Жаҳон | 10:14 / 19.07.2020
8899
2 дақиқада ўқилади

Британия коронавирусдан ўлимлар статистикасини эълон қилишни тўхтатди

Бунга Англиядаги кунлик ўлимлар сони Бирлашган Қиролликнинг бошқа қисмларидаги маълумотлар билан таққослаганда янглишишларга олиб келиши хавотиридир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоблаш усулларини қайта кўриб чиқмоқчи.

Фото: Christopher Furlong / Getty Images

Буюк Британия коронавирус инфекцияси оқибатида рўй берган ўлимларнинг кунлик сони бўйича статистикани эълон қилишни вақтинчага тўхтатади. Бу ҳақда ҳукумат сайтида хабар қилинган.

«Ҳозирги кундаги кунлик статистика коронавирус тести мусбат чиққан барча беморларнинг ўлими бўйича маълумотларни ўз ичига олади», дейилади баёнотда. Шу билан биргаликда, ҳукуматнинг қайд этишича, тест ўтказилган вақт ва ўлим қайд этилган вақт оралиғи ҳисобланмаяпти, шу туфайли кунлик ўлимларнинг аниқ сони чалкашаётган бўлиши мумкин.  Бу муаммо ҳал қилинмагунча кунлик ўлимлар сонини эълон қилиш тўхтатиб турилади.

Reuters нашри хабар беришича, Соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Ҳэнкок ўлимлар сонини ҳисоблаш методларини қайта кўриб чиқишга топшириқ берган. Буюк Британия соғлиқни сақлаш департаменти қошидаги ходимларнинг тадқиқоти хулосаларида Англияда эълон қилинаётган кунлик ўлимлар сони Бирлашган Қиролликнинг бошқа қисмларида эълон қилинаётган ҳолатлар билан таққослаганда ҳаддан ташқари кўплиги маълум бўлгач, вазир шундай қарорга келган.

Олимларнинг айтишича, коронавирусга тести мусбат чиққанлар «ҳатто уларда юрак хуружи ёки уларни автобус уриб кетганида ҳам» ўлимлар коронавирусдан ўлимлар статистикасига киритилмоқда.

Мавзуга оид