Жамият | 22:08 / 17.07.2020
5241
6 дақиқада ўқилади

Электр энергияси таъминоти: ишни пастдаги муаммоларни ўрганиб, ечим топишдан бошлашимиз керак

Аниқ эсимда йўқ, 2004-йиллар бўлса керак, Вазирлар Маҳкамасининг 511-, 512-қарорлари чиққанди. Қарорда ўша пайтдаги ишлаб турган электр ҳисоблагичларни аниқлик синфи (класс точности) 1,0 дан паст замонавий ҳисоблагичларга алмаштириш белгиланганди.

Шунга асосан Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ташкил этилиб, оммавий равишда алмаштириш бошланганди. Хонадонларга ўрнатиш учун чиқарилган DDS-28 русумидаги дастлабки ҳисоблагичлар АСКУЭ тизимига уланишга мослаштирилганди, 8 йилгача синовдан ўтказиш шарт эмаслиги кўрсатилганди.

Кўп юридик истеъмолчилар ўша АСКУЭга уланган, ҳозир ҳам ишлаб турибди.

Кейинги йилларда бошқа вилоятларни билмадим-у, бизнинг Қашқадарё вилоятида турли баҳоналар билан аҳолининг ўз ҳисобидан, ҳар хил русумдаги ҳисоблагичларга алмаштирилди ва ўрнатилди. Ўрнатгунча давлат стандартидан ўтказиш талаб қилинди.

Одамлар сарсон бўлиб Қарши шаҳрига олис қишлоқлардан электр ҳисоблагич кўтариб келиб, кун бўйи навбатга туриб стандартдан ўтказиб кетишга мажбур бўлди. Қолаверса, алмаштир-алмаштирга давлатнинг ва аҳолининг қанчадан-қанча маблағи сарф бўлди.

Ҳозир ҳам бозорларимиз ҳар турдаги электр ҳисоблагичга тўла. Шунинг учун савол туғилди: ҳозирги «ақлли» электр ҳисоблагичлар ҳисоблагичлар аҳолининг ўзи қурган янги уйларга кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?

Фақат «ақлли» ҳисоблагич ўрнатиш билан электрга ноқонуний уланишнинг олди олинадими?

Ҳисоблагичдан айланиб улаш («мимо счётчик», энергетиклар тилида), симёғочдан ҳисоблагичгача бўлган йўқотиш («потеря») ҳисобга олинганми?  

Электрга тўлов тўланиши билан базага тушадими?

Ҳозирда ўрнатилган «ақлсиз», «пластикли» ҳисоблагичлар ҳам маблағ кам қолса товуш чиқариб, огоҳлантиради. Одамлар электр ўчиб қолмаслиги учун олдиндан кўпроқ пул тўлаш ҳаракатига тушишади.

Ҳозир қайси электр тармоқ идорасига борсангиз навбатга турган одамларни кўрасиз, уларга 4–5 та компьютерда шунча ходим хизмат қилади,лекин ҳар куни шу ҳолат: одам камаймайди.

Бир вақтлар битта техник ходим ойнинг 10-санасигача тўловларни тўлиқ компьютерга киритиб бўлиб, яна шу тўловларни «Форма 23» деган китобга тушириб, назоратчилар юритадиган «Форма 22» китобини ҳам текширишга улгурарди. Бирорта одам келиб сарсон бўлганини эслай олмайман.

«Ақлли» ҳисоблагичларга алмаштириш юқоридаги муаммоларга тўлиқ ечим бўладими? Ҳамма «Click» орқали тўлов қилолмайди, тўловини қайсидир банк орқали қилади ва тўловини базага киритиш учун яна барибир электр ташкилотига бормайдими?

Аслида қаерда тўлов қилинса ҳам базадаги ҳисобга автоматик киритилиши керак. Мисол учун, мен бирор банкда тўлов қилдим, агар шу бугун тўлов қилмасам «свет»им ўчади, тўлов қилганим билан пул бирдан базадаги ҳисобимга бориб тушмайди-ку?! Мен яна тўлов қоғозимни кўтариб электр ташкилотига боришимга тўғри келмайдими?

Менинг фикрим: ҳозирча истеъмолчиларнинг тўлов қилишини осонлаштириш, сарсон бўлиб юрмасликлари учун жойларда тўлов кассаларини кўпайтириб, компьютер орқали электр тармоқдаги базага улаш, шу ернинг ўзида бир йўла пластикли ҳисоблагич карточкасини «загрузка» қилишни йўлга қўйиш керак.

Одамларнинг овора бўлиб электр таъминот ташкилотига бориши сабаби тўловини ҳисобига туширтириш, тўловлардаги чалкашликларни ечишдир.

Аҳолининг тўлов қобилиятини ошириб, ўз вақтида тўлаш маданияти шакллантириб, «виждонли» назорат бўлмаса ноқонуний фойдаланишга уриниш бўлаверади. Биздаги камчиликлардан бири ҳам шу деб ўйлайман.

Фақат электр ҳисоблагични алмаштириш муаммолар ечими бўла оладими?

Қуйи энергетика бўғинида туман электр тармоқларидан то магистрал электр тармоқларигача турли лавозимларда ишлаган тажрибамдан келиб чиқиб қуйидаги фикрларни билдирмоқчиман.

Энергетика вазири ўринбосари Ш.Хўжаевнинг айрим гапларига қўшиламан.Бизга ҳеч қандай давлатнинг эксперти ҳам, услуби ҳам унчалик шарт эмас. Ўзимиз ишни пастдаги муаммоларни ўрганиб, ечим топишдан бошлашимиз керак.

Электр ҳисоблагич масаласида эртага кимдир ўзиникини маъқуллатиб тиқиштирмаслиги учун якуний бир қарорга келиб, фақат фойдаланган энергия ҳақини ундиришни ўйламасдан, одамларни узлуксиз электр энергия билан таъминлашни яхшилаш учун кўпроқ эътиборни мамлакатни тўлиқ электрлаштириш учун 1960–1970-йилларда ўша вақтдаги истеъмолни ҳисобга олиб қурилган, ҳозирда катта юкланишда ишлаётган симлари талабга жавоб бермай қолган электр тармоқлари ва трансформаторларни янгилашга, истеъмолчилар сони ошганини ҳисобга олиб, қўшимча тармоқлар қуришга қаратиш керак.

Кейинги 2–3 йилда катта ишлар амалга оширилмоқда, лекин бир йилда амалга оширилган ишлар мавжуд электр тармоқлари ҳажмининг 5 фоизини ҳам ташкил қилмайди.

Электр энергиясини тежаш ёқилғини тежашдир, чунки қазиб олинадиган газнинг 32–35 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланар экан, халқни айниқса қишда электрдан камроқ фойдаланиши учун иссиқлик билан таъминлашни ўйлаш керак. Чунки қишлоқларда яшовчи оддий халқнинг қишда жон сақлаши учун электрдан бошқа нарсаси йўқ. Электрдан фойдаланишга лимит деган нарса ҳам режалаштирилмоқда. Бизда оилалар қишда ойига 500–600 кВт.дан кам ишлатмайди.

Президентимиз бу йил қаттиқ топшириқ бердилар, мутасаддилар бирор ўзгариш қилишади деган умиддамиз.

Олим Тўраев,
пенсиядаги энергетика фахрийси

Мавзуга оид