08:02 / 19.07.2020
20331

Олимлар 100 йил давомида изланган металл емирувчи бактерияни тасодифан топиб олишди

Олимлар бир асрдан кўпроқ вақт мобайнида мавжуд деб билинган, аммо мавжудлиги исботланмаган металл еювчи бактерияларни тасодифан топиб олишди. Бактерия Калифорния технология институти (Caltech)да бўрга ўхшаш марганец тури билан ўтказилаётган бир тажриба пайтида топилган.

Фото: Getty Images

CNN хабарига кўра, доктор Жаред Лидбеттер экспериментдан кейин марганец юқи теккан банкани сув билан тўлдирган ва бир неча ойдан кейин талабалар шаҳарчасига қайтиб келганида идиш қоп-қора модда билан қопланганини кўрган.

«Ўша кун «Бу нима?» деб ўз-ўзимга савол бердим. Бу узоқ вақтдан бери қидирилаётган микроблар билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйладим. Буни аниқлаш учун мунтазам равишда синовлар ўтказдик», деди Доктор Лидбеттер матбуот анжуманида.

Тадқиқотчилар кейинчалик ушбу қора модданинг оксидланган марганец эканлигини ва у катта эҳтимол билан муслук сувидаги бактериялар туфайли пайдо бўлганини аниқлашди.

Доктор Лидербеттер «Бу жонзотларнинг ер ости сувларида қариндошлари борлиги ҳақида далиллар мавжуд», деди ва улар яшайдиган Пасадена шаҳри сувларининг бир қисми ер ости суви эканини айтди.

Тадқиқот натижалари Nature Journal’да эълон қилинди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу марганецни энергия манбайи сифатида ишлатадиган биринчи бактериядир.

«Табиатдаги микробларнинг ажойиб хусусиятларидан бири шундаки, улар ўз энергияларини ғайриоддий моддалардан олишлари мумкин», деди Лидбеттер.

Янги тадқиқот ушбу бактерияларнинг карбонат ангидридни биомассага айлантирадиган кимёсинтез учун марганетсцдан фойдаланишини аниқлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ихтиро уларга марганецоксиди мавжуд ер ости сувлари ва сув тизимларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Доктор Лидбеттернинг айтишича, атроф-муҳит муҳандислигида ичимлик суви тармоқларининг марганецоксиди билан тўлиб қолишига оид кўплаб адабиётлар мавжуд. Аммо уларнинг қандай пайдо бўлиши сирлигича қолаётганди. Кўплаб олимлар бу ҳолатга марганецни энергия манбайи сифатида ишлатадиган бактериялар сабаб бўлиши мумкин, деб тахмин қилишган, аммо ҳозиргача бу борада далиллар йўқ эди.

Олимларнинг таъкидлашича, ушбу ихтиро ёрдамида денгиз тубидаги грейфурт ҳажмидаги «марганец тугунлари» деб номланувчи металл тўпларнинг сири ҳам очилиши мумкин. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ушбу тўплар таркибида ноёб металлар мавжудлиги сабабли улар океан тубидан топиб, олиб чиқилади.

Top