Жаҳон | 20:28 / 17.07.2020
103956
12 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб коронавирус инфекциясини юқтирмаслик ва уни даволаш мумкин — Шифокор Элизовдан маслаҳатлар

Блогер ва журналист Никита Макаренкога коронавирус инфекциясини даволаш усуллари ҳақида гапириб берган умумий амалиёт шифокори, терапевт Игор Элизов шундай деган:

«Ҳар куни турли касалликларга чалинган, жумладан, ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан оғриган беморларни даволайман. Жумладан, янги коронавирус инфекцияси юқтириб олган беморлар билан ҳам ишлайман.

Сўнгги пайтларда менга ҳар томондан, мессенжерлардан кўплаб саволлар келиб тушмоқда:

«Касалликка чалинмаслик учун нима қилиш керак?»

«Мабодо касалликни юқтириб олсак, у Covid-19 ёки оддий ЎРВИ эканлигини билмасак нима қилиш керак?»

«Covid-19ни амбулатор ва уй шароитларида қандай даволаш керак?»

«Қачон хавотирланишни бошлаб, касалхонага ётқизишларини талаб қилиш керак?» қабилидаги саволлар.

Келинг, бу саволларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

Энг аввало, ўзингиз учун билиб олинг, қўрқув — иммун тизимимизни сусайтирувчи энг асосий омил. Қанчалик кўп қўрқсангиз, стресс ҳолатида қанчалик узоқ қолсангиз, касалликка йўлиқишингиз хавфи шунчалик ортади. Нафақат Covid-19, шунингдек, иммунитет пасайиши фонида ўзини намоён қилувчи бошқа касалликларга ҳам.

Энди касаллик профилактикаси ҳақида. Тўғрисини тан олай, мен аҳолининг катта қисми касалликни юқтириб, вирусга нисбатан жамоавий иммунитет ҳосил қилганда пандемия тугаши ҳақидаги назария тарафдориман. Ёки бу вазиятни аҳолини оммавий эмлаш орқали  бартараф қилиш мумкин.

Бироқ мен жамоавий иммунитет бизда жуда қимматга тушишини жуда яхши тушунаман: кимдир отасини, онасини, бобо-бувисини, эрини, хотинини, Худо кўрсатмасин, фарзандини йўқотади.

Шу сабабли, эпидемиологлар ва вирусологлар аллақачон яратилган ва сўнгги клиник синовлардан ўтаётган вакцина устида фаол иш олиб боришаётганида, келинглар, коронавирус инфекциясининг енгил ва ўртача оғир даражасини даволаш борасида бир қатор профилактика чораларини ўзимиз учун аниқлаштириб оламиз.

Профилактик чора сифатида биз москвалик ҳамкасбларимиз билан шундай хулосага келдикки, барча жойда реклама қилинаётган интерфероннинг индуктори сезиларли натижаларни бермайди, шунинг учун ундан профилактика мақсадларида фойдаланишни унутинг. Бу билан сиз ўз иммунитетингизга ёрдам бермайсиз, фақат ўзингизни тинчлантирасиз, дори ишлаб чиқарувчиларни эса бойитасиз.

Масалан, D3 витаминини (суткасига 5000 бирлик дозасида) қабул қилиш яхши натижаларга олиб келади. Covid-19 билан ишлайдиган ва бу витаминни ҳар куни белгиланган дозада қабул қиладиган ҳамкасбларимнинг аксарияти, Худога шукр, шу кунгача касал бўлишмади.

Жуда кўп такрорланаётган яна бир муҳим жиҳатни тилга олиб ўтмасак бўлмайди: кўчаларда, дўконларда ва одамлар тўпланадиган бошқа жойларда инсонлар билан алоқани камайтириш жуда муҳим. Негалигини тушунтириб бераман.

Чунки коронавирус инфекцияси қай даражада оғир кечиши вирус юкламаси деган нарсага боғлиқ. Агар сиз касал бўлган ёки касалликни симптомларсиз ташувчига дуч келган бўлсангиз, сиз ҳам касалликни симптомларсиз ёки енгил ўтказишингиз эҳтимоли юқори. Ҳаттоки, умуман юқтириб олмаслигингиз ҳам мумкин. Лекин узоқ вақт мобайнида бир неча киши билан мулоқотда бўлсангиз, сизга нисбатан вирус юкламаси юқори бўлади ва табиийки, касалликнинг оғир кечиш эҳтимоли ҳам ортади. Жумладан, коронавирусли зотилжам кўринишида ҳам, афсуски, барча саъй-ҳаракатларимизга қарамасдан, унинг қандай кечишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Шунинг учун яна бир бор такрорлайман, имкон қадар одамлар тўпланадиган жойлардан йироқроқ юринг. Дўкон, бозор, савдо расталари сингари одам гавжум жойларга борганингизда ниқоблар ва респираторлардан фойдаланинг.

Ҳа, яна бир бор сийқаси чиққан масала, ниқоб тақиш ҳақида гапирмоқдаман: уни тақиш керакми ё тақмаслик?

Ҳа, ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмайди. Бироқ коронавирус инфекцияси ташувчиси ниқобдан фойдаланганида, унинг вирусни бошқа одамга юқтириш эҳтимоли бир неча мартага камаяди.

Шунинг учун ниқоблар мабодо сиз симптомсиз, коронавирус инфекциясининг ташувчиси бўлсангиз ҳамда ўзингиз бундан бехабар бўлсангиз, вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимолини кескин камайтириш учун керак.

Келинг, энди сизда тана ҳароратининг кўтарилиши каби аломатлар бўй кўрсатса нима қилиш ҳақида гаплашамиз.

Бунда тана ҳарорати 37, 37.2, 37.5 каби субфебрил кўрсаткичларда ёки юқори кескин 38-39 даража бўлиши мумкин. Томоғингиз оғримоқда, бурнингиз битди, йўталяпсиз.

Биринчидан, тинчланинг. Дарҳол коронавирус юқтириб олдим, деган хаёлга бормаслик керак. Одатдаги ўткир респираторли вирусли инфекцияларни ҳаттоки Ўзбекистоннинг иссиқ иқлимида ҳам ҳеч ким бекор қилгани йўқ.

Нима қилиб бўлса ҳам, пульсоксиметр деб аталувчи қурилмани топинг. Бу қонингизни кислород билан тўйинганлик даражасини кўрсатувчи оддий гаджет. Унга шунчаки бармоғингизни киритасиз ва бир неча сониялардан сўнг у қоннинг кислород билан тўйинганлик даражасини кўрсатади. Меъёр 96-98 фоиз бўлиши лозим.

Бу қурилма сизнинг бугунги кундаги асосий гаджетингизга айланиши керак. Нега? Чунки ҳар куни қонингизнинг кислород билан тўйинганлик даражасини мониторинг қилиб борсангиз, унинг меъёрда эканлигини кўриб турсангиз, бу ҳам сиздаги стресс даражасини пасайтиради.

Агар қонингиздаги сатурация 96 фоиздан кам бўлса, бу «тез ёрдам» чақириш ва касалхонага йўл олиш учун сабабдир, чунки ўпкангиз нотўғри ишлаётган бўлади. Яъни пульсоксиметр ёрдамида ўпкангиз қанчалик тўлақонли ишлаётганини кузатиб турасиз. Чунки Covid-зотилжам кўп ҳолларда аломатларсиз кечади. Сизда балғам кўчиши билан кечувчи йўтал, нафас қисиши, терлаш каби классик аломатлар бўлмайди. Яна бир бор қайтараман: пульсоксиметр ўпкангиз қанчалик тўлақонли ишлаётганини кўрсатади.

Энди эслаб қолинг: Covid-инфекциянинг энг муҳим ва энг кўп учрайдиган белгиларидан бири бутун тана бўйлаб тарқаладиган мадорсизлик, кучли зирқираш ва оғриқ кўринишида бўй кўрсатувчи кучли интоксикациядир. Беморларнинг кўпчилиги бу ҳолатни уларни кун бўйи кимдир таёқ билан савалагандек қилиб тасвирлаб беришди. Яъни оғриқ шунчалик кучли бўлган.

Сўнгра сизни кўрикдан ўтказиши ва ўткир тонзиллит (ангина), фарингит ва юқори нафас йўлларининг бошқа касалликларини рад этиши ёки тасдиқлаши учун уйингизга шифокорни чақиринг.

Чунки ангинада тана ҳарорати жуда кўтарилади, интоксикация белгилари, яъни танада зирқираш вужудга келади. Бундай белгиларни шифокор маслаҳатисиз Covid инфекциясининг аломатлари билан адаштириб юбориш жуда осон.

Энди симптоматик терапияни бошланг.

Агар қуруқ ёки ҳўл йўтал бўлса, «Аскорил» препаратини ичинг. Кунига уч марта 1 таблеткадан.

Томоқ оғриса, ҳаттоки қичишса, томоқда бирор нарса тиқилиб тургандек туюлса, томоқни «Фурацилин» эритмаси билан имкон қадар тез-тез чайинг. Тушунтираман: бу вируснинг қуйи нафас йўлларига тушиш ва зотилжамни чақириш эҳтимолини камайтиради.

Тана ҳароратини пасайтирувчи препаратлар — «Парацетамол» ёки «Ибупрофен», агар тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлса. Агар тана ҳарорати 38 даражагача бўлса, уни туширишга ҳаракат қилманг. Ушбу ҳароратда табиий интерферонлар ва интерлейкинлар синтезланади, яъни иммун жавоб ҳосил бўлади. Иммунитетингизга вирусни енгиш учун ўзи ҳаракат қилишига қўйиб беринг.

Кейинги препарат — фаол модда Дипиридамол, савдодаги номи «Курантил». Жуда машҳур препарат. Дозаси 0,25 мг. Кунига 3 маҳал битта таблеткадан ичинг. Бу бевосита ёки билвосита антикоагулянт бўлмаган, яъни қонни суюлтирувчи препарат эмас. Чунки бевосита ёки билвосита антикоагулянтларни уй шароитида қоннинг ивишини назорат қилмай туриб қабул қилиш хавфли. Чунки кўпчиликда ушбу препаратларни ичиш ман этилган сурункали касалликлар бўлиши мумкин.

Дипиридамол ёки «Курантил» реалогиянинг, яъни майда қон томирларини кенгайтириш орқали қон оқувчанлигини яхшиланишига билвосита таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, у интерфероннинг индукторидир, яъни вирусли инфекцияларга қарши ноодатий чидамлиликни оширади. Жуда фойдали препарат.

Кейингиси — кўп суюқлик ичиш. Бу жуда муҳим, чунки ҳар қандай вирусли инфекцияда кўп суюқлик ичиш интоксикация белгиларини камайтиради, шунингдек, қоннинг реалогиясини (оқувчанлигини) яхшилайди, уни суюлтиради.

Кейингиси жуда муҳим. Агар тана ҳарорати симптоматик терапияга қарамасдан беш ва ундан ортиқ муддатга юқорилигича сақланиб турса, шунингдек, 5 кундан кейин сизда иситма йўқолиб, икки-уч кун ўтиб яна пайдо бўлса, бу ўпканинг компьютер томографияси (КТ) ни ўтказиш учун сабабдир.

Агар ўпкангизнинг КТ текширувида хира ойна туридаги зотилжам юзага чиқса, бу юз фоизли Covid-19дир. Бунга асло шубҳа қилманг.

КТ таснифига кўра, Covid зотилжами тўрт босқичга бўлинади: KT1, KT2, KT3, KT4. KT1 ва КТ2 уйда даволанади. КТ3 ва КТ4да касалхонага ётқизиш талаб этилади. Яъни хулосага кўра, сизда 1 ва 2-босқич бўлса, стационарга боришга ҳаракат қилманг. Кераги йўқ. Юқорида айтиб ўтилган барча препаратларни қабул қилишда давом этинг ва антибиотик қўшинг: 6 кун давомида «Азитромицин», бир суткада 500 мг.

Ҳа, ҳозир кўпчилик «Қанақасига? Антибиотик ва вирусли инфекция бир бирига мос келмайдиган нарсалар-ку?» деб эътироз қилиши мумкин. Антибиотик коронавирус инфекциясини даволамайди! Антибиотик иммунитетнинг кескин пасайиши фонида Covid зотилжам кечишининг оғирлашувини келтириб чиқариши мумкин бўлган бошқа бактериал инфекцияларнинг организмга қўшилишига тўсқинлик қилади.

Келинг, энди айтилганлардан хулоса қиламиз.

1. Энг муҳими — тинчланинг ва стресс даражасини камайтиришга ҳаракат қилинг.

2. Пульсоксиметр. Бу сизнинг асосий гаджетингиз. Бугунги кунда у смартфон, планшет ва бошқа нарсалардан муҳимроқ бўлиши керак. Чунки сиз ҳар куни ўпкангиз қандай ишлаётганини кузатиб, хотиржам бўлишингиз мумкин.

3. Суткасига 5000 бирлик дозадаги D3 витаминини ичиш шаклидаги профилактика. Ҳар куни!

4. Одамлар кўп йиғиладиган жойларга боришни камайтириш.

5. Ниқоб, респиратор, қўлқоп каби шахсий ҳимоя воситаларига эътиборсиз бўлмаслик. Уларни қўллашга аҳамият беринг, бу ўта муҳим. Ишонинг!

Энди даволаниш бўйича.

6. Агар йўталаётган бўлсангиз кунига уч марта «Аскорил» таблеткасини ичинг.

7. Томоқда оғриқ ва бироз ўнғайсизлик сезилганида томоқни чайиш.

8. Кунига 0,25 мг.дан уч марта Дипиридамол («Курантил») ичиш.

9. Кўп суюқлик ичиш.

10. Агар беш кун ва ундан ортиқ вақт давомида тана ҳарорати юқори  бўлиб турса, шунингдек иситма тушганидан 1-3 кундан сўнг яна чиқса ўпкани компьютер томографиясида текширтириш. 

11. Шундан сўнг КТ босқичига қараб уйда даволаниш ёки шифохонага ётиш.

12. Агар уйда даволансангиз, «Азитромицин»ни қўшинг. Препаратнинг асл номи «Сумамед» деб аталади. Суткасига 500 мг, 6 кун мобайнида.

Биз барчасини енгамиз ва соғлом бўламиз. Барчага хайрли кун».

Мавзуга оид