Ўзбекистон | 19:12 / 20.07.2020
6904
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими тизимидаги 50 минг нафар ходим Coursera платформасида бепул таълим олиши мумкин – ХТВ

Coursera платформасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари ва ташкилотларининг 430 та йўналишлар бўйича 3800 турдаги ўқув курслари мавжуд. Халқ таълими тизимидаги 50 минг нафар ходим, ўқитувчилар ва юқори синф ўқувчиларининг ана шу курсларда бепул таълим олиши учун имконият яратилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги.

«Халқ таълими вазирлиги ҳамда Coursera ташкилоти (АҚШ) ҳамкорлигида Coursera Workforce Recovery дастури доирасида таълим тизимида фаолият кўрсатиб келаётган ходимлар, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари учун бепул онлайн ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Аксарият курслар ва мутахассисликларда таьлим олиш одатда обуна асосида ойига 39-79 АҚШ долларини ташкил этади. Онлайн курслар инглиз ёки рус тилларида олиб борилади.

Дастур доирасида мактаб битирувчилари ва юқори синф (10-11-синфлар) ўқувчиларини келажакда касбга тайёрлашда қўшимча зарур билимларни эгаллашлари учун Coursera платформасида мавжуд фойдали курслар рўйхати шакллантирилади ҳамда улар бўйича онлайн таълим олишлари таъминланади», дейилади ХТВ ахборот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, Coursera онлайн курсларини муваффақиятли тугатган мамлакатимиз ўқитувчи ва ўқувчилари халқаро миқёсда тан олинган сертификатларга эга бўлишлари ҳамда бу орқали қўшимча даромад топишлари мумкин.

«Ушбу сертификат дунёнинг ривожланган давлатларида, хусусан, АҚШ, Канада, Австралия ва кўплаб Европа мамлакатларида тан олинади.

Турли мутахассисликлар бўйича халқаро сертификатни қўлга киритган тингловчилар нафақат касбий ривожланиш йўлида илғор қадам қўйган бўладилар, балки онлайн freelancing платформалардан фойдаланган ҳолда ўз даромадларини ошириш имкониятига ҳам эга бўлишлари мумкин. Халқаро сертификатлар билан Preply, Fiver, Upwork ва шу каби freelancing платформаларида қўшимча даромад топиш мумкин.

Мазкур курсларда таълим олиш учун тингловчилардан инглиз тили ёки рус тилини билиш даражаси камида B1 бўлиши талаб этилади», дея ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Coursera платформасида бепул таълим олиш истагидаги халқ таълими тизими ходимлари, ўқитувчилар, шунингдек, ўқувчилар ушбу ҳавола орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Қўшимча маълумот мана бу ерда.

Мавзуга оид