ДХА директори ўринбосари ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга жавоб берди
Давлат хизматлари агентлиги директорининг ўринбосари Нўъмон Мухаммадиев ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган саволларга жавоб берди. Агентлик ахборот хизматининг маълум қилишича, онлайн-мулоқот ДХАнинг Facebook’даги расмий саҳифасида бўлиб ўтган.
«Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари томонидан 14 июль куни ўтказилган видеоселектр йиғилишида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тушган саволларга жавоб бериб бориш вазифаси белгиланган эди. Шу топшириқдан келиб чиққан ҳолда Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Мухаммадиев барчани онлайн мулоқотга чорлади.
Онлайн мулоқотда давлат хизматлари ва ФҲДЁ соҳаларига оид муаммоларни ўзбекистонликлар бевосита ДХА директори ўринбосари билан биргаликда муҳокама қилишди. Мулоқот давомида Нўъмон Мухаммадиев дастлаб ижтимоий тармоқларда соҳага оид кўп учраётган саволларга тўхталиб ўтди. Сўнгра виртуал маконда фуқароларимиз йўллаган саволларга батафсил жавоб берилди», дея агентлик директорининг матбуот котиби Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
ДХА онлайн мулоқот давомида фуқаролардан келиб тушган айрим саволлар ва уларга берилган жавобларни маълум қилди.
– Никоҳдан ўтиш мақсадида турмуш ўртоғим билан бирга ФҲДЁ органига онлайн ариза бериб, тиббий кўрикдан ўтдик. Эндиликда республика бўйлаб карантин ҳолати кучайтирилди. Карантин чоралари юмшатилгунча бизнинг олган тиббий маълумотномаларимиз нима бўлади? Карантин чўзилиб кетса, яна қайтадан тиббий кўрикдан ўтамизми?
– Давлат хизматлари агентлиги аҳолимизга янада қулайлик яратиш мақсадида никоҳни қайд этиш бўйича аризаларни онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали юбориш имкониятини яратди. Бунда ариза берувчилар ўзларининг электрон рақамли имзоси орқали аризаларни тасдиқлаб ваколатли органга юбориши керак. ФҲДЁ органи ариза асосида никоҳга кирувчиларга тиббий кўрикка йўлланмани тақдим этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарорига мувофиқ, никоҳланувчилар ариза билан мурожаат этган кундан кейин никоҳ ФҲДЁ органи томонидан бир ой муддатда қайд этилади. Юқоридаги қарорга асосан никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек, ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.
– 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб амалга киритиладиган янги тартибга асосан Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтишни расмийлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилиш мумкин. Кейинчалик қандай қилиб паспортимга рўйхатдан ўтганлик штампини қўйдирсам бўлади?
– 2020 йил 22 майдаги ҳукумат қарорига мувофиқ 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқароларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатларига рўйхатга олиш штампини босиш бекор қилинмоқда. Бунда ички ишлар органлари томонидан паспортга қўйиладиган шатмп ўрнига фуқаронинг доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги акс эттирилган, QR-код қўйилган қайд варағи расмийлаштирилади.
– Кўп қаватли уйда турамиз. Уйимиз атрофидаги дарахтлар ўсиб, уйларнинг ойналарни синдириш хавфи туғилмоқда. Шунингдек, шу дарахтларнинг бир қисми қуриган бўлиб, улар болалар майдончасида ўйнаётган болаларга зарар етказиши мумкин. Шунинг учун биз бу дарахтларга шакл бериб, қуриган қисмларини кесмоқчимиз. Аммо дарахт кесишга мораторий эълон қилинган, биз қандай қилиб бу муаммони ҳал қилишимиз мумкин.
– 2019 йил 30 октябрдаги президент фармонига мувофиқ ўрнатилган мораторий табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга жорий этилмаслиги белгиланган.
Бунда юқоридаги ҳолатларда дарахт кесиш бўйича рухсатнома олиш учун умумий тартибда давлат хизматлари маркази ёки электрон равишдаорқали мурожаат қилиниши мумкин.
Бунда ариза берувчилар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича сўровномада кесиладиган дарахтлар ва буталарнинг тури ва сони, дарахтлар ва буталар жойлашган жой (туман, кўча, уй) ҳамда уларни кесишдан мақсадни кўрсатади.
Ваколатли орган (туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ва Давлат экология қўмитаси органлари) жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича берган сўровномаларини 6 (олти) иш куни давомида кўриб чиқиб, дарахт кесишга рухсатнома беришни ёки уни рад қилишни ҳал қилади.
Мавзуга оид
18:06 / 27.09.2023
Тошкент шаҳар адлия бошқармасига янги раҳбар тайинланди
16:35 / 16.01.2023
Давлат хизматлари марказларининг барча ресурслари фуқароларга ёрдам режимига ўтказилди
08:57 / 28.11.2022
Статистика маълумотларини давлат хизматлари марказлари орқали олиш йўлга қўйилади
14:50 / 16.09.2022