Муса Анорбоевнинг қарори билан хўжаликка қўшимча ер ажратилган. Эътибор қилинг, бу масала халқ депутатлари туман кенгашининг сессиясида муҳокама ҳам этилган. Узоқ муддатга фермер фойдаланиши кўзда тутилган.

Буни қарангки, ҳокимлик белгилаб берган ўша «узоқ муддат» атиги бир йил экан!

«Шаҳбоз-Жавоҳир» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Абдумутал Қаршиевнинг айтишича, бу ерлар хўжаликка топширилаётган вақтда янтоқзор бўлган. Сувли ер, деб ҳисоблангани билан бу ҳудудларга ариқ суви етиб келиши ҳам осон эмас. Шу сабабли аксарият хўжаликлар ўзи учун электр энергияси тортиб келган ва артезиан қудуқлари орқали экинини суғоради. Абдумутал ака ер олиб қўйилаётгани сабабли уч-тўрт йил давомида қилинган сарф-харажатга куйиб қолаётгани ҳақида гапирди.

«Ишламаётган, шартнома режасини бажармаётган бўлсак ҳам майли эди. Керак бўлса, ҳар йили қўшимча пилла ҳам топширамиз. Икки-уч кун аввал кимнингдир топшириғи билан артезиан қудуқлар учун тортиб келинган электр энергиясини узиб кетишди. Натижада, экинларимиз қуриб-қақшаб қоляпти», дейди иш бошқарувчи.