Ўзбекистон | 20:39 / 17.07.2020
24251
3 дақиқада ўқилади

Бюджет маблағлари сарфланишида қонунбузилиш ҳолатлари кескин кўпайгани маълум бўлди

Давлат молиявий назорати департаменти 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида 2584та молиявий назорат тадбирларини ўтказди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Молиявий назорат тадбирларининг асосий қисми – 2010таси (79 фоизи) бюджет маблағларини мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган бўлиб, назорат тадбирларида 81,7 млрд сўм миқдорида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади каби ҳолатлар аниқланган.

Назорат тадбирлари давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида ноқонуний сарфланган маблағларнинг 57,4 млрд сўми (70 фоизи) тегишли бюджетларга тикланиши таъминланган.

Ҳисобот даврида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликларнинг таҳлили вазирликлар бўйича қуйидагиларни ташкил этган:

  • Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 297 та назорат тадбирларининг 235 тасида 21,5 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (9 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,5 мартага ошган.
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 285 та назорат тадбирларининг 205 тасида 14,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (6,1 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,3 мартага ошган.
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 151 та назорат тадбирларининг 119 тасида 6,9 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (4,3 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 1,4 мартага ошган.
  • Маданият вазирлиги тизимида ўтказилган 170 та назорат тадбирларининг 162 тасида 2,6 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (1,4 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари қарийб 2 мартага ошган.
  • Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида ўтказилган 168 та назорат тадбирларининг 154 тасида 2 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (0,5 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 3,4 мартага ошган.
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ўтказилган 33 та назорат тадбирларининг 29 тасида 1,4 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 18 та назорат тадбирларининг 15 тасида 0,9 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (0,4 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2 мартага ошган.
  • Бундан ташқари, ҳокимликлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларида ўтказилган 85 та назорат тадбирларининг 78 тасида 4 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (2,8 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 1,4 мартага ошган.

Шунингдек, йирик миқдорда қонунбузилиш ҳолатлари Андижон (8,9 млрд сўм), Қашқадарё (8,2 млрд сўм), Тошкент (6,2 млрд сўм), Жиззах (5,5 млрд сўм), Сурхондарё (5,4 млрд сўм), Наманган (4,6 млрд сўм), Фарғона (4,4 млрд сўм) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (7,9 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикаси (5,5 млрд сўм)даги бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда аниқланган.

Бюджет қонунчилиги бузилган бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 47 нафар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари ўрнатилган тартибда 35 млн.сўм миқдорида жарима тортилган.

Шунингдек, 1 246 та назорат тадбирларида аниқланган 79,4 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Мавзуга оид